Бу ерда қадимий ҳунармандчилик мактаблари, айниқса, ипакчилик мактаби сақланиб келмоқда. Бугунги кунда Марғилон шаҳрида мингдан ортиқ хонадон ҳунармандчилик билан шуғулланади. Шу йил ўз фаолиятини бошлаган Ҳунармандчилик маркази ҳам ушбу соҳани янада ривожлантириш, қадимий урф-одат ва анъналаримизни тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Бу ерда 200 дан ортиқ турдаги атлас ва адрас тўқиш, гиламчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Бу ерда 600 нафар уста фаолият бошлаб, 200 дан ортиқ турдаги атлас ва адрас тўқиш, гиламчилик, маиший хизмат, тикувчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Улар томонидан 2 мингга яқин хотин-қиз, ёшлар ишга жалб этилди.
– Марказда бахмал тўқиш билан шуғулланаман, – дейди Шоалиева Муаззам.
– Оилавий шароитим оғир. Икки нафар фарзандим бор. Бу ерда ишлаб, рўзғоримни тебратяпман. Давлатимиз раҳбари томонидан “Аёллар дафтари” жорий этилиши катта имконият яратди. Ишсиз эдим. Айниқса, пандемия даврида жуда қийин аҳволда қолдик. Ушбу марказда ишга таклиф қилишди. Жуда хурсандман, ишли ҳунарли бўлдим.
Марказнинг қуйи қаватида атлас, адрас, шойи, бахмал, беқасам матолар тўқилади. Биринчи қаватдан тайёр маҳсулотлар кўргазмаси, чеварлар хонаси ўрин олган.
Матога гул чизиш, боғлаш, давра, қад тайёрлаш жараёнлари кўргазмали тарзда намойиш этилади. Бинонинг юқори қаватида гилам цехи жойлашган. Марказда барча маҳсулотлар тўлиқ қўл меҳнати ёрдамида 100 фоиз тоза ипакдан тўқилади.
Ҳунармандлар бозорида 45 нафар ҳунарманд фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, 300 та янги иш ўрни яратилган. 35 миллиард сўм маблағ сарфланган марказда 14 та савдо дўкони мавжуд.
Гилам цехида 250 дан зиёд аёл ва қизлар меҳнат қилмоқда. Мутасаддининг қайд этишича, энг тез битадиган маҳсулот икки ойда тайёр бўлади. Лекин 2-3 йилгача ҳам битта буюртмани битириш мумкин. Бунда албатта бандлик ҳам таъминланади.
Хориж мамлакатларида қўл меҳнатида тайёрланган маҳсулот жуда қадрланади ва қиммат нахларда баҳоланади. Ҳунармандлар марказида ҳам маҳсулотларнинг сифати юқори. Асл ипакка табиий бўёқлардан гул чизиб мато тўқилади. Шу боис бу маҳсулотларга харидор тайёр.
Гиламлар асосан Туркияга, атлас, адрас матолар АҚШ, Италия, Франция, Россия, Қозоғистон, Тожикистон каби мамлакатларга экспорт қилинади.
Марғилон - Фарғона водийсининг туристик манзилларидан бири. Ҳунармандлар маркази ушбу шаҳарнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Осори атиқалар билан танишган сайёҳлар бу ерга келиб атлас, адрас тўқиш жараёнини бевосита кузатиш имконига эга бўлади, ҳам ўзи хоҳлаган маҳсулотни харид қилади, шу ердаги чевархонада ўз дидига мос либос тиктириб кийиб кетаверади.










