Ҳоким ёрдамчилари фаолиятига оид интернет сайти ташкил этилди

    64 та маҳаллаларга тайинланган ҳоким ёрдамчилари томонидан сўровнома жараёнларини энди сайтда ҳам кўриш мумкин.

    Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 январь куни маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида мутасаддилар маҳаллада ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиб, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга шахсан масъул бўлиши кўрсатиб ўтилди.

    Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари “темир”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари доирасида ўз маҳаллаларида ўрганишлар ўтказиб, ижтимоий реестрни қайтадан янгилаши лозимлиги таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, белгиланган топшириқларни сифатли бажариш мақсадида Янгийўл туманида махсус интернет сайти ташкил этилди.

    Мазкур электрон платформа ёрдамида ҳозир ҳудудда аҳоли муаммолари ва хатлов жараёнларидаги сўровномаларни тўғридан-тўғри онлайн тарзда олиб борилмоқда. Сўровнома давомида ўрганилаётган ҳар бир муаммо ва таклифлар тезкорлик билан таҳлил этилиб, электрон манбага киритиляпти.

    Айни пайтда Янгийўл туманидаги мавжуд 64 та маҳаллаларга тайинланган ҳоким ёрдамчилари томонидан сўровнома жараёнларини энди сайтда ҳам кўриш мумкин. Бу орқали кун давомида ким қанча муаммоларни ўрганиб, қайси фуқаролар билан суҳбат олиб борганидан ҳам бохабар бўлиб бориш имконияти мавжуд.

    Тошкент вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати