Икки қитъани бирлаштираётган умумий манфаатлар

    Европа мамлакатлари маданияти, турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналари Марказий Осиё халқлариникидан фарқ қилади.

    Қадриятлар ва турли мавзулардаги қарашларнинг бир-бирига ўхшамаган жиҳатлари осон кўзга ташланади. Аммо бу ўзаро муносабатлар, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириб боришга тўсиқ бўлолмайди. Аксинча, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий ҳамда халқаро муаммоларга оид умумий манфаатлар турли масалалар бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришни тақозо этмоқда.

    Айниқса, дунёда мавжуд мураккаб геосиёсий жараён ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган зиддиятлар, глобал сиёсий ва иқтисодий беқарорлик, замонавий таҳдидлар минтақалар ҳамда давлатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ўзаро манфаатли шерикликни янада кенгайтириш заруратини ўртага қўяди. Бу борада саъй-ҳаракатлар ҳам анча фаоллашган. Шу йилнинг 2 июнь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё — Европа Иттифоқи иккинчи саммити бунинг ёрқин мисолидир.

    Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи учрашуви барча томонлар учун кутилган воқелик эди. Унда томонлар ўртасида конструктив мулоқотни янада ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга доир қатор муҳим масалалар ўртага ташланди.

    Давлатимиз раҳбарининг саммитдаги иштирокини кузатар эканмиз, икки йирик минтақа ўртасидаги ҳамкорлик бевосита мамлакатимиз ривожида катта ўрин тутиши, айниқса, ўзаро ҳамжиҳатлик масалалари, иқтисодий фаол ҳамкорликдан томонлар бирдек манфаатдорлигини англаш қийин эмас. Хусусан, Президентимизнинг саммит доирасида Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан учрашуви чоғида ҳамкорлик суръати юқори даражада ривожланаётганига урғу берилди. Ўзбекистоннинг ЕИ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми жорий йил бошидан буён 70 фоиз ўсган. Европанинг етакчи компаниялари иштирокида иқтисодиётимизнинг юқори технологик тармоқларидаги инвестиция лойиҳалари портфели эса 20 миллиард евродан ошди.

    Ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётгани бежиз эмас. Боиси, Европа Иттифоқи минтақамиз ва, аксинча, Марказий Осиё мазкур тузилмага аъзо давлатлар иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Гап шундаки, Европа Иттифоқи биз учун 450 миллион аҳолига эга катта бозор бўлса, Марказий Осиё европаликлар учун 70 миллион аҳолидан иборат тез ривожланаётган бозор сифатида бир-бирини тўлдиради. Бу ҳамкорлик озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиёт барқарорлигига эришишда қўл келади. Шу боис, бугунги кунда кўҳна қитъа ва минтақамиз давлатлари савдо-сотиқ, барқарор ва “яшил” энергетика, алоқа, рақамлаштириш, хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш каби кўплаб соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

    Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги фаол муносабатлар 1991 йилда бошланган. Аммо бу алоқаларнинг тез ва барқарор ўсиб бориши 2016 йилдан кейинги даврга тўғри келади. Шу вақтдан мамлакатимиз дунё давлатлари учун ўз эшикларини очиб, глобал иқтисодиётга кириб борди. Юртимизда 2017 йилдан бошлаб Европа инвестиция банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки фаолият юритмоқда. Халқаро майдондаги муносабатлар, янги дўстона алоқалар ўрнатилиши бевосита иқтисодий келишувлар кўламини оширишга хизмат қиляпти. Ўтган йилдан бошлаб эса Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим кучга кирди.

    Ўзаро ҳамкорликдаги дастурлаш даврида (2021—2027) Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги устувор йўналишлар, хусусан, демократик бошқарув ва рақамли трансформация, инклюзив, рақамли ва “яшил” тараққиёт, техник-технологик жиҳатдан ривожлантириш, экологик тоза озиқ-овқат сектори масалалари кўриб чиқилмоқда. Европа Иттифоқи мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши учун аризасига ҳам техник ёрдам кўрсатяпти. 2021 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон ЕИ преференцияларининг умумий схемаси (GSP+)га қўшилиб, ушбу катта бозорга божсиз кириш имконига эга бўлди. Бу тадбиркорларимизнинг жаҳон бозорига чиқишига хизмат қиляпти.

    Бир қарашда, икки минтақа ҳам алоҳида тарзда жадал ривожланяпти ва бир-бирига боғлиқ эмасдек кўринади. Аммо кучларни бирлаштириш, ҳамкорликни ривожлантиришдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор эканини яхши англайди. Шу боис, томонлар алоқаларни кучайтириш, рақамли трансформация, транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик ва “яшил ўсиш” лойиҳаларини амалга ошириш орқали “Глобал дарвоза” ташаббусини тўлиқ рўёбга чиқаришга интилмоқда.

    Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг рақамли трансформация борасидаги улкан салоҳиятидан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва инклюзив ривожланиш йўлида унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, жаҳон бозорларига чиқиш, глобал интеграция ва ҳамкорлик жараёнида фаол иштирок этиш учун транспорт йўналишларини диверсификация қилиш минтақамизнинг барча мамлакатлари учун бирдек долзарб вазифадир. Бу борада ЕИнинг қатор ташаббуслари энг мақбул ва самарали транзит ҳамда логистика инфратузилмаларини яратишга хизмат қилишига аминмиз.

    Биргина транскаспий мультимодал йўналишини ривожлантириш орқали Европа қитъасининг Осиё билан савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш, Марказий Осиё мамлакатларининг эса ташқи бозорларга энг қулай транспорт йўлаклари воситасида чиқишига эришиш мумкин. Шунингдек, Европа Иттифоқи “яшил” ривожланиш бўйича асосий ҳамкоримиз ҳисобланади.

    Европа давлатлари замонавий технологияларни яратишда анча илдамлаган. Фаол рақамлаштириш жараёни кечаётган бугунги даврда эса бундай технологияларга эҳтиёж ортиб боряпти. Хусусан, Марказий Осиё давлатларида ҳам энергияни самарали сарфлайдиган ва ресурсларни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қайта тикланадиган энергия манбалари имкониятларини тўлиқ ишга солиш ҳаракати бошланган. Бу борада эса Европа давлатларининг энг илғор ва замонавий тажрибасига таянамиз.

    Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, инклюзив “яшил ўсиш”га ўтиш, сувдан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш бундан кейин ҳам кўп томонлама ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишлари бўлиб қолади. Шу маънода, атроф-муҳит ва сув ресурслари бўйича келгуси йили Рим шаҳрида бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи — Марказий Осиё халқаро конференцияси ушбу йўналишда аниқ амалий натижаларга эришиш имкониятини яратади.

    Ҳеч бир мамлакат якка ҳолда ривожлана олмагани каби инсоният учун умумий бўлган муаммоларни ҳам ёлғиз бартараф эта олмайди. Айниқса, глобал иқтисодий инқироз, иқлим ўзгаришлари, сув ресурслари танқислиги, минтақавий келишмовчиликлар ва турли оммавий касалликларнинг тарқалиши каби салбий ҳолатлар дунё олимлари ва экспертларини ташвишга солаётган бир даврда ўзаро ҳамжиҳатлик самарали ечимлар топишга йўл очади.

    Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатларини бирлаштираётган масалалар ҳам нафақат давлатлар, балки сайёрамиз ривожи, умумий уйимиз бўлган она замин тинчлиги, инсоният фаровонлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

    Зумрат ҒОИБНАЗАРОВА,

    Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори,

    иқтисодиёт фанлари доктори,

    Анора ҚАҲҲОРОВА,

    университет ўқитувчиси

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates