Илдамлик ҳодисаси

    Президентимиз жорий йил 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида бежиз тўрт муҳим йўналиш асосида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирмади. Чуқурроқ ва кенгроқ фикрлаб, дўппини ёнга ташлаб ўйлаб қарасак, бу йўналишларнинг барчаси ҳам келгуси ҳаётимиз, келажак авлодларимиз фаровон тақдири билан чамбарчас боғлиқ эканини кўрамиз.

    Инсоният яралибдики, тараққий этишдан бир зум бўлса-да, тўхтаган эмас. Ибтидоий даврдан то бугунга қадар яшаш мақоми кўп бор ўзгарди. Саноғига етиб бўлмас ихтиролар, кашфиётлар қилинди. Улар баъзан хайрли, баъзан заҳматли ҳам бўлди. Дунёни таҳликага солувчи элементлар иқтидорга кирди. Лекин бир илоҳий мўъжиза шундаки, унинг таъсирида бу дунё ҳамон омон келмоқда. Бу — сўз. Тўғри ва мақбул сўз.

    Дафъатан, фоний дунёни сўз бошқаради, десак таажжубга тушмассиз. Боиси, сўз Аллоҳ таолонинг инсонга ато этган энг улуғ неъматларидан бири. У муомалага чиқибдики, тафаккур қуроли, бандалик вазифасини адо этиш омилига айланган.

    Жалолиддин Румийнинг “Ичиндаги ичиндадир” асарида жуда ҳикматли бир ривоят бор: “Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлиши билан минбарга чиқди ва халқ: “Ажабо, нима дер экан?” деб кутди. Бироқ Ҳазрати Усмон индамади. Ақалли бир сўз айтмади. Фақат боқди ва халқда шундай бир ҳол пайдо бўлдики, ҳеч кимда ташқарига чиқишга мадор қолмади. Шу вақтгача қилинган юзлаб хутбалар чоғи бундай ҳол ҳосил бўлмаган, мўминлар бундай ҳол соясида ўзлари учун фойда ва сирларни ҳеч қачон бунчалик кўп кашф этмаган эди. Усмон розияллоҳу анҳу йиғин тугагунича гапирмади. Фақат минбардан тушаётганида: “Сиз учун фаол иймон маҳмадона иймондан хайрлидир”, деди. У ҳақ гапни айтди. Чунки сўз айтмоқдан мақсад бир фойда бермоқ, қалбга таъсир этмоқ, ахлоқни ўзгартирмоқ ва ҳоказо яхшиликлар қилмоқдир. Ҳолбуки, Ҳазрати Усмон лом-мим демасдан, гапирган вақтидагидан кўпроқ фойда келтирди”.

    Сўзнинг яна бир қудрати бор, бу — илдамлик ҳодисаси. Яхши ва фойдали тадбирларнинг боши, албатта, фикр қилишдан, уни ифода этишдан нурланади. Юқорида дунёни сўз бошқаради, деганимиз асл маъноси ҳам шунда, аслида. Зеро, ҳамма замонда фикрни етказиш билан мажҳуллик чекинган ва мақсадга эришилган. Бугун ҳам шундай, фақат фикрлаш уҳдасию ҳаёт тамойиллари бошқача. Таҳликали давр шиддати бешафқат. Тирикликнинг ўзи бир оғир қисмат бўлиб турган бу замонда адолат тамойилларига амал қилиш, меҳр-оқибатли бўлиш, давлатлараро муносабатларни мезонлаштириб ёки тийиб туриш ғоят уддабуронликни, нуктадонликни талаб қилади.

    Ҳа, шу тариқа бугун ғоялар кураши авж олган. Сиёсат туси анча жиддийлашган. Бунинг ҳам қатор сабаблари борга ўхшайди, назаримизда.

    Аввало, глобаллашув жараёни, техника тараққиёти эҳтиёжи. Бу ўз-ўзидан катта иқтисодий рақобатни келтириб чиқаради. Бу шундай рақобатки, уни тасаввур қилиш учун бутун мамлакатнинг бугуни ва яқин келажакдаги тақдири ҳамда бирор давлат халқининг фаровонлик ёки камбағаллик даражаси билан ўлчашга тўғри келади. Демак, мана шу эҳтиёж ва замон талаби фонида ҳар бир давлат ўз бошқарув тизимларини, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тамойилларини тубдан қайта кўриб чиқишга мажбур. Йўқса, давр тўфонида “чангга беланиб” қолиши ҳеч шубҳасиз.

    Навбатдаги сабаб экологик ўзгаришларга бориб тақалади. Бугунги экологик манзара дунё мамлакатлари ижтимоий-иқтисодий ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Биргина аграр тармоқда катта ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Пировардида дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳолига сифатли озиқ-овқат етказиб бериш масаласи кун тартибидан тушмай қолди.

    Бундан ташқари, иқлим ўзгаришлари янги инновацион ғояларни ҳаётга тезроқ татбиқ этишни, очилмаган имкониятларни топишни, озиқ-овқат етиштиришнинг табиатга мос усулларини ўзлаштиришни олдимизга жуда муҳим, ҳеч кечиктириб бўлмайдиган вазифа сифатида қўймоқда.

    Шундай мураккаб шароитда замону сиёсат бир томон, табиат ҳукми бир томон бўлиб турган экан, ҳар бир давлат, аввало, ўз халқининг хавфсизлиги, ҳаёти фаровонлигини таъминлашга масъул бўлиши кундек равшан.

    Илм-фан, таълим мезонлари ўзгариши ҳам давлатлараро муносабатларга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бу нималарда намоён бўлади? Шак-шубҳасиз, аввало, ғоялар курашида. Ўзи илм-фан, моҳиятан олганда, ғоя дегани. Шу боис, миллатнинг маърифий юксалиши мемориал тус касб этади.

    Қолаверса, бугунги тараққиётни, ҳеч бир соҳани илмсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Мана шу мезонлар ҳар бир давлат ва унинг раҳбари олдига ёш авлод таълим-тарбиясидек ҳал қилувчи масалага жиддий ёндашмоқ заруратини қўймоқда. Бунда, албатта, инсон капиталига йўналтирилаётган сармоя муҳим.

    Ниҳоят, инсон, жамият, оламнинг ўзгариш тенденциялари. Ҳозир биз санаган уч сабаб жамият ва олам ўзгариши, дунёқарашлар шунга мос шаклланишига туртки беради. Бу ерда гап замонга мослашув, ихтисослашув масаласида кетмоқда. Яъни “замон сенга боқмаса, сен замонга боқ” қабилида иш кўришдан бошқа чора йўқ.

    Албатта, яшаш тенденциялари ўзгариши, ўз навбатида, янгича ёндашувларни талаб қилади. Бу эса давлат бошқаруви тизимида ислоҳот сўрайдиган жараёндир. Ғоят масъулиятли ва бир қарорда ҳам адашиш мумкин бўлмаган жараён.

    Мана шу сабабларнинг ўзиёқ бугун яшаш тамойилларини ўзгартиришни талаб қилади. Демак, Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш шунчаки ислоҳот учун қилинаётган тадбир эмас, балки биз юқорида санаган таҳликали сабабларга қарши кўрилаётган катта эҳтиёж талабидир. Янада соддароқ айтганда, халқимиз турмуш шароитини яхшилаш, турли халқаро муносабатларга бардош бериш ва замонга мослашиш мезонлари билан суғорилган ҳаракат, дейиш мумкин. Шу маънода, Конституцияга ўзгартириш киритиш бугун халқимизнинг яхши ва муносиб яшашга бўлган интилиши, хоҳиш-истаги маҳсули, десак тўғри бўлар.

    Ниҳоят ғоялар кураши авж олиши, сиёсат туси жиддийлашгани билан боғлиқ сабабларга қарши кўрилаётган чора-тадбирларнинг бош асосини Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгартиришларда кўришимиз мумкин.

    Президентимиз жорий йил 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида бежиз тўрт муҳим йўналиш асосида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирмади. Чуқурроқ ва кенгроқ фикрлаб, дўппини ёнга ташлаб ўйлаб қарасак, бу йўналишларнинг барчаси ҳам келгуси ҳаётимиз, келажак авлодларимиз фаровон тақдири билан чамбарчас боғлиқ эканини кўрамиз.

    Албатта, бу тўрт йўналиш ва уларда илгари сурилган таклифларнинг барчасини бир нафасда шарҳлаш ёки бир мақолага сиғдириш имконсиз. Шу боис, бугун уларнинг айримлари, хусусан, ўзимизга яқин олиб, моҳиятини ҳис қилган жиҳатлар ҳақида муносабат билдиришга жазм этдик.

    Бундан олдин эса айтиш жоизки, айрим юртдошларимизни, ҳатто олимларимизни ҳам Конституцияга нима учун ўзгартириш киритиш зарурати ўйлантириб келаётгани бор гап эди. Бунинг аҳамияти қанчалик муҳим эканини Президентимизнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нутқини ўқигач, барчамиз яхши англаб олдик.

    Хуллас, давлатимиз раҳбари иккинчи йўналиш сифатида Асосий қонунимизда “Ўзбекистон — ижтимоий давлат” деган тамойилни мустаҳкамлаш таклифини илгари сурди ва бу энг кўп фикрлар жамланмасидан иборат бўлимни ташкил этди.

    Тараққиётнинг кўп асрлик тажрибаси кўрсатадики, хусусий мулксиз, унинг ишончли кафолатисиз кучли ижтимоий давлатни қуриб бўлмайди.

    “Инсон қадри” тушунчаси “ижтимоий давлат” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир. Ушбу ғоянинг туб негизида ҳам, аввало, инсон қадрини улуғлаш, инсонга хизмат қилишдек олижаноб мақсад мужассамдир. Ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат принциплари асосида муносиб яшаш шароитларини яратиб беради. У — ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир”, деди давлатимиз раҳбари.

    Бундан англаш керакки, янги Ўзбекистонда бошланган халқпарвар сиёсат ҳеч қачон ортга қайтмайди ёки тўхтаб қолмайди. Аксинча, янада қизғин, янада жозибали бўлиб давом этади. Чунки энди биз ижтимоий давлат асослари ва мақсадларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўймоқдамиз.

    Агар биз Асосий қонунимизда мустаҳкамлаётган ижтимоий давлат моделига эътибор қаратадиган бўлсак, “уй-жойга муҳтожлар ҳеч хавотирланмасин, чунки аҳолини арзон ва сифатли уй билан таъминлаш сиёсати бундан кейин ҳам давом этаверади”, дейиш мумкин. Боиси, энди Конституциямизда фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятлари мустаҳкамланади.

    Бош қонунимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларнинг кучайтирилиши ҳар бир фуқаро, ҳар бир тадбиркор доимо давлат, Конституция, қонунлар ҳимоясида бўлишини амалда таъминлайди. Инсонларга, мулкдорларга суд қарорисиз, адолатли товон пулисиз мулкидан маҳрум этилмаслик кафолатини беради. Иқтисодиётимизни ҳаракатга келтирувчи асосий куч бўлган тадбиркорларга, уларнинг қонуний манфаатларига ишончни мустаҳкамлайди.

    Умуман олганда, мамлакатимизда товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағнинг эркин ҳаракатланиши, давлат ички ва халқаро савдо ривожланиши учун барча шароитлар яратишни Конституция билан мустаҳкамлаш фурсати етган эди.

    Бундан ташқари, тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлаш орқали чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини ва бу ҳуқуқ Конституция билан кафолатланганини ўз фаолиятида амалда кўриши мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиётига, пировардида аҳоли фаровонлигига олиб келади. Шу боис, конституциявий нормаларда давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаш механизмлари мавжуд бўлиши айни муддаодир. Асосий қонунимизда ер хусусий мулк бўлиши аниқ белгиланиши лозим.

    Шу билан бирга, халқимиз фаровон ва муносиб яшаши учун ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш, қулай ва хавфсиз атроф-муҳит яратиш, тадбиркорликни ҳимоя қилиш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш каби муҳим омиллар конституциявий асосга эга бўлади.

    “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида ислоҳотлар узвийлиги ва давомийлигига эришиш бугун 35 миллиондан зиёд кўп миллатли халқимизнинг ривожланган давлатларга хос ҳаёт даражасига эришиш, адолатли, эркин ва фаровон жамият қуришдек улуғ мақсадлари билан чамбарчас боғлиқ. Буни янгиланаётган Конституцияга юртдошларимиз томонидан юборилган 48 минг 492 та таклифда ҳам кўришимиз мумкин. “Инсон қадри учун”, “Давлат — инсон учун” деган ғояларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадлари аҳоли томонидан билдирилаётган фикр ва таклифлар орқали кенг қўллаб-қувватланаётгани алоҳида эътирофга сазовор. Улар мамлакатимизнинг ривожланиш тенденциялари бугун ва эртага қандай бўлишига асло бефарқ эмас.

    Албатта, яхши англаймизки, Тараққиёт стратегиясида ўз аксини топган адолатли ва халқпарвар давлат барпо этиш мақсадларига эришиш учун янги конституциявий макон керак эди. Шу боис, Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш йўлида халқимиз ҳамжиҳатлик ва бирдамлик намоён қилди. Бу ўзининг ижобий самараларини бериши шубҳасиз.

    Яна бир қутлуғ мақсад шуки, Президентимиз ташаббуси билан Конституциямизга давлат мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимини, турли мулк шаклидаги, жумладан, хусусий таълим муассасаларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиб бериш билан боғлиқ нормаларни ҳам киритиш таклиф қилинди.

    “Биз таълим, илм-фан ва инсон капиталини ривожлантиришга устувор эътибор бериб келмоқдамиз. Чунки бугунги шиддатли рақобат замонида фақат билимли, маърифатли миллат ва давлат муносиб тараққиётга эриша олади.

    Ота-боболаримиз “Бешикдан қабргача илм изланг”, деган муборак ҳадисга амал қилиб яшаган даврларда юртимиз заминидан буюк мутафаккир зотлар — бухорийлар, термизийлар, хоразмийлар, берунийлар, фарғонийлар, навоийлар етишиб чиққан. Биз ана шундай улуғ аждодларимизнинг янги баркамол авлодини тарбиялаб вояга етказмоқчи эканмиз, бунинг учун боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини устувор тараққий эттиришни конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйишимиз шарт”, деди давлатимиз раҳбари.

    Агар бу гаплар замиридаги буюк келажак марраларини англаб етсак, бугун ҳар биримиз шундай қудратли ва халқпарвар давлатда яшаётганимиздан бошимиз кўкка етади.

    Эътибор беринг, “бугунги шиддатли рақобат замонида фақат билимли, маърифатли миллат ва давлат муносиб тараққиётга эриша олади”. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки биз юқорида таъкидлаган ғоялар кураши айнан шу масала ҳаёт-мамот аҳамият касб этишини урғулайди.

    Яна унутмаслигимиз керакки, янгиланган Конституциямиз Учинчи Ренессансга элтувчи буюк маёқ вазифасини ҳам ўтайди. Боиси, таълим сифати миллий тарихимизда ҳеч қачон янги Ўзбекистон замонидаги каби кафолатланмаган. Тўғри, ҳаракатлар, мақсадлар бўлган, лекин Конституция даражасида саъй-ҳаракат мана энди бошланмоқда.

    Устозга бўлган юксак эҳтиром ҳам Конституциямизда ўз аксини топиши айни муддао бўлмоқда. Қолаверса, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслигини ҳам Асосий қонун даражасида белгилаб қўйиш ташаббуси, ўйлайманки, бутун халқимиз томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинди.

    Ишонамизки, бу йўлни ўзини англаган, Ватанини севган барча фуқаро қизғин олқишлайди. Янги юксалиш даврининг маърифий босқичини муборакбод этади.

    Конституциявий ислоҳотлар ва Асосий қонунимизга киритилаётган ўзгартиришлар ҳақида гапирар эканмиз, беихтиёр, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар кўз олдимиздан ўтади.

    Олдимизда ғоят катта мақсад ва режалар турибди. Уларнинг бош ғояси эса, албатта, “Инсон қадри учун”. Гап шу ҳақда борганида, ҳаётимизга, давлат бошқарувига кириб келган янгича тамойилларни ҳам тилга олиш ўринли бўлади.

    Бу бизга нима беряпти, деган саволга жавобан эса ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки — фаровон ҳаёт, кафолатланган келажак!

    Биз юқорида фикримизни бежиз сўз ва унинг қудрати ҳақида бошламадик. Янги Ўзбекистонда сўз эркинлиги берилган бир даврда яшаяпмиз. Шундай экан, ҳар бир сўзи катта ҳаётий маъно ва мақсад касб этадиган янгиланган Конституциямиз, энг аввало, илдамлик ҳодисасини юзага келтиради. Бу “халқимиз келажакда эмас, бугун ҳам яхши яшаши керак”, деган катта мақсадимизга бизни кун сайин яқинлаштираверади.

    Президентимиз “Сиёсатни халққа яқинлаштириш даври келди”, деб кўп бор айтган ва унинг амалий ифодасини давлат бошқаруви тизимидаги туб ўзгаришларда ҳар биримиз кўриб турибмиз.

    Шу ўринда яна бир мулоҳазага йўл очилади: Конституция, бу, энг аввало, муайян заминда дунёга келган инсонларнинг муносиб яшаш ҳуқуқи, дегани. Шундай экан, янги Ўзбекистонда барқарор жамиятни ва ишончли тараққиётни яратиш барчамизнинг бош маслагимиз, мақсадимиз бўлиши керак.

    Инчунин, Президентимиз айтганидек, “Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси бўладиган янгиланаётган Конституциямизга таяниб, янги Ўзбекистонни, албатта, биргаликда барпо этамиз”.

    Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,

    академик