Иброҳим Ғафуров: “Президентимиз ўз лавозимини кабинетдан халқ орасига олиб кирди”

    Замонавий ўзбек адабиётининг забардаст намояндаси, атоқли адабиётшунос, таржимон ва публицист Иброҳим Ғафуров билан суҳбатимиз халқимизнинг бугунги янги ҳаёти, турмуш тарзи, юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг моҳияти ҳақида бўлди.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровни юксак унвон билан табриклар экан, устоз адибимизнинг босиб ўтган йўлига алоҳида таъриф берди: “Мен “Бобурнома”ни кўп-кўп ўқишга, Бобурнинг ҳаёт йўлини ўрганишга ҳаракат қиламан. Биласизларми, Бобурда умуман ҳаловат бўлмаган. Унинг ҳаёт йўли машаққатлар ва курашларда ўтган, фақат меҳнат қилган. Иброҳим аканинг ҳам ҳаётида ҳаловат бўлмаган, умри меҳнатда ўтган. ­Ҳозирги адабиёт соҳасидаги барча ёзувчи ва шоирларимиз бу инсонни устоз дейди. Бу инсонга ҳалоллик ва поклик бўйича муносиб бўлишга ҳаракат қилади. Очиқ гап, мен Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов билан дўст эдим. Абдулла Орипов билан Зомин мактабини ташкил қилган эдик. Эркин Воҳидов билан эса, кечалари ҳам гаплашардик. ­Эркин аканинг бир гап­лари бўлар эди: агар ўзбек тилининг буюклигини билишни хоҳласанг, Иброҳимжондан сўраш керак. Севиб гапирардилар. Иброҳим ака адабиётимизнинг ана шундай забардаст намояндаси. Иброҳим акага ­ўхшаган ҳалол инсонлар бизга ўрнак бўлиши керак. Ҳаётда, меҳнатда, умрда. Битта стол, ручка ва битта хона. Бошқа бирор нарсани бу инсон ўзи учун эп кўрмаган. Мана шундай инсон, албатта, Ўзбекистон Қаҳрамони бўлишга лойиқ!”.

    Юртимизда байрам шукуҳи кезиб юрган шу кунларда биз ҳам устоз адибимизни зиёрат қилдик. Замонавий ўзбек адабиётининг забардаст намояндаси, атоқли адабиётшунос, таржимон ва публицист Иброҳим Ғафуров билан суҳбатимиз халқимизнинг бугунги янги ҳаёти, турмуш тарзи, юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг моҳияти ҳақида бўлди.

    — Устоз, бугун қай бир масканга, гўшага, ташкилотга борманг, уларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан эълон қилинган фармонида юртимиз маданий-маърифий, ижтимоий ҳаётида самарали фаолият юритган зиёлилар, олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъаткорларга катта эътибор қаратилганини қувонч билан тилга олишмоқда...

    — Жуда тўғри айтасиз. Президентимизнинг ушбу фармонида атоқли олимлар, адабиёт ва маданият намояндалари фаолиятига жуда катта урғу берилган. Кенг жамоатчилик бу воқеликни зўр қувонч ва ҳаяжон билан қарши олди. Фаол хизмати билан эл-юрт ичида обрў-эътибор қозонган замондошларимиз — академиклар, олимлар ва ижодкорлар билан суҳбатлашар эканман, уларнинг барчаси бугунги тақдирланиш унча-мунча ҳодиса эмаслигини таъкидлашмоқда. Ўзбекистон деб аталган мамлакат ўттиз йиллик довондан ошиб ўтаётган экан, ўз истеъдоди, изланишлари ва меҳнатлари билан бу жараёнда камарбаста бўлаётган юртдошларимиз билан бир сафда эканимдан фахрланаман. Ишонаманки, бу эътибор ҳар бир замондошимиз ҳаётига янги туртки, шоирона тил билан айтганда, янги илҳомлар беради. Юксак марралар сари дадил қадам ташлашга ундайди. Халқимизнинг кўз ўнгида бу қадар эъзоз ва қадр топиш мен учун энг олий бахтдир.

    Фармон мазмунига назар ташласангиз, қанчадан-қанча ёзувчиларнинг қилган меҳнатлари, ёзган асарлари, ижодий фаолияти бу ерда қисқа шаклда ўз ифодасини топган. Шу билан бирга, бу ҳужжатда ўз ижоди билан халқимиз маданиятини кўтаришга ҳисса қўшган марҳум олимлар, ёзувчилар, журналистлар ва шоирларнинг борлиги мени жуда ҳаяжонга солди. Президентимиз илк фаолият бошлаган йиллардаёқ бу каби юртдошларимиз қадрланиши ва ёдга олинишига катта эътибор қаратди. Масалан, Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиеванинг “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланиши барча ижод аҳлини, шоиранинг мухлисларини, яқинларини жуда қувонтириб юборди. Гап фақат орденда эмас, гап эл улуғлаган, яхши кўрган шоиранинг ижодига бўлган эҳтиром ва эъзозда. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Неъмат Аминов, Шукур Холмирзаев, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф, Ибройим Юсуповлар бу кунларни ўз кўзлари билан кўрганларида қанчалар бошлари осмонга етган бўларди. Бу ижодкорларнинг асарларини ўқиган одам ўзбек халқининг қанчалар кучли маънавий хазинага эга эканини англайди.

    Ёки, мана, қаҳрамонларимиз ҳақида гапирсак. Қишлоқ хўжалигида улкан ютуқларга эришган илғор фермер, селекционер олим Муҳаммад Аҳмедов Бухоронинг шўр босган ерларида бир неча йиллардан бери 40-42 центнердан ҳосил олиб келмоқда. Сув танқислиги шароитида бундай натижага эришиш баъзиларнинг тасаввурига ҳам сиғмайди ахир. Куни кеча суҳбатлашаётган чоғимизда Муҳаммад Аҳмедов “Ҳали мана шу ерларимнинг ўзидан пахта ҳосилини 50 центнерга етказаман”, деб қолди. Дастлаб бу гапни эшитганимда ичимда роса муболаға қиляптилар-ку, деб ўйладим. Кейин эътибор берсам, ўта жиддий ҳолатда, катта масъулият билан гапираётган экан. Ахир шу улкан ва машаққатли ишларни одам бир ўзи учун амалга оширмайди-ку! Албатта, Ватаним, халқимга нафим тегса, деб умид қилади. Мана шу уйғоқ фикрли қаҳрамон юртдошимиз бир неча йиллардан бери пахтанинг янги нави устида илмий изланишлар олиб бораётган экан. Бу нав сув танқислигига, шўр ерларга чидамли бўлиб, ҳар қандай аччиқ шамолга бардош бера олар экан. Илдизлари билан Бухоро тупроғида маҳкам тура олар экан. Ахир бу ҳам ижодий меҳнат, кашфиёт ва ихтиро эмасми?

    Академик Шавкат Аюпов эса, математика оламида қанча кашфиётлар қилиш билан бирга, ўз мактабини ҳам яратган буюк олимдир.
    У қирқ ёшида академик унвонига сазовор бўлган. Кўплаб ёшларни ўз мактабида ўқитиб, халқаро олимпиадаларга тайёрлаяпти.

    Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева бебаҳо миллий мусиқий хазинамиз дурдоналарини куйлаб, ёш авлодга ўргатиб келаётган устоз санъаткорларимиздан. Унинг ижросидаги мақомлар янграганида, жаҳоннинг манаман деган саҳналари ҳам ҳайратларга чўмган.

    — Суҳбатларингизнинг бирида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг илк қадамларини кузатганингиздаёқ Учинчи Ренессанс шабадаси келаётганини сезганингизни таъкидлагансиз. Сиз бу шабаданинг таъсирини қайси жабҳаларда кўрган эдингиз?

    — Мен Президентимизни нима учун ҳурмат қиламан — Шавкат Миромонович беш йил аввал юксак вазифага киришганидан бошлаб ўз лавозимини кабинетдан халқ орасига олиб кирди. Узоқ қишлоқларга, таълим аудиторияларига, қўшни давлатлар қалбига кириб борди бу инсон.

    Давлатимиз раҳбари беш йил илгари сўзлаган нутқида барча раҳбарларга битта чақириқ билан чиқди —“Халқни рози қилайлик!”. Бу чақириқ вақт ўтиши билан ғояга, ғоялар эса фалсафага айланиб кетди. Мамлакатимизда кечаётган ички сиёсатнинг асосий фалсафасига айланди. Ўша илк маърузадаёқ Президентимизнинг шижоатига, жасоратига, мана шу содда, лекин ўта ҳаётий фалсафасига қойил қолганман. Ҳар бир жабҳада бўлаётган ўзгаришлар ва янгиланишларга назар солинг, барча ишларнинг мазмун-моҳиятида халқни рози қилиш ғояси ётади.

    Мамлакатимизда ҳозир олий ўқув юртлари сони икки баробар ошди. Энди бу йилги ўқийдиган ёшларимизни кўз ўнгингизга келтиринг. Илгари 70 та олий ўқув юрти мавжуд бўлса, бу йил 140 дан ортиқ шундай муассаса уларни ўз бағрига олади. Янгидан-янги ва замонавий мутахассисликларнинг оламига олиб киради. Бу имконият ёшлар учун ҳам, жамоат учун ҳам катта ҳодиса эмасми?

    Мен бундан 30 йиллар олдин “Миллий тикланиш” партияси дастурини тузиб юрган пайтларимда бир хулосага келганманки, камбағалликнинг, қашшоқликнинг, хўрлик ва камситилишларнинг сабаби битта. Бу — одамнинг қўлида муайян касб-ҳунар йўқлиги. Камбағалликни, етишмовчиликни қуритадиган нарса эса, одамларнинг мутахассисликни эгаллай олишидир. Ҳозирги кунда дунёда камида 3 000 та мутахассислик бор. Уларнинг барчасини яшайман, интиламан, курашаман, Ватанимни обод қиламан деб шайланиб турган ёшлар эгалласа борми. Мана, биз аграр мамлакатмиз, бу соҳада шунчалар кўп мутахассисликлар борки, қолганларини қўяверинг. Президентимиз ер билан, сув билан, тупроқ билан тиллаша оладиган, агротехник билимларни эгаллаган ёшлар хоҳлаганича ер олсин, дея таъкидлаяпти. Ерни олгандан кейин эса, унинг устига 8 қаватли бино қуриш билангина чекланиб бўлмайди. Заминимизни пахта, ғалла, мева-чева оладиган маданий маконга айлантиришимиз зарур.

    Давлатимиз раҳбари камбағалликни енгиб ўтиш масаласини беш йилдан бери ечишга интилиб келади. Бу ғоя ҳам халқни рози қилиш фалсафасининг асосини ташкил қилади.

    Шу замонда ҳам уйсиз-жойсиз, кулбаларда, капаларда, ҳаттоки ғорларда яшаб юрган оилалар бор эди. Давлатимиз раҳбари томонидан ўшаларнинг барчасига уй бериш ғояси кўндаланг қўйилди. Агар уй олишга кучи етмаса, узоқ муддатли кредит асосида бериш, жуда бўлмаса эл-юрт, қариндош-уруғ ёрдами билан бошпанали қилиш ғояси ўртага ташланди. Уй-жойли бўлган ана шу одамларнинг руҳониятини кўз олдингизга келтиринг. Ахир улар ҳам одам, уларнинг ҳам томирида иссиқ қизил қон айланади, уларнинг ҳам орзу-ниятлари, бола-чақаси бор. Фарзандларини одам қилай, уларга шароит яратиб берай деб яшайди, лекин қўли қисқалиги туфайли уй-жой қилолмаган. Кулбада, чайлада, ижарада сарсон яшаб юришга мажбур бўлган. Мана, энди бу бахтиёр инсонлар қалбига қулоқ тутинг, улар давлатимиз раҳбаридан қанчалар миннатдор эканига гувоҳ бўласиз. Бутун умри ётоқхонада ўтган 6 фарзандли она уйли бўлгач, кўз ўнгимда юм-юм йиғлаганини ҳануз унутолмайман. Ногирон эканига қарамай, ижарада туриб, уй эгаларининг хизматини қилиб яшаб келган косиб отанинг аҳволини айтайми сизга...

    “Бизларга қаерда эди бундай ҳаёт? Шундай йўл тутса ҳам бўлар экан-ку, раҳбарларнинг ўзлари уйларимизга келиб муаммоларимизни сўраяпти”, дея ёлғиз оналар қувонч билан сўзлаганларида кўнглим қанчалар фахрга, ғурурга тўлди.

    — Демак, ана шу ўзгаришлар, янгиланиш­лар жараёнида бевосита янги Ўзбекистон пойдеворига ғиштлар қўйилиб бормоқда. Бироқ бу жараённи жиддий қабул қилмаётган, кечаги қарашлардан қутула олмаётган замондошларимиз ҳам бор...

    — Тан олиб айтишимиз керак, биз ҳали Учинчи Ренессанснинг бошланғич поғонасида турибмиз. Айтганингиздек, бизга ишонқирамай, мийиғида кулиб қараб турганлар ҳам йўқ эмас, анчагина. Лекин бизнинг аждодларимиз ҳамиша тараққиёт сари интилган маърифатли инсонлар бўлган. Айни пайтда одамлар ҳаётидан, ўз турмушидан, маиший шароитидан, бола-чақасининг келажагидан рози бўлиши учун бежиз ҳаракат қилаётганимиз йўқ. Ахир бу муаммоларни ҳал қилмасдан туриб, янги даврга қадам қўйиб бўлмайди-ку. Бугунги кундаги интилишларимиз самарали бўлиши учун эса, ҳаётимизнинг мазмунига, мундарижасига айланадиган амалий ишлар керак.

    Келинг, шу ўринда тарих саҳифаларига бир назар ташлаб ўтайлик. Мирзо Улуғбекнинг ҳаё­тини ўрганиб шу хулосага келдимки, у темурийлардан бўлса ҳам ҳеч қачон урушни хоҳламаган. Ўша пайтларда Мовароуннаҳр маркази бўлган ­Самарқандга ҳар томондан ҳужумлар бўлиб турган. Бир томондан мўғуллар, бир томондан кўчманчи қипчоқлар обод юртимизга тез-тез кўз олайтириб туришган. Кўчманчиларнинг ҳеч нарсаси йўқ-да, фақат талон-тарож билан, подани ҳайдаб, бегона уйларни вайрон қилиш, талончилик билан шуғулланишган. Улуғбек уларнинг барчасини қириб ташлаши мумкин эди, лекин урушишни хоҳламайди. У кўпроқ мадрасалар қуришни, йўллар барпо қилишни, боғлар яратишни истайди. Ғиждувондан тортиб Тошкентгача, Тошкентдан Туркистонгача жуда кўплаб жойларга саноқсиз мадрасалар қурдирган. Мирзо Улуғбек даврида шаҳар ва қишлоқлар роса гуллаб-яшнаган. Мана шу интилишлари, саъй-ҳаракатлари билан у ­Ренессанснинг маъно-мазмунини, моҳиятини очиб берган. Мадрасалар очибгина қолмасдан, ҳазрат Улуғбек халқимизнинг кўзи осмонларни кўрсин, юлдузларни ўргансин, деган ниятда осмон жисмларини кузатиш мумкин бўлган улкан илмий маскан — расадхона қурдирган. Яъни халқимизнинг нигоҳини коинотга қаратган, кўзини очган ­беназир олим эди.

    Шавкат Мирзиёев нима учун янги Ўзбекистон тушунчасини, юксак орзуларни, мақсадларни бизнинг қалбимизга, онгу шууримизга олиб кирди? Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби боболаримиздек бун­ёдкор, ташаббускор, илмпарвар янги авлодлар тарбияланишини, камол топишини истаяпти. Аждодларимиз қанчадан-қанча тарих қатламларини, тил қатламларини, илм-фан кашфиётларини яратиб кетишган. Демак, Учинчи ­Ренессанс юзага келиши учун бугунги авлодлар камида Шавкат Аюповдек, Муҳаммад Аҳмедовдек, Муножат Йўлчиевадек бўлиши керак!

    — Сизнингча, Ўзбекистон давлатининг бугунги кундаги асосий миссияси қайси жабҳаларда ва нималарда кўринмоқда?

    — Бу саволингизга фахр ва ғурур билан айтишим мумкинки, Ўзбекистоннинг ҳозирги кундаги миссияси дунёни кийинтириш ва маънавият суянчиғига айланиш билан боғлиқ. Бу ғояни БМТ ҳам бевосита қўллаб-қувватламоқда. Ахир жаҳонда ҳозир кийимга зор, оч-наҳор миллионлаб оналар, болалар ва қариялар бор. Елкасига битта рўмол ташлаб юришга зор гўзаллар бор. Атрофингизга бир қаранг: дунё майдонида васвасали қирғинлар кечмоқда, бировларнинг ерларини янги ниқоблар остида тортиб олишмоқда. Ваҳимали ўйинлар ўйналмоқда. Гўдаклар бир сонияда дайди ўқлар қурбонига айланган онаизорлари бағрида етим бўлиб қолишмоқда. Гўзал ҳаёт, муҳаббат ҳақида хаёл суриши мумкин бўлган ўсмирлар ўз жонини асраб қолиш учун бегона самолётлар қанотларига осилиб ўзга юртларга бош олиб кетмоқчи бўляпти. Мана шундай шароитда давлатимиз раҳбари одамларни кийинтираман, етимларнинг бошини силайман, юртимизни маънавият суянчиғига айлантираман, дея бор қалб қуввати, шижоати билан ҳаракат қилаётгани, ортидан бутун бир халқни эргаштираётгани қандай улуғвор иш!

    Бу ниятлар ҳеч қандай муболаға эмас, реал мақсадлардир. Чунки 42 центнердан пахта етиштираётган одамларнинг азму шижоатини, меҳнатини қандай қилиб қуруқ гапга йўя оласиз? Фақат бу эзгу ишларнинг барчасини юксак даражадаги ташкилотчилик, ташаббускорлик билан йўлга қўйиш зарур бўлади. Хотин-қизларнинг ҳар томонлама ҳимоясини кучайтириш, гендер тенгликка амал қилиш, болаларни мажбурий меҳнатдан озод қилиш каби неча йиллардан бери кутилган амалий ишлар натижасини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз-ку!

    Шу боис, Шавкат Мирзиёев ғояларини бутун дунё ҳамжамияти қўллаб-қуввватламоқда. Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюси дунёнинг кўплаб тилларига таржима бўлаётгани, тарғиб қилинаётгани бежиз эмас. Чунки Марказий Осиё марказидаги Ўзбекистон деб аталган давлатнинг осмонидаги қуёш ҳам, булут ҳам ҳамиша эътибор марказида бўлиб келган. Бугун улар бу мамлакатнинг маънавий, иқтисодий иқлимида бўлаётган янгиланишлар шамолини ўз кўзлари билан кўриб, жараёнларда бевосита иштирок этишмоқда. Давлатимиз раҳбари бежиз ҳар бир соҳага инновацион усулларда ёндашайлик, дея бонг урмаяпти. Жадид боболаримиз йўлини тутиб, ҳар бир соҳага янгича қарашни ўрганайлик, деганида ҳам ҳикмат бор. Агар биз янгича яшашга, фикрлашга ўрганмасак, бугунги авлод олдида уялиб қолишимиз, ҳатто улардан бегоналашиб айрилиб қолишимиз мумкин.

    — Икки асрни кўрган қадрли ва ардоқли замондошимиз, муҳтарам устозимиз, миллатимиз эътироф этган шахс сифатида бугунги ёшларга нималар деган бўлардингиз?

    — Президентимиз фаолиятининг илк дамлариданоқ ёшларимизга жуда катта ишонч билдирди. Катта-катта лавозимларга билимли йигит-қизларнинг номзодларини кўрсатиб, уларнинг ташаббусларига тўсқинлик қилаётган одамларни эсанкиратиб қўйди. Кечаги замон мафкураси, ақидаси билан яшаётганлар энди замон бошқача эканини, янги дунё билан бирга нафас олаётган, фикрлаётган одамгина бугунги талабларга жавоб бериши мумкинлигини англай бошлашди.

    Айниқса, давлатимиз раҳбарининг жорий йилги Ёшлар форумидаги “Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, сизларга айтадиган маслаҳатим шу: илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик — умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг! Сизлар мустақиллик фарзанд­ларисиз. Ота-боболарингиз кўрган тўсиқ ва қийинчиликларни кўрмай, озод Ватанда эркин нафас олиб, вояга етяпсизлар. Юксак мақсадлар йўлида сиз — ёшлар ҳал қилувчи куч бўлишингиз керак. Мен сизларнинг зиммангизга юкланган ана шундай улкан масъулиятни, том маънодаги ­тарихий вазифани шараф билан адо этишингизга қатъий ишонаман”, деган сўзлари мени ниҳоятда тўлқинлантириб юборди.

    Шу ўринда Президентимизнинг ёш ижодкорларга бўлган алоҳида эътиборини ҳам айтиб ўтмасам бўлмас. Куни кеча Заркент қишлоғида Паркент ижод уйининг очилиш маросимида қатнашдим. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан яна бир ижод уйи фойдаланишга топширилди. Чотқол тоғи этакларида қурилган бу ажойиб иморатни кўриб, оғзим очилиб қолди. Энг сўнг­ги дизайн асосида қурилган шинам ва чиройли хоналарда ўтириб бемалол хаёл суришингиз, катта-катта сюжетлар асосидаги асарларни орзу қилиб қалам тебратишингиз мумкин. Хоналарга ёш ижодкорлар билан бирга кириб борар эканмиз, уларга “Йигитлар, бу хоналар дунёдаги энг зўр русумдаги автомобилнинг салонидан ҳам қулай ва зўр экан-а!” дея ҳазил қилдим. Ҳар бир ижодхонасининг деразаси Чотқол тоғларининг бетакрор ва гўзал манзараларига туташиб кетган. Қараб тўймайсан. Беихтиёр тилингга шоирнинг “Эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!” деган мисралари келади. Тоғ ёнбағирларидаги дўланазору арчазорлар, шариллаб оқаётган сойнинг ёқимли овозини айтмайсизми?..

    Бу манзараларга боққан сайин бутун руҳиятингиз енгил тортиб, беихтиёр қўлингизга қалам олганингизни сезмай қоласиз. Мен чет элларда кўп бўлганман, дўстларим билан ҳам ҳалигача гаплашиб тураман. Лекин бунақасини эшитмаганман. Ҳеч қайси юртда давлат раҳбари ижод аҳлига бундай жаннатмонанд гўша совға қилганини билмайман. Ахир бу имкониятлар, замонавий беш юлдузли меҳмонхоналарга ўхшаш ижод уйлари, энг аввало, ёш ижодкорларга илҳом бериш, уларни қўллаб-қувватлаш учун қуриб бериляпти-ку!

    Бу Президентимиз улкан орзулар билан яшаётганидан, келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларга катта умид билан қараётганидан, уларни қанчалар ардоқлаётганидан дарак беради-ку!

    Вилоятларда ташкил этилган ижод мактабларига бир бориб кўринг. Бу ерда сабоқ олаётган қоракўзлар билан бир суҳбатлашинг. Чиндан ҳам давлатимиз раҳбари орзиқиб кутаётган янгича фикрлайдиган, қони тоза, юраги соф, ниятлари улкан ўзгача бир авлод кириб келмоқда. Бу шунчаки баландпарвоз гаплар эмас. Аниқ маърифий дастурлар ва заҳматли меҳнатлар эвазига қанотимизга кириб келаётган издошларимиз қувончидир!

    Бу жуда катта миқёсда юритилаётган маданий сиёсатдир. Дунёда кечаётган воқеаларни, бўлаётган ишларни астойдил кузатсангиз, юртимиздаги ислоҳотлар қанчалар буюк мақсадлар, дастурлар асосида содир бўлаётганини янада чуқурроқ анг­лайсиз! Шуни унутмайликки, даҳшатли қирғинлар, очарчиликлар, жаҳолат ўйинлари биздан узоқда эмас. Биз айни пайтда ҳар дақиқада ҳушёр бўлишимиз, давлатимиз раҳбарини қўллаб-қувватлаб, ижодкор-ислоҳотчи сифатида майдонга чиқишимиз, курашишимиз зарур!

    Истиқлол шаън-шукуҳлари кезаётган айни бахтли лаҳзаларда юртдошларимизга ана шу сўзларни айтгим келди. Истиқлолимизни, ­Ўзбекистонимизни асраб-авайлайлик, азиз юртдошлар! Байрамингиз муборак бўлсин!

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates