баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Ҳоким ёрдамчиси қандай масалаларга масъул?

    Ўтган ҳафтада мамлакатимизда илк бор Гулистон шаҳар ҳокимлиги 24 та маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими учун очиқ танлов эълон қилди.

    — Ҳар бир маҳаллага олий маълумотли, иқтисодиёт соҳасида камида 2 йил меҳнат стажига эга бўлган, ҳудуднинг шарт-шароитини яхши биладиган, тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларнинг бизнес лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тажрибасига эга бўлган шахс мазкур танловда иштирок этиши мумкин, — дейди Гулистон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғайрат Ботиров. — Ҳоким ёрдамчилари маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш жойларини яратишга масъул бўлади, ер, кредит, инфратузилма, касбга ўқитиш ва бошқа зарурий кўмак бериш тизимини йўлга қўяди, ўз “бюджети” бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш, жамоат ишларига жалб қилишни ташкиллаштиради.

    Тадбиркорлик субъектларининг бизнес лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, мавжуд муаммоларини “мижозбай” ўрганиш ҳамда ҳал этиш орқали ишбилармонлик фаолиятини кенгайтиришга ҳам амалий ёрдам кўрсатади.

    Табиий равишда савол туғилади. Ҳоким ёрдамчилари зиммасига  масъулияти масалалар юкланаётган экан, уларни  амалга оширишда қандай дастакларга таяниши кўзда тутиляпти?

    — Биринчи навбатда, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ҳар бир маҳалладаги хонадонларга ва янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига молиявий кўмак бериш учун ажратилган кредит ресурслари лимити ҳоким ёрдамчилари ихтиёрида бўлади, —  дейди Ғайрат Ботиров. — Мисол учун, маҳаллага ушбу дастурга асосан, ажратилган маблағлар ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар беради,  томорқасидан самарали фойдаланиш учун, экинларни экишда кўчат, ўғит, иссиқхона, сув масалаларини ҳал этишга ёки ҳовлисида паррандачиликни йўлга қўйишга кўмаклашади.

    Ҳоким ёрдамчиларига амалий ёрдам бериш мақсадида, иқтисодиёт идоралари ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилади. Бу маҳалла муаммоларини эрта аниқлаш ва ечим топишда катта имкониятлар яратиб беради.

    Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ишсизлар учун асбоб-ускуналар ва мини технологиялар харид қилишга, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига фуқароларни жалб этиш учун бериладиган субсидия купонларини тақсимлаш, “Ижтимоий шартнома”ларни имзолаш ҳамда уларнинг шартлари бажарилишини таъминлаш каби ишлар ҳам ҳоким ёрдамчисидан иқтисодий малака ва ҳаётий тажрибани тақозо этади.

    Шу боис ҳоким ёрдамчилари иқтисодиёт, инвестиция, ҳокимият идораларида ишлайдиган билимли ва шижоатли ёшлар орасидан танланади ҳамда 2 ой давомида янги тизим асосида ишлашга ўқитилади.

    Қайд этиш жоиз, Гулистонда бу лавозимга қизиқиш катта бўлмоқда. Танлов эълон қилганига ҳали бир ҳафта ҳам бўлмасдан, иштирокчилар сони қирқ нафарга етиб қолди. Танлов жараёни давом этяпти. Ўз номзодини қўйганлар орасидан ҳар бир маҳаллада ишлайдиган ҳоким ёрдамчиси лавозимига холислик ва шаффофлик асосида энг муносиблари саралаб олинади.

                                                                                                        Рауф Нуруллаев

    No date selected
    October 2021
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates