Илҳом АЛИЕВ: “Ўзбекистон ва Озарбайжон қардош мамлакатлар, ишончли иттифоқчилардир”

    Тошкент шаҳрида бўлажак Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви олдидан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан интервью ташкил қилинди.

    — Ҳурматли жаноб Президент, Тош­кент шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувида иштирок этишингиз ку­тиляпти. Ушбу формат ҳақида қандай фикрдасиз? Озарбайжоннинг минтақа давлатлари билан алоқалари қай тусда ривожланмоқда ва ҳамкорликнинг бу­гунги даражаси Сизни қониқтирадими?

    — Аввало, таъкидламоқчиманки, бу Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувида фахрий меҳмон сифатида учинчи бор иштирок этишим. Мен қатнашган биринчи шундай тадбир 2023 йил Душанбеда, иккинчиси 2024 йил Остонада бўлиб ўтган. Навбатдаги муло­қотга Тошкент мезбонлик қилади. Барча ҳамкасбларим, айниқса, Ўзбекистон Пре­зиденти, биродарим Шавкат Мирзиёевга таклиф ҳамда Озарбайжоннинг ушбу му­ҳим тадбирда иштирокини қўллаб-қувват­лагани учун самимий миннатдорлик бил­дираман.

    Озарбайжон ва Марказий Осиё мам­лакатлари стратегик аҳамияти тобора ор­тиб бораётган умумий тарихий-маданий, географик ва геосиёсий маконни барпо этмоқда. Бир қарашда Озарбайжонни Мар­казий Осиё давлатларидан ажратиб турган Каспий денгизи, аслида, давлатларимизни жипслаштирувчи муҳим омил ҳисоблана­ди. Бугун ушбу денгиз шунчаки географик тушунча эмас, балки стратегик бирлик, иқтисодий салоҳият ва халқларимизнинг тарихий ҳамкорлиги рамзидир.

    Мамлакатларимизни нафақат географик яқинлик, балки тарихий-маданий алоқа­лар, муштарак диний ва маънавий қадрият­лар, урф-одатлар бирлаштириб туради.

    Озарбайжон минтақадаги барча мамла­катлар билан ҳамкорликни энг юқори да­ражада ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Икки томонла­ма ўрнатилган мазкур стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари, шунинг­дек, фаол сиёсий мулоқотимиз, ўзаро таш­рифларимиз ушбу жараён муваффақиятли кечишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб ҳисоблайман.

    Сўнгги бир неча йил ичида давлат раҳ­барларининг ўзаро ташрифлари ва муло­қотлари динамикаси муносабатларимиз юқори даражада эканини яққол намоён этмоқда. Хусусан, охирги 3 йил ичида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Озарбайжонга 30 га яқин ташрифни амалга оширди, мен эса худди шу даврда қардош мамлакатларга 13 марта бордим.

    Ўрта йўлакнинг аҳамияти ортиб бораёт­гани шериклик кўламини кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.

    Ишончим комилки, Марказий Осиё дав­латлари раҳбарларининг 7-Маслаҳат учра­шуви қардош халқларимиз ўртасидаги аза­лий дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, сиёсий, иқтисодий, транспорт, инвестиция, энергетика, маданий-гуманитар ва рақамли трансформация соҳаларидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим бос­қич бўлади.

    — Муҳтарам Президент, Озарбай­жон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ташрифлар жадал­лашгани, фаол сиёсий мулоқот йўлга қўйилиб, ўзаро англашув юксак дара­жага кўтарилганини таъкидладингиз. Сўнгги бир ярим йил ичида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озар­байжонга 5 марта ташриф буюрди. Қо­лаверса, йил давомида турли халқаро майдонларда ҳам бир неча бор учраш­дингизлар. Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабат ўрна­тилганининг 30 йиллиги нишонланаёт­ган жорий йилдаги икки томонлама ало­қалар ҳолатини қандай баҳолайсиз?

    — Ўзбекистон — Озарбайжон учун қардош мамлакат, ишончли иттифоқ­чи. Бизни муштарак илдизлар, маънавий қадриятлар, тил, этник яқинлик, бой та­рихий ва маданий мерос бирлаштириб туради. Асрлар давомида қардош халқ­ларимиз ўзаро илиқ муносабатда бўлиб, бир-бирини чуқур ҳурмат қилган. Бугун давлатлараро муносабатларимиз ана шу мустаҳкам пойдевор асосида муваффа­қиятли ривожланиб бораётгани қувонар­ли, албатта.

    Ҳозирга келиб, Озарбайжон ва Ўз­бекистон ўртасидаги муносабатлар энг юқори — иттифоқчилик даражасига кў­тарилган.

    Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев билан ўртамизда шаклланган ишончли ва дўстона шахсий муносабат­лар ҳам икки томонлама алоқаларни ри­вожлантиришда муҳим омил ҳисобланади. Ўзбекистон етакчисининг давлатлараро муносабатларимиз ривожига қўшаётган шахсий ҳиссаси, кенг кўламли ҳамкор­ликни изчил мустаҳкамлаш масалаларига қаратаётган доимий эътиборини алоҳида таъкидламоқчиман.

    Қардош Ўзбекистон раҳбари, атоқли дав­лат арбоби, Озарбайжоннинг яқин дўсти Пре­зидент Шавкат Мирзиёевни юртимизда қабул қилиш биз учун доим катта шараф ва мамну­ният бағишлайди. Қайд этганингиздек, ўтган бир ярим йил давомида бундай ташрифлар беш марта юз берди. Буларнинг бари муноса­батларимизнинг юқори суръатидан далолат.

    Ўтган йил август ойида мен давлат ташри­фи билан Ўзбекистонда, шу йил июль ойида эса Ўзбекистон Президенти Озарбайжонда бўлди. Ушбу тарихий ташрифлар доираси­да ўнлаб, жумладан, Стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги декла­рация, Озарбайжон Республикаси ва Ўзбе­кистон Республикаси ўртасида 2025-2029 йилларга мўлжалланган Иттифоқчилик му­носабатлари тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ва бошқа му­ҳим ҳужжатлар имзоланди. Ўтган қисқа давр мобайнида улкан ишлар бажарилди. Ўзаро ташрифларнинг ҳаммаси Озарбайжон — Ўз­бекистон муносабатларини барча соҳаларда мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказий Осиё ва Каспий минтақасини ўз ичига олган ягона географик маконда шерикликнинг янги имко­ниятларини рўёбга чиқаришга кучли туртки берди.

    Муносабатларимизни ривожлантириш стратегиясини белгилашда 2023 йил август ойида таъсис этилган Олий давлатлараро кен­гаш ҳам алоҳида ўрин тутади. Ўзаро давлат ташрифлари доирасида — 2024 йил 22 август куни Тошкентда ва 2025 йил 2 июлда Бокуда ушбу тузилма йиғилишлари бўлиб ўтди.

    Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий ях­литлигини доимо қўллаб-қувватлаб келган. Фурсатдан фойдаланиб, қардош Ўзбекис­тонга Қорабоғни тиклаш, хусусан, Фузулий­да ҳозир 600 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олаётган буюк ўзбек олими Мирзо Улуғбек номидаги мактаб қурилишига қўшган ҳисса­си учун миннатдорлик билдираман. Ўзбекис­тон Қорабоғ минтақасини тиклашда ёрдам кўрсатиш ташаббуси билан чиққан дунёдаги биринчи давлат бўлди. Биз буни мамлакатла­римиз ва халқларимиз ўртасидаги ҳамжиҳат­лик, дўстлик, биродарлик ифодаси сифатида доимо ёдда сақлаймиз.

    Қардош мамлакатга бўлажак ташрифни интизорлик билан кутяпман. Ҳар сафар Ўз­бекистоннинг жадал ривожланишини, мам­лакат халқи эришаётган улкан ютуқларни беҳад мамнунлик билан кузатаман. Кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётга­ни, жамият ҳаётининг барча соҳалари из­чил модернизация қилинаётгани мамлакат­нинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва мавқеини янада юксалтиришга хизмат қил­моқда. Бу ютуқлар дўстим ва биродарим Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган, аниқ мақсадга йўналти­рилган ва пухта ўйланган давлат сиёсати самарасидир.

    Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик нафақат икки томонлама форматда, бал­ки халқаро майдонда ҳам муваффақиятли ривожланмоқда. Озарбайжон ва Ўзбекис­тон Туркий давлатлар ташкилотининг фаол аъзолари ҳисобланиб, туркий бирликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бундан ташқари, муносабатларимиз БМТ, Қўшилмаслик ҳаракати, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташки­лоти, ОҲИЧК ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали тус олган.

    — Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртаси­даги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бу­гунги даражасини қандай баҳолайсиз?

    — Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳозирги динамикасидан тўлиқ қониқиш мумкин. Ҳар икки томон ўзаро алоқалар­ни кенгайтириш учун катта ишлар қил­моқда, янги лойиҳаларни, қўшма ташаб­буслар илгари суришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги кунда Озарбайжонда Ўзбекистон инвестицияси иштирокидаги 120 га яқин тижорат ташкилоти рўйхат­дан ўтган ҳолда, иқтисодиётнинг турли тармоқлари, жумладан, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт ва хизмат кўрсатиш соҳаларида муваффақиятли фао­лият юритмоқда.

    Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо жадал суръат билан ривожланмоқда. Хусусан, 2024 йил ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 252 миллион долларни ташкил этди, 2025 йил январь-сентябрь ойларида ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нис­батан 87,5 фоиз ўсиб, 319 миллион долларга етди.

    Сармоявий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқ­да. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Озарбай­жон иқтисодиётига 21,8 миллион доллар сар­моя киритган, Озарбайжон эса Ўзбекистон иқтисодиётига 183,5 миллион доллар инвес­тиция йўналтирган. 2023 йил умумий капи­тали 500 миллион долларлик, ҳам мамлакат­ларимиз ҳудудида, ҳам учинчи давлатларда лойиҳалар амалга оширишни кўзда тутган Озарбайжон — Ўзбекистон қўшма инвести­ция компанияси ташкил этилди.

    Енгил саноатни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратаётган, анъанавий дўстлик ва қардошлик риштасини мустаҳ­камлашга ҳисса қўшаётган Хонкендидаги қўшма корхона — тикувчилик фабрикаси ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.

    Иқтисодий алоқаларни ривожлантириш орқали шерикликнинг истиқболли йўналиш­ларини белгилашда Озарбайжон Республи­каси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолиятини эътироф этиш лозим. Мунтазам ўтказиб келинаётган Озарбайжон — Ўзбе­кистон минтақавий форуми айни йўналиш­даги ҳамкорликни ривожлантириш учун са­марали платформага айланди.

    Озарбайжон қардош Ўзбекистон билан иқтисодиётнинг барча тармоқларида ҳам­корликни янада кенгайтиришдан манфаат­дор. Бунинг учун юксак сиёсий ирода ва ул­кан салоҳият мавжуд. Бугунги кунга қадар иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун ишончли ҳуқуқий асос яратган 200 га яқин ҳужжат имзоланган. Озарбайжон бун­дан кейин ҳам икки томон манфаатларига мос келадиган, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ҳамкорликни қўллаб-қув­ватлайди.

    — Транспорт, логистика ва энергетика соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик­нинг қандай истиқболларини кўряпсиз?

    — Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳам­корликнинг асосий йўналишларидан бири диверсификацияланган транспорт-логис­тика инфратузилмасини яратиш ва транзит имкониятини кенгайтиришдир. Бу борада мамлакатларимизнинг “Ўрта йўлак” халқа­ро транспорт йўлагидаги иштироки алоҳида аҳамиятга эга. Бу жараёнда Озарбайжон Ўз­бекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари учун муҳим транзит давлат ҳисобланади. Сўнгги йилларда ушбу йўлак орқали экс­порт имконияти ва ташув салмоғини оши­риш масаласи алоҳида стратегик аҳамият касб этмоқда.

    2024 йил мамлакатларимиз ўртасидаги транзит ташув 2023 йилга нисбатан 18 фоиз­дан кўпроқ ошиб, 1 миллион 300 минг тонна­дан ортди. 2025 йилнинг тўққиз ойидаёқ бу кўрсаткич қарийб 1 миллион тоннага етиб, транспорт алмашинуви жадал ўсиб бораётга­нини кўрсатди.

    Озарбайжонда яратилган замонавий транспорт инфратузилмаси, жумладан, савдо флоти, яқин йилларда қуввати 25 миллион тоннага етадиган “Алат” халқаро савдо порти, Боку — Тбилиси — Қарс те­мир йўли, шунингдек, мамлакатнинг тўқ­қиз халқаро аэропорти глобал транспорт ва логистика маркази сифатидаги ўрнимизни мустаҳкамловчи омиллардир. Бундан таш­қари, Зангезур йўлаги очилиши ҳам Марка­зий Осиёнинг барча мамлакатларига фойда келтиради.

    Шаҳарларимиз ўртасидаги авиапарвозлар муҳим аҳамиятга эга. “AZAL” авиакомпания­си ҳафтасига Боку — Тошкент — Боку йўна­лишида 7 марта, Боку — Самарқанд — Боку ҳамда Боку — Урганч —Боку йўналишлари­да 2 мартадан йўловчи рейсларини амалга оширмоқда. Ўз навбатида, бир ҳафтада “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси само­лётлари Тошкент — Боку — Тошкент йўна­лиши бўйлаб 3 марта, “Centrum” компанияси учоқлари эса 2 марта учяпти.

    Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва “яшил” энергетикани ривожлантириш ҳам устувор йўналишлар бўлиб қолмоқда. “SOCAR” Ўзбекистонга Озарбайжон нефть ва нефть-кимё маҳсулотлари экспорт қила­ди. 2016 йилдан буён “Ozlitineftgaz” инс­титути ва “SOCAR NIPI Neftegaz” негизи­да ташкил этилган “Neftegaztexnologiya” қўшма корхонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда.

    2024 йил Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика тизимларини интег­рациялаш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган қатор стратегик битим ва меморандумларни имзолади. Бу минтақани барқарор ривож­лантириш ва энергетика соҳасидаги ҳамкор­ликни мустаҳкамлаш учун янги истиқболлар очади.

    — Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг ма­даний-гуманитар соҳадаги ҳамкорлиги ҳақида нима дея оласиз?

    — Маданий-гуманитар ҳамкорлик мамла­катларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардош­ликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги тўғридан тўғри мулоқотни кенгайтиришда муҳим роль ўйнайди. Биз умумий тарихий- маданий қадриятларни асраб-авайлаш йўли­да бирга одимлаб, барча даражаларда яқин ҳамкорликни давом эттиряпмиз.

    Хусусан, 2023 йил Озарбайжонда Ўзбе­кистон маданияти кунлари, 2024 йил Ўзбе­кистон фан ва маданият кунлари ўтказилди. Шу йил Ўзбекистонда Озарбайжон мадания­ти кунлари, Хива шаҳрида “Шуша кунлари” ташкил этилди. Ушбу тадбирлар халқла­римизнинг бой маданий меросини намоён этиш, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва бир-биримизнинг маънавий оламимизни бойитишга бўлган якдил интилишни акс эт­тиради.

    Мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Исмоилли — Риш­тон, Шуша — Хива, Ланкаран — Бухоро, Шеки — Қўқон, Биласувар — Термиз, Мин­гачевир — Наманган, Фузулий — Гулистон, Қуба — Жиззах, Бейлаган — Шаҳрисабз ша­ҳарлари ўртасида биродарлик ва шериклик алоқалари ўрнатилди. Ҳудудлараро алоқалар фаоллашуви халқларни яқинлаштириш, таж­риба алмашиш ва ҳамкорликнинг маданий- гуманитар кун тартибини бойитишга хизмат қилмоқда.

    Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик­нинг рамзий ифодаси сифатида маданий аҳамиятга эга объектлар мавжуд: Тошкентда Ҳайдар Алиев майдони бор. Шу йил июль ойида Бокуда “Ўзбекистон” боғига тамал тоши қўйилди.

    Фурсатдан фойдаланиб, Озарбайжон хал­қининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев хотирасига кўрсатилаётган эҳтиром, чин би­родарлик муносабати учун Ўзбекистон раҳ­барияти ва бутун қардош ўзбек халқига мин­натдорлик билдирмоқчиман.

    Спорт соҳасидаги ҳамкорликда ҳам яхши натижаларга эришилмоқда. Икки давлатнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида ФИФА Ижроия қўмитаси 2027 йил бўлиб ўтадиган U-20 Жаҳон чемпионати финал босқичини Озарбайжон ва Ўзбекистонда ўт­казиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу Ев­ропа ва Осиёни бирлаштирадиган умумий тарихий ютуғимиздир.

    Оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам са­марали ривожланмоқда. 2024 йил 23-25 сен­тябрь кунлари Тошкентда биринчи Ўзбекис­тон — Озарбайжон медиафоруми, жорий йил 29 сентябрда Бокуда иккинчи Озарбайжон — Ўзбекистон медиафоруми бўлиб ўтди. Бундан ташқари, 2024 йил декабрь ойида Тошкентда илк бор Ўзбекистон ва Озарбайжон нодавлат ташкилотлари форуми ташкил этилди.

    Мазкур тадбирлар ва амалга оширилган лойиҳаларнинг барчаси Озарбайжон ва Ўз­бекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги мустаҳкам қардошлик алоқаларини яққол намоён этиб, халқларимиз ўртасидаги дўст­ликни мустаҳкамлаш, маънавий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хиз­мат қилмоқда.

    — Жаноб Президент, ушбу мазмунли суҳбат учун тиғиз иш жадвалингиздан вақт ажратганингиз учун раҳмат.

    — Ўзбек халқининг Озарбайжон — Ўзбе­кистон муносабатлари ва умуман, минтақада рўй бераётган жараёнларга қизиқиши тобора ортиб бораётгани менга катта мамнуният ба­ғишлайди. Асрлар давомида қардош халқла­римиз ва мамлакатларимизни боғлаб келган дўстлик ва ҳамкорлик ришталари бардавом бўлсин.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates