Ижро ҳокимияти: халқчиллик ва очиқлик сари

    Суҳбат 24 июн 2022 1736

    Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига оид билдирилган конституциявий таклифлардан давлат бошқарувини “давлат – инсон учун” тамойили асосида такомиллаштиришга бўлган интилишни яна бир бор кўриш мумкин.

    Мазкур таклифларнинг мазмун-моҳияти ҳақида Тошкент давлат юридик университетининг Конституциявий ҳуқуқ кафедраси мудири Бекзод Нариманов суҳбатлашдик.

    – Айтингчи, Бекзод Абдувалиевич, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилишдаги муҳим масала – бу жойларда ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатини ажратиш масаласи Конституцияда акс этиши нималарни англатади. Сиз бунга қандай қарайсиз?

    Шунингдек, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш таклиф этилди. Мутахассис сифатида мазкур таклифнинг мазмун-моҳиятини ўқувчиларга тушунтириб берсангиз.

    – Жуда ҳам яхши таклиф бўлди. Рости, мазкур ислоҳотни анча йиллардан бери кутиб юргандик. Ҳоким маҳаллий кенгашга раҳбарлик қилганда, худдики ҳоким ўз қарорларини маҳаллий кенгаш қўли билан мустаҳкамлаб олаётгандек кўринарди.

    Ижро бўғини фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб:

    – маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг 11 та функция ва ваколатини тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказиш;

    – давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фуқаролардан 32 турдаги ҳужжатлар талаб этилиши, шунингдек, уларнинг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилиши тақиқланди;

    – 29 та идоралараро ҳайъат органлари тугатилди.

    Шу билан бирга, Президентимиз ўз Мурожаатномасида ҳокимликларда қариийб 300 та вазифа ва функция мавжудлиги, уларнинг 175 таси уларга хос эмаслиги ва бошқа идоралар функцияларини такрорлаши, бу эса уларнинг фаолияти етарли даражада самарали эмаслиги ва ортиқча қоғозбозликлар мавжудлигидан далолат беришини таъкидлади. Мазкур ҳолат ижро ҳокимияти органлари фаолиятини ошириш бўйича қилинадиган ишлар талайлигини кўрсатади.

    Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлашнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш қисқа муддатда фуқароларнинг давлат органларига ишончини ошириш, хусусан, халқ билан давлат аҳамиятига молик масалаларни бевосита муҳокама қилиш, юртдошларимизнинг ҳар бир долзарб мавзуга доир фикр ва мулоҳазаларини ўрганиш имконини берди. Мазкур жараённинг аҳамиятли жиҳати шундаки, халқимиз ўз вакиллари, яъни депутатлар орқали мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини нафақат кузатиб, балки назорат қилиб бормоқда. Ижро ҳокимияти органларининг вакиллик органлари олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш ҳокимиятнинг ижро бўғини демократия даражасини аниқлаб берувчи Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.

    Ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоиданинг Конституциядан чиқариб ташланиши ҳокимиятнинг тийиб турилиши қоидасига тўлиқ мос келади, ҳокимнинг маҳаллий Кенгаш олдидаги ҳисоботи ҳам, истиқболдаги вазифалари ҳам депутатлар томонидан ҳеч қандай босимсиз эркин муҳокама қилинади, холис баҳоланади.

    Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида парламент ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида давлат органлари раҳбарлари ва ҳокимларнинг фуқаролар мурожаатларида кўтарилган масалалари қай даражада ҳал этилаётгани тўғрисидаги ҳисоботларини мунтазам эшитиш тизимини йўлга қўйиш зарурлигини қайд этди. Шу билан бирга, жойлардаги вакиллик органлари фаолиятига Кенгаш сўровини жорий этиш ва ҳокимлар ўзига тақдим этилган ваколатлардан қанчалик самарали фойдаланаётганини аниқлаш имконини берувчи янги назорат тизимини яратиш таклиф этилди. Шу асосда маҳаллий бюджетлар қўшимча даромадларини тақсимлаш, нафақаларни адолатли белгилаш, ижро органлари раҳбарлари фаолиятини баҳолаш, Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиш асносида амалга ошириладиган бўлди.

    Мазкур ташаббуслар ҳокимнинг депутатлар тимсолидаги вакиллари орқали халқ билан узлуксиз мулоқотини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, халқни жамият ҳаётидаги янгиликлардан хабардор қилиш ва халқ томонидан сайланган депутатлар орқали ҳукумат фаолиятини баҳолаш амалиёти мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги реал воқеликка айланиб бормоқда.

    Шу сабабли маҳаллий ижро ва кенгашлар ваколатларини аниқ ажратиш ва ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш, ўз навбатида, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг конституциявий асосларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

    – Конституцияда Вазирлар Маҳкамаси ва ҳокимликларнинг экология, ёшлар сиёсатини амалга ошириш, оилани қўллаб-қувватлаш, мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қулай жамоат транспортини ривожлантириш, аҳолининг дам олиши учун зарур шароитлар яратиш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича масъулиятини белгилаш лозимлиги таклиф этилди. Айтингчи, мазкур долзарб вазифалар Конституция даражасида мустаҳкамланиши нима беради?

    Дарҳақиқат, экология, ёшлар сиёсатини амалга ошириш, оилани қўллаб-қувватлаш, мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қулай жамоат транспортини ривожлантириш, аҳолининг дам олиши учун зарур шароитлар яратиш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш каби масалалар замонавий давлат учун энг муҳим йўналишлар ҳисобланади.

    Бир сўз билан айтганда, ушбу қўшимчаларнинг Конституцияга киритилишини ёқлайман. Мен алоҳида эътибор берганим бу экология, жамоат транспортини ривожлантириш ва аҳолининг дам олиши учун зарур шароитлар яратишдир. Ушбу соҳада муаммолар йиғилиб қолган.

    Ҳокимлар ушбу қўшимчаларнинг киритилишини кутмасдан бугундан бошлаб ушбу соҳалар бўйича алоҳида ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиши керак.

    Бугун жамиятимизни ташвишга солаётган ва мансабдорларнинг эътиборидан четда қолаётган соҳалар ушбу таклифда аниқ қилиб кўрсатилган. Масалан, Конституция даражасида мансабдор шахсларнинг экология ва ижтимоий соҳадаги ишлар учун масъулиятини белгилаш масаласини барчамиз ҳис қилиб турибмиз.

    Яқинда эълон қилинган маълумотга кўра, Тошкент шаҳрининг “яшиллик” даражаси 26 фоизни ташкил қилар экан. Бошқа ҳудудларимизчи? Мазкур йўналишлар ҳокимларнинг фаолиятига баҳо бериш индикаторлари сифатида белгиланиши лозим.

    Мамлакатни ривожлантиришнинг замонавий босқичида кенг миқёсли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ҳамда Янги Ўзбекистон мақсадларига эришиш давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли тизимини яратиш, жойлардаги давлат бошқаруви ва ижро ҳокимияти органларининг уйғун фаолиятини ташкил қилишни тақозо этади.

    Ҳозирги вақтда Қонунчилик палатасида амал қилаётган янги механизм, яъни Бош вазир ва Ҳукумат аъзолари томонидан Олий Мажлисга муҳим парламент қарорлари ва қонунлар ижроси устидан назоратни кучайтириш билан бир қаторда, давлат дастури ижроси ҳақида чорак ҳисобот тақдим этиш амалиёти такомиллаштирилмоқда. Бундан ташқари, Қонунчилик палатасида “Ҳукумат соати” институти киритилиб, унинг давомида Ҳукумат аъзолари депутатлар саволларига жавоб беради, 2019 йилдан эса қуйи палата томонидан Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш амалиёти амал қилмоқда.

    Демак, мазкур конституциявий норманинг жорий этилиши Вазирлар Маҳкамаси ва ҳокимликларнинг юқорида келтирилган энг оғриқли ва зарур йўналишлар бўйича парламент ва жамоатчилик назоратида бўлишига олиб келади. Бу эса, ўз ўрнида, ҳар биримизнинг кундалик турмушда юзага келаётган муаммоларимизга самарали ечим топилишига олиб келади дегандир.

    Мазкур ташаббусни амалга ошириш ижро ҳокимияти самарадорлигини сезиларли равишда ошириш, давлатнинг халқ билан мулоқотини сифат жиҳатдан янги босқичга ошириш ва жойлардаги муаммоларни таъсирчан ҳал этиш имконини беради.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates