Илғор тажрибани ўрганиш — тўғри йўл

    Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мутасаддилари олий таълим соҳасидаги халқаро эксперт, Times Higher Education ташкилотининг Россия ва МДҲ мамлакатлари бўйича собиқ минтақий директори Егор Яблоков билан университетларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга доир Россия тажрибасини ўрганиш бўйича видеоконференция форматида мулоқот қилди.

    — Президентимиз томонидан мамлакатимизда олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида республикамиздаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан, иккита университетни биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш вазифаси белгиланган, — деди инспекция бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев. — Бу, албатта, ўз-ўзидан амалга ошадиган осон иш эмас. Кўпгина давлатлар тажрибасига назар солсак, уларда миллий университетларни қўллаб-қувватлашга қаратилган йирик дастурлар амалга оширилгани ва бу каби лойиҳалар яққол самара бераётганига гувоҳ бўламиз.

    Учрашув давомида халқаро экспертга ишлаб чиқилган янги дастурлар ва лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Унинг бу бўйича таклифлари тингланди.

    Егор Яблоков Россиянинг “Приоритет-2030” академик стратегик лидерлик дастури мақсади, вазифалари ва амалга оширилиш механизми ҳақида батафсил сўзлаб берди. Шунингдек, ўзбекистонлик мутахассислар тайёрлаётган лойиҳалар аҳамиятига тўхталиб ўтди.

    — Мазкур дастур икки йил давомида етакчи мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилди. Ҳар қандай давлат университетларни ривожлантиришга маблағ ажратар экан, улардан жамият ва иқтисодиёт учун натижа кутишга ҳақли, — деди эксперт. — Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан Times Higher Education минтақавий директори бўлиб ишлаган пайтимдан бери ҳамкорлик қилиб келаман. Ўзбекистон Президенти олий таълим соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Чунки инсон капитали ва рақобатбардош олий таълим муассасаларисиз мамлакат келажагини тасаввур қилиб бўлмайди. Ўзбекистонда ҳам бунга ўхшаш дастурлар ишлаб чиқилаётгани, бу борада бошқа мамлакатлар тажрибаси ўрганилаётгани жуда тўғри танланган йўл деб ҳисоблайман.

    Якунда инспекция вакилларининг “Приоритет-2030” академик стратегик лидерлик дастури бўйича саволларига батафсил жавоб қайтарилди. Шу билан бирга Ўзбекистон миллий олий таълим муассасалари бўйича ишлаб чиқилаётган дастурларни такомиллаштириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates