Ҳудудларга “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам автомашиналарини етказиб бериш бошланди

    Саломатлик 24 сентябр 2021 1138

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Жиззах автомобил заводи ўртасида тез тиббий ёрдам машиналарини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланганди.

    Бугун, 24 сентябрь куни, мазкур шартномага мувофиқ юртимизда ишлаб чиқарилган А тоифали “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам автомашиналарининг биринчи босқичини ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги тез тиббий ёрдам шахобчаларига етказиб бериш бошланди.

    Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов сўзга чиқиб, тез тиббий ёрдам хизматига топширилаётган ушбу автотранспорт воситалари тизим фаолиятини янада ривожлантириш, бу орқали аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини беришини айтиб ўтди.

    Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда юртимизда тиббиётнинг энг муҳим йўналиши бўлган тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш, замонавий тиббий техника ва транспорт воситалари сонини янада ошириш, соҳа амалиётига энг сўнгги илмий-техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда.

    Айниқса, мазкур хизматни энг сўнгги русумдаги ва барча қулайликларга эга бўлган замонавий автотранспорт воситалари билан таъминлаш борасидаги кенг қамровли чора-тадбирлар кечиктириб бўлмайдиган вазиятларда кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини бераётир.

    Бу борада рақамларни таҳлил қилсак, биргина ўтган 2020 йилда Тошкент шаҳар “Тез ёрдам” станциясига 150 дона “Форд” русумли реанимацион тиббий аппаратлар билан жиҳозланган автомашиналар харид қилинди.

    Ваҳоланки, бундан тўрт йил аввал ушбу тизимда реанимобиллар сони атиги 24 та эди. Бугун эса “Тез ёрдам” хизматидаги 435 та реанимобиль халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиб, 13 минг нафар аҳолига битта автомашина тўғри келмоқда. Эътиборлиси, бу рақам ҳам бундан бир неча йил аввал 15 минг нафардан иборат эди.

    Соҳадаги муҳим ўзгаришлардан яна бири шуки, кейинги йилларда “Тез ёрдам” бригадалари дислокацияси қайта кўриб чиқилиб, аҳоли яшаш пунктларига янада яқинлаштирилди.

    Натижада ўтган тўрт йил давомида хизмат кўрсатиш радиуси 15-20 километрдан 9-12 километрга қисқарди.

    Шу билан бирга, “Тез ёрдам”нинг кечикиши 10-12 фоиздан 1-2 фоизгача камайди.

    Яъни, 2016 йилда чақириқларга етиб бориш вақти ўртача 25-30 дақиқа бўлган бўлса, ҳозирга келиб, бу рақам атиги 8-12 дақиқани ташкил қилмоқда.

    Эътиборлиси, “Тез ёрдам”га янги “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам машиналарининг топширилиши соҳадаги ижобий ўзгаришларнинг мантиқий давоми бўлиб, бу ўз навбатида тизимда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва уни халққа янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

    Мазкур замонавий автомашиналар мамлакатимизнинг барча ҳудудларига тенг тақсимланади ва ушбу хизматнинг автотранспорт паркидаги эски “Damas” автомашиналарини алмаштиради.

    Айтиш мумкинки, энг сўнгги ва замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган ушбу автотранспорт воситалари халқаро талабларга тўла мос келиб, унинг ички қисми бемор ва тиббий ходимларнинг қулай жойлашиши имконини беради. Қолаверса, амбуланс айнан қайси тиббий йўналишда фойдаланилишига қараб жиҳозланиши мумкин.

    Шунингдек, мазкур автомашиналар шаҳар шароитида ҳаракатланиш бўйича юқори техник кўрсаткичларга эга бўлиб, ўтувчанлиги, ишончлилиги ҳамда тежамкорлиги билан алоҳида ажралиб туради. Энг муҳими, ушбу машиналарда ҳаракатни тўхтатмай туриб ҳам беморга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги
    Матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates