Ички ишлар вазири хавфсиз кибермакон яратиш борасидаги келгуси режалари ҳақида маълум қилди

    Кибер жиноятлар оқибатида фуқароларнинг 1 триллион 909 миллиард сўмдан ортиқ маблағи талон-тарож қилинган.

    Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли стратегик ислоҳотлар ҳал қилувчи босқичга кираётган бугунги шароитда жиноятларни содир этишга шарт-шароит яратаётган ҳар қандай иллатга нисбатан муросасиз курашиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз, кундалик ташвишимизга айланиши лозим.

    Жаҳоннинг турли мамлакатларида жиноятчиликка қарши курашиш йўналишидаги тадқиқотлар натижалари янгича ривожланиш босқичлари жиноятларнинг янги кўринишлари шаклланишига туртки бўлаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, рақамлаштиришнинг юқори суръатларда ривожланиши таъсирида жиноятлар шакллари ва уни содир этиш усуллари замонавийлашиб, ахборот технологиялари шахсга ва унинг мулкига тажовуз қилишга қаратилган ҳуқуқбузарликлар, шунингдек, кибержиноятчиликнинг содир этилишида асосий омил бўлаётир.

    Шу сабабли ҳозирги вақтда бутун дунёда кибержиноятчиликка қарши курашишга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидаги энг долзарб муаммолардан бири сифатида қаралмоқда. Кибержиноятларнинг турлари ва ушбу жиноятни содир этаётган шахслар сони ортиб бораётгани янги таҳдидлар юзага келиши билан изоҳланмоқда.

    Таҳлиллар ва статистик маълумотларга кўра, 2024 йилда кибержиноятлар ортидан келадиган йиллик глобал зарар 11,4 триллион долларга тенг бўлган,

    2026 йилда 120 фоиз ўсиб, 25,8 триллион долларга етиши башорат қилинмоқда. Айрим манбаларда таъкидланишича, 2026 йилга келиб кибержиноятлар глобал трансмиллий жиноятларнинг умумий сонидан кўра 5 баравар кўпроқ содир этилиши кутилмоқда.

    Бундан ташқари, 2030 йилга бориб дун­ёда кибержиноятларга қарши курашувчи тузилмалар давлат ва хусусий серверлар, булутли маълумот марказлари, шахсий компьютер ва қурилмаларда сақланадиган жами 2 минг зеттабайтлик (икки триллион терабайт) маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлаши лозим бўлади. Чунки кибержиноятчиликнинг авж олиши оқибатида исталган корхона-ташкилотнинг маълумотлар базалари киберҳужумга учраши эҳтимолини рад этиб бўлмайди. Шу сабабли бу борада мустаҳкам ҳимоя чораларини кўриш талаб этилади.

    Ўз навбатида, кибержиноятчиликка қарши курашишда ушбу турдаги жиноятларнинг латентлигини инобатга олиш керак бўлади. Мутахассислар фикрича, кибержиноятларнинг латентлиги АҚШда 80 фоиз, Буюк Британияда 85 фоиз, Германияда 75 фоиз, Россияда 90 фоиздан юқори кўрсаткични ташкил қилади. Бу эса кибержиноятларнинг содир этилиши бўйича реал ҳолатлар статистикаси бундан ҳам юқори кўрсаткичларни ташкил этиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

    Глобаллашув ва рақамлаштириш муҳитида рақамли технологиялар воситасида содир этилаётган жиноятлар йилдан йилга кўпайиб, анъанавий жиноятларнинг кибержиноятларга трансформацияси юртимизда ҳам кенгайиб бораётгани кузатилмоқда.

    Хусусан, мамлакатимизда сўнгги беш йилликда кибержиноятлар 68 баравар, биргина ўтган йилда эса 2023 йилдагига ­нисбатан 9,1 баравар ошган. Ушбу даврда кибермакондаги ҳуқуқбузарликлар юзасидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар сони 34 баравар кўпайган.

    Мазкур жиноятлар натижасида фуқароларнинг 1 триллион 909 миллиард сўмдан ортиқ маблағи талон-тарож қилинган.

    2019 йилда ахборот технологиялари орқали 18 турдаги 863 та жиноят содир этилган бўлса, 2024 йилда 62 турдаги 58 минг 800 та жиноят қайд этилгани ҳамда кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улуши сезиларли равишда ортиши кузатилгани уларнинг олдини олиш заруратини янада долзарблаштирмоқда.

    2023 йилда кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улуши 6,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 44,4 фоизга етиб, деярли ҳар иккита жиноятнинг бири ахборот технологиялари орқали содир этилди. Бу ҳолат уларнинг олдини олиш тизимини мунтазам, йилма-йил такомиллаштириб боришни тақозо этмоқда.

    Кибержиноятларнинг асосий қисмини (98 фоизи) банк карталари билан боғлиқ жиноятлар (киберўғрилик ва киберфирибгарлик) ташкил этмоқда.

    Кибержиноятлар асосан қуйидаги усулларда содир этилмоқда:

    — 60 фоизи зарарли ҳаволалар ва дастурлар юбориш орқали банк картаси ёки мобил қурилма бошқарувини қўлга киритиш йўли билан;

    — 16 фоизи турли алдовлар билан банк картаси ҳамда мобил иловалардаги ­аккаунтлар бошқарувини тасдиқловчи SMS кодни қўлга киритиш йўли билан;

    — 4 фоизи шахс номига онлайн кредит расмийлаштириш орқали;

    — 11 фоизи онлайн савдо платформаларидаги фирибгарликлар орқали;

    — 9 фоизи турли усулдаги фирибгарлик схемалари орқали фуқароларнинг пул маблағларини жалб қилиш тарзида содир этилмоқда.

    Юқорида келтирилган таҳлиллар ва статистик маълумотлар асосида ахборот-коммуникация технологияларининг кенг тарқалиши ва реал вақт режимида чексиз ахборот алмашинуви имкониятлари ортиб бориши шароитида кибержиноятлар мураккаб трансмиллий муаммога айланиб бораётганини кўриш мумкин. Бу эса кибермаконда хавфсиз муҳитни яратиш учун инновацион ёндашувлар асосида кибержиноятларга қарши курашиш усулларини ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.

    Бугунги кунда жаҳонда илмий тадқиқотлар доирасида кибержиноятлар олдини олиш ва кибермаконда хавфсиз муҳитни яратиш учун турли ёндашув ва услублар таклиф этилмоқда.

    Хусусан, кибержиноятларни тергов қилиш фаолияти билан шуғулланувчи Group-IB компанияси президенти Илья Сачковнинг таъкидлашича, агар фойдаланувчи киберхавфсизлик қоидаларини билса, у кибермаконда доимо хавфсиз бўлади. Group-IB компанияси томонидан ўн йил давомида киберфирибгарлар шахсий маълумотларни ўзлаштирмаслигини назарда тутувчи махсус эслатмалар ишлаб чиқилди. Аммо бу эслатмаларнинг жамиятда жуда секин тарқалиши туфайли бу усул ўз самарасини бермаган.

    Ушбу йўналишдаги етакчи тадқиқотчи У. Дизард ахборот жамиятининг рақамли трансформацияси шароитида қатор муаммоли масалаларни ҳал қилиш учун янги технологиялар тақдим этаётган имкониятлар доимо ҳисобга олиниши ва уларга қарши курашиши керак бўлган потенциал хавфларни ўз ичига олиши лозимлигини таклиф қилган. Унинг фикрича, мазкур масала бўйича ривожланиш стратегияси муайян даражада техник ва иқтисодий қарорлар қабул қилиниши билан белгиланиши керак.

    Қатор олимлар қонун ҳужжатларида белгиланган жазо чораларини кучайтириш орқали кибержиноятларнинг олдини олиш мумкинлигини таъкидлаган бўлса, бошқалари кибержиноятларнинг олдини олиш муаммолари таълим жараёни субъектларининг рақамли саводхонлиги билан боғлиқлигини асослаб берган. Улар ўз илмий хулосаларида кибержиноятларнинг олдини олишда рақамли таълим муҳити имкониятларидан самарали фойдаланишни, фан дастурларига “Киберхавфсизлик асослари” ўқув фанини барча ўқувчилар учун мажбурий фан сифатида киритишни таклиф қилган.

    Кибержиноятларнинг олдини олиш муаммоларининг долзарб масалалари юзасидан етук олимлар томонидан илмий тадқиқотлар қилиниб, бу бўйича инновацион ёндашувларга оид мулоҳазалар билдирилган.

    Бу бўйича нафақат илмий марказлар ва тадқиқот муассасалари, балки айрим ривожланган давлатларда ҳам етарлича стратегик усуллар ишлаб чиқилгани кузатилган.

    Хусусан, рақамли технологияларни жорий этиш ва кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича илғор тажрибага эга Сингапур, АҚШ, Жанубий Корея, Япония, Германия, Буюк Британия каби давлатлар томонидан узоқ йиллик стратегик масалалар қўйилиб, кибержиноятларнинг олдини олиш муаммоларининг айрим масалалари ечилган.

    Мазкур йўналиш халқаро ташкилотлар, хусусан, НАТО томонидан ҳам глобал муаммо сифатида қайд этилган. Ушбу муаммонинг аҳамияти блокнинг сўнгги йилларда қабул қилинган барча бошқарув ҳужжатларида ўз ифодасини топган. Бундан ташқари, болалар кибержиноятлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида ЮНИСЕФ томонидан ҳам бир неча йирик лойиҳа амалга оширилган.

    Юқоридаги таҳлиллар натижасидан кўринадики, кибержиноятларнинг янги турлари ва шакллари юзага келаётгани сабабли уларга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

    Президентимизнинг жорий йил 30 апрелдаги қарори юртимизда ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган кибержиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришнинг мутлақо янги механизмларини жорий этиш, кибержиноятлар содир этилишига сабаб бўлаётган муаммоларни тизимли чоралар орқали ҳал қилиш, кибержиноятларга қарши курашиш йўналишида ягона ишлаш амалиётини йўлга қўйиш, бу борада барча масъул давлат органлари ва муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда манзилли ҳамкорлигини ташкил этиш бўйича ваколатли органни белгилаш ҳамда аҳолида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасидаги самарали чора-тадбирларнинг навбатдаги муҳим ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади.

    “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши ­курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги мазкур қарорга асосан, кибержиноятларнинг барвақт олдини олиш йўналишида қуйидаги чораларни кўриш белгиланди:

    Биринчидан, банклар томонидан шубҳали молиявий амалиётлар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тезкор хабар бериш тизими йўлга қўйилади. Бунда Марказий банкда шубҳали ўтказмаларни аниқлаш механизми ишлаб чиқилади ва маълумотлар электрон маълумотлар алмашинуви тизими орқали Ички ишлар вазирлигига юборилади. Натижада фуқаролар фирибгарлик схемаларига инвестиция киритиш ва алданиб қолиш ҳолатларининг барвақт олди олинади, фирибгарлик жиноятлари, жумладан, “молиявий ­пирамида” орқали ўзлаштирилган пулларнинг 80 фоизини ўз эгаларига қайтариш имконияти пайдо бўлади.

    Иккинчидан, энг кўп кибержиноят қайд этилган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхатини оммага эълон қилиш амалиёти жорий этилади. Ички ишлар вазирлиги томонидан жиноятларнинг таҳлили асосида автоматик ва шаффоф шаклланадиган рейтинг тизими ишлаб чиқилади ҳамда ҳар ой якуни бўйича натижалар интернетдаги расмий сайтларда ва оммавий ахборот воситаларида кенг жамоатчиликка эълон қилиб борилади. Бу банклар ва тўлов ташкилотлари ўз хавфсизлик тизимини мустаҳкамлаш бўйича жиддий чоралар кўришига туртки беради, фуқароларда ҳимоя тизими мустаҳкам бўлган банклар ва тўлов иловаларини аниқлаш ва танлаш имконияти пайдо бўлади.

    Учинчидан, сохта қўнғироқларни чеклаш (телеком антифрод) тизими тўлиқ жорий қилинади. Бугунги кунда мобил қурилмалардан фойдаланувчи фуқароларнинг деярли 95 фоизига нисбатан сохта қўнғироқлар орқали алдовлар билан шахсга доир маълумотларини ўғирлашга уринишлар содир этилмоқда. Натижада сохта қўнғироқлар орқали содир этиладиган фирибгарликнинг тўлиқ олдини олиш имконияти пайдо бўлади.

    Тўртинчидан, ҳар йили “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” комплекс тарғибот тадбирлари ўтказилади. Кибержиноятлар таҳлиллари уларнинг 95 фоизида жабрланувчиларнинг ўзи жиноятга шароит яратиб берганини кўрсатмоқда. Киберсаводхонлиги етарли эмаслиги сабабли фуқароларнинг ўзи шахсий маълумотларини фирибгарларга тақдим этмоқда ёки ижтимоий тармоқлардан зарарли дастурларни юклаб олмоқда.

    Шунга кўра, ҳар йилнинг ноябрь ойида кибертарғибот ойлиги ўтказиш, тарғибот олиб боришда барча манфаатдор вазирлик ва идоралар, нодавлат ва жамоатчилик муассасалари масъулиятини ошириш учун йиллик дастурни Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқлаш тартибини жорий этиш белгиланган.

    Бешинчидан, аҳолининг огоҳлигини ошириб бориш бўйича барча давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларида доимий тарғибот-ташвиқот олиб борилади. Кибержиноятларнинг шакл ва усуллари тезликда янгиланиб, қисқа муддатда кўплаб фуқароларнинг жабрланиб қолаётгани кузатилмоқда.

    Бу, ўз навбатида, янги турдаги кибертаҳдидлардан аҳолининг барча қатламини огоҳлантириш орқали салбий оқибатларнинг барвақт олдини олиш мумкинлигини кўрсатмоқда.

    Шунга кўра, фаол ва таъсирчан ташвиқот олиб бориш бўйича барча ОАВ ва интернет нашрлари масъулияти ва ташаббускорлигини ошириш, ҳар бир шахсда бошқаларни янги таҳдиддан огоҳлантириш, “ижтимоий фойдали иш” сифатида ёндашувни шакллантириш, барчанинг шахсий фаоллигини уйғотиш талаб этилади.

    Олтинчидан, тарғиботда интернет тармоқларидан мақсадли фойдаланиш ҳамда ташвиқот тадбирларини ёшлар ўртасида умуммиллий ҳаракат сифатида ташкил этиш.

    Бугун ёшлар асосий вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказиши ҳамда миллий қадриятларимизга ёт ғоялар тарғиботи кенг тарқалиши кузатилмоқда. Интернетда мақсадли (таргет) рекламалар асосида тарғибот олиб бориш харажат талаб этса-да, таъсирчан ҳисобланиши исботланмоқда.

    Еттинчидан, “Ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш. Кибержиноятларга қарши курашиш бўйича ҲМҚО, банклар, манфаатдор идоралар ва жамоатчилик муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш ва соҳадаги фаолиятини манзилли йўналтириш тартиби жорий этилмаган. Мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас, муҳим масалалар белгилаб берилмаган. Янги қонун қабул қилиниши билан кибержиноятларга қарши курашиш бўйича масъул ва кўмаклашувчи муассасалар, уларнинг вазифа ҳамда ваколатлари белгиланади, кибержиноятларнинг барвақт олдини олиш мақсадида комплекс чоралар кўриб бориш тизими яратилади ва бу Ўзбекистоннинг халқаро рейтингдаги имижи ошишига хизмат қилади.

    Азиз ТОШПЎЛАТОВ,

    ички ишлар вазири,

    генерал-майор

    No date selected
    июн, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates