Ҳужжатнинг мақсади қурилишни комплекс ривожлантириш ва режалаштириш, қурилишни лойиҳалаштириш сифати ва даражасини ошириш, шунингдек, пойтахтнинг меъморий-лойиҳавий қиёфаси ва инфратузилмасини яхшилашдан иборат.
Ҳужжатда барча қурилиш ишлари бош режада белгиланган тартибда амалга оширилиши, ҳудуднинг мастер-режаси ва батафсил режалаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши белгиланган.
Бош режа соддалаштирилган форматда ишлаб чиқилган бўлиб, бунга президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил сентябрдаги қарори билан рухсат берилган. Худди шу ҳужжатга кўра, шаҳарлар ҳудудлари консервация, реконструкция ва реновация зоналарига ажратилиши керак.
Тошкент шаҳар ҳокими бош режа ижроси натижалари бўйича ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот тақдим этади.
Қурилиш вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бош режанинг асосий параметрларини белгиловчи хариталарни Шаҳарсозлик кадастри геоахборот тизимига очиқ маълумотлар форматида жойлаштириши лозим.
Тафсилотлар
Бош режа аҳоли эҳтиёжлари, экологик зоналар ва маданий меросни муҳофаза қилишни ҳисобга олган ҳолда шаҳарни мувозанатли ривожлантиришни назарда тутади. У Тошкент шаҳрининг барқарор ривожланишини таъминлаши керак бўлган инфратузилмани модернизация қилиш, транспорт тармоқларини ривожлантириш ва яшил майдонларни кўпайтиришга қаратилган, дейилади ҳужжатда.
Соддалаштирилган бош режа шаҳарни ривожлантириш стратегиясини, шунингдек, ҳудудлар учун умумий талабларни белгилайди ва бош режа асосида ички ҳудудларни мустақил равишда ривожлантиришга имкон беради.
Таъкидланишича, бош режани ишлаб чиқишда демографик тенденциялар, миграция ва табиий ўсиш ҳамда инфратузилма, транспорт ва муҳандислик тармоқларига юклама ҳисоб-китоблари батафсил тадқиқ этилган.
Бош режа билан қамраб олинган Тошкент шаҳрининг умумий майдони 43 873 гектарни ташкил этади. Аҳолининг прогноз қилинаётган ўсиши 3 миллиондан 7,4 миллионга етади.
Бош режага кўра, пойтахт яшил ҳудудларининг умумий майдони (чекланган ҳудудларни қўшган ҳолда) 7120,9 гектарни ташкил этади, шундан 893 гектари умумий фойдаланишдаги ҳудудлар, 5102 гектари чекланган яшил ҳудудлар ва 1125 гектари махсус яшил ҳудудлардир.
Бош режада қўшимча 10 минг гектар яшил ҳудуд ташкил этиш ва шаҳар атрофида 15 минг гектар яшил белбоғ барпо этиш кўзда тутилган. Бу яшил ҳудудлар майдонини киши бошига 3 кв.м дан 8 кв.м гача ошириш имконини берди.
Кўча-йўл тармоғининг узунлиги 836 км. 2045 йилгача 647 та янги кўча ва йўл қуриш, 140 км кўча ва йўлларни кенгайтириш режалаштирилган.
Жамоат транспортидан фойдаланувчилар улушини 60 фоизга етказиш ва шаҳарда автомобиллар сонини қисқартириш мақсадида 27 та тўхташ жойини (park-and-риде) ташкил этиш ва янги метро йўналишларини қуриш режалаштирилган. Ҳужжатда жамоат транспортининг бошқа турлари ҳақида батафсил сўз юритилмаган.
Шаҳарнинг ҳар бир функционал зонаси (жами бешта — турар-жой, жамоат бинолари, саноат, рекреация ва транспорт тармоқлари ҳудуди) учун аҳоли зичлигини назорат қилиш механизмлари жорий этилади. Зичлик юқори бўлган ҳудудларда янги биноларнинг қаватларига чекловлар жорий этилади. Бундай ҳудудларда аҳолининг дам олиш масканлари ва яшил ҳудудлар ҳам ташкил этилади.









