Илмий-маърифий соҳадаги Ўзбекистон - Франция ҳамкорлигини янада мустаҳкамланади

    Таълим 13 январ 2022 1340

    Ўзбекистоннинг Франция ва Португалиядаги элчиси Сардор Рустамбоев Тошкентдаги «Alliance Francaise» ташкилоти директори Дилшод Аҳмедов билан учрашув ўтказди.

    Бўлиб ўтган мулоқот чоғида илмий-маърифий соҳадаги ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

    Президент ва ихтисослаштирилган мактабларда француз тилини ўқитиш, шунингдек, мамлакатимиз филологларининг малакасини ошириш мавзусига алоҳида эътибор қаратилди.

    Дилшод Аҳмедов «Service Civique» дастури доирасида француз тили ўқитувчиларини жалб қилиш, шунингдек, «Alliance Francaise» марказида француз тили ўқитувчилари малакасини ошириш курсларини ташкил этиш имконияти ҳақида атрофлича маълумот берди. У шунингдек, француз тилида «DELF/DALF, TCF» ҳамда мактаб ўқувчилари учун «Delf junior» халқаро сертификатларини олиш учун яратилган шароитлар билан ҳам таништирди.

    Бундан ташқари, Франциянинг «AMOPA» уюшмаси томонидан тақдим этилган француз тили дарсликлари ва китобларини «Alliance Francaise» кутубхонасига етказиш масаласи юзасидан ҳам фикр алмашилди.

    Учрашув якунлари бўйича томонлар илмий-маърифий соҳадаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича келишувга эришди, деб хабар беради «Дунё» АА.