И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети ректори билан музокаралар ўтказилди

    Энергетика 26 октябр 2021 960

    Жорий йил 24 октябрда «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев И.M.Губкин номидаги Россия Давлат нефть ва газ университети ректори, профессор В. Г. Мартинов билан музокаралар ўтказди.

    Ушбу учрашув В. Г. Мартиновнинг Ўзбекистон Республикаси президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида мамлакатимизга ташрифи доирасида амалга оширилди.

    Икки томонлама ҳамкорликнинг аҳамияти ва самарадорлиги таъкидланиб, кўп йиллик олиб борилган ҳамкорликдаги ишлар доирасида И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали Республика нефть-газ тармоғи учун зарур бўлган мутахассисларни тайёрлаб бергани қайд этилди. Ушбу олий ўқув юртини тамомлаган битирувчилар «Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимида муваффақиятли фаолият юритиб, компания ривожига фаол ҳисса қўшиб келяпти.

    Учрашув чоғида томонлар ҳамкорлик кўламларини кенгайтириш имкониятлари, хусусан, фаолиятнинг барча соҳаларида инновацияларни самарали амалга ошириш муҳимлигига эътибор қаратишди. Томонлар нефть-газ ишида таълим дастурларининг янги йўналишларини очиш ва технологик жараёнларни автоматлаштириш имкониятларини муҳокама қилди.

    Россия нефть ва газ олий таълим муассасаси ректори билан учрашув чоғида «устоз-шогирд» тамойилини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик ҳам ўз аксини топди. Бу борада абитуриентларни олий ўқув юртларига тайёрлаш мақсадида Қарши шаҳридаги ҳудудий тайёрлов бўлимларининг (ҲТБ) муваффақиятли намунасини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳудудларида, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилояти ҳудудларида ҲТБ очиш имконияти кўриб чиқилди.

    Шунингдек, учрашувда «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси томонидан углеводородларни қайта ишлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш каби йўналишларни очиш таклифи берилди. Бундан ташқари, талабалар мукаммал билим олишлари учун Филиалда магистратура босқичини йўлга қўйиш ҳамда соҳа билан боғлиқ бўлган олий таълим муассасаларининг битирувчиларини Университетда (Москва шаҳрида) мақсадли магистратура босқичида ўқитиш таклифи илгари сурилди.

    Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда «Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимидаги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарида Филиалнинг мавжуд кафедралари билан кадрлар тайёрлаш ва илмий изланишлар бўйича мунтазам тарзда ҳамкорликда фаолият юритиляпти.

    Филиал талабаларининг ўқув-амалий машғулотларини бевосита ишлаб чиқариш корхоналарида ташкил этиш учун «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг ишлаб чиқариш корхоналарида «тажриба синов участкалари» ташкил қилинган. Бундай яратиб берилган шарт-шароитлар учун Филиал ректори «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раисига миннатдорчилик билдирди.

    Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март-май ойларида Филиалнинг 270 нафардан зиёд талабалари ўқув-амалий машғулотларини «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг ишлаб чиқариш корхоналарида ташкил этилган. И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиали талабаларини рағбатлантириш, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш мақсадида, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раисининг стипендияси жорий этилди, де хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.