Икки ҳафтада икки филиал қад ростлади

    Наманган вилоятининг Поп туманида Давлат хизматлари маркази аҳоли ва тадбиркорлар учун янги имкониятлар кўламини тобора кенгайтириб боришга интилмоқда. Шу мақсадда туман марказидан анча узоқ “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолига беминнат хизмат кўрсатиш, уларнинг вақтини тежаш учун янги филиал фаолияти йўлга қўйилди.

    Мазкур филиал туманнинг тоғли ва баҳаво маскани саналган Чодак қишлоғи ва унга яқин бўлган 11 та МФЙда истиқомат қилувчи 32 мингга яқин аҳолига 140 дан ортиқ турдаги давлат хизматларни кўрсатади.

    Туман Давлат хизматлари маркази директори Воҳиджон Толиповнинг таъкидлашича, филиалнинг фаолият бошлаши марказдаги тирбандликнинг олдини олиш баробарида 60 километр узоқликда яшовчи аҳолининг ортиқча оворагарчилигига барҳам беради. Авваллари ойда икки бор сайёр давлат хизматлари кўрсатилган. Лекин бу билан аҳолини тўлақонли қамраб олишнинг имкони йўқ эди. Мана, энди 12 та МФЙ аҳли ўзларига яқин филиал орқали исталган хизматдан фойдаланиши мумкин.

    Филиал фаолияти ёш келин-куёвларни ҳам мамнун этмай қолмади. Очилиш маросими куни икки ёшнинг никоҳ тузганлик ҳақидаги гувоҳномаси гувоҳлар ва меҳмонлар қаршисида тантанали топширилди. Бундай қулайлик Учқўрғон тумани “Қўғай” МФЙда яшовчи аҳолига ҳам яратиб берилди. Шунингдек, яна 20 та МФЙга хизмат кўрсатиш учун ўз эшикларини очган филиал 60 минг фуқаронинг узоғини яқин қилишга кўмакдош бўлди.

    – Мен 65 ёшни қаршилаган нуроний сифатида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан жуда мамнунман, – дейди Содиқжон ота Қобулов. – Биргина мисол, Қўғай қишлоғимиздаги одамлар давлат хизматларидан фойдаланиш учун туман марказига боришга тўғри келарди. Ҳар сониясидан унумли фойдаланиб, қўли-қўлига тегмайдиган тадбиркорлар учун марказга бориб, вақт ва ортиқча маблағ сарфлаши ноқулайлик туғдирарди. Энди эса барчаси улар истаганидек бўлди. Ўзига қулай фурсат топди, дегунча маҳалладаги филиалга кириб, дарров ишини битириб олади. Айниқса, бу янгилик биз нуронийларни бағоят хурсанд этди. Бинодаги шароит ва кўрсатиладиган хизматлар билан танишар эканмиз, йўлимиз яқин, оғиримиз енгиллашганидан қувондик.

    Орифжон ЖЎРАЕВ,

    Янги Ўзбекистон мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates