Имо-ишорали бизнес ёки топилмаган калаванинг учи

    Фикр 16 июн 2025 588

    Сўнгги йилларда Тошкент шаҳри кўчалари, каттаю кичик кўнгилочар масканлар, овқатланиш, аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчалари ён-атрофидаги автотураргоҳда машиналарни тартибга солиб турганларга кўзимиз тушади.

    Шу хизмати эвазига уларга ҳақ бериб кетамиз. Баъзида саховатимиз жўшиб, кўпроқ атаб ҳам юборамиз. Айримлар уларга бераётган пулини тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлайди. Савоб, ҳадя, садақа қиляпман, деб ўзи оммага кўрсатади.

    Улар эса жим, айримлари мийиғида кулиб ҳам қўяди. Бу табассумни кўрсатилаётган илтифотга миннатдорлик деб қабул қиласизми ё “бопладим” деган истеҳзо сифатидами, бу ўзингизга ҳавола. Улар ўрни келганда ноиложлик қилиб, айрим ҳолларда ўзини тушунмаганликка солиб, “соқов”га айланиб, айрим вақтларда важоҳатини кўрсатиб пулини олади. Нима қилса ҳам ўша ердан тўловсиз чиқиб кетолмайсиз.

    Ҳа, англадингиз! Булар эшитиш ва гапиришда нуқсони борлар. Мақоламиз уларнинг шахсияти ёки фуқаролик ҳуқуқлари эмас, шунчаки улардан қандай фойдаланилаётгани ҳақида.

    Сўнгги кунларда бу масала жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айрим ҳайдовчилар улар ёрдамида ноқонуний автотураргоҳлардан жой топишга қулайлик сифатида қараса, бошқалар буни ҳокимият ва назорат органлари томонидан етарлича тартибга олинмайдиган коррупцияга асосланган бизнес деб баҳоламоқда.

    Ҳатто Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бу бўйича махсус баёнот билан ҳам чиқди. Бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз.

    Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг айримлари эса ногирон шахсларнинг бу бизнесга жалб қилинганига норозилик билдирмоқда. Бу ҳолатни инсон ҳуқуқларига қарши қаратилган эксплуатация деб ҳисоблаётганлар ҳам йўқ эмас. Айримлар эса бу тоифадаги инсонлар шу орқали тирикчилик қилишини, акс ҳолда, қийин аҳволга тушиб қолиши мумкинлигини баён этади. Шу билан бирга, баъзи ҳуқуқшунос ва иқтисодчилар бу муаммонинг илдизи шаҳар инфратузилмасидаги автотураргоҳлар етишмаслиги ва расмий назоратнинг камлигида, деб ҳисоблайди ҳамда муаммони ҳал қилиш учун тизимли чоралар кўриш кераклигини таъкидлайди.

    Муаммонинг кенгроқ таҳлили

    Автотураргоҳлар соҳасидаги муаммо нафақат Тошкент, балки бошқа шаҳарларда ҳам кузатилади. Бу ҳолат шаҳарларнинг ривожланиш стратегиясидаги камчиликлар, инфратузилмани яхшилашга оид дастурларнинг етарли даражада эмаслиги билан боғлиқ.

    Ноқонуний автотураргоҳларнинг кўпайиши нафақат жамоатчилик учун қийинчилик туғдиради, балки транспорт тизими самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади.

    Йўл ҳаракатидаги тўхталишлар ва тирбандликлар ошиши натижасида вақт ва ёнилғи сарфи ортиб, атроф-муҳитга кўпроқ зарар етади.

    Шунингдек, ноқонуний автотураргоҳлар орқали йиғилаётган маблағдан давлатга солиқ тушмайди. Бу иқтисодий жиҳатдан ҳам катта йўқотишларга олиб келади ва жамият учун ўринли муаммога айланади.

    Тошкент кўчаларидаги ноқонуний автотураргоҳлар расмий рухсатномалар ва солиқ тўловларисиз фаолият юритадиган бизнесдир, деб бемалол айтиш мумкин. Бундай бизнес шакли қонунчиликка тўлиқ зид ва давлат назорати остида бўлмаслиги оқибатида қатор салбий оқибатларга олиб келади.

    Рухсатнома ва лицензиясиз фаолият

    Автотураргоҳлар учун шаҳар ҳокимлиги томонидан бериладиган рухсатнома ва лицензия талаб қилинади. Бу ҳужжатлар расмий равишда бизнеснинг қонунийлигини тасдиқлайди ва фаолиятни назорат қилиш имконини беради. Аммо ноқонуний автотураргоҳлар бу тартибни бузиб, бевосита йўл четларини ўзи назорат қилиб, ноқонуний равишда пул йиғади. Бу фаолиятнинг бирон-бир расмий ҳужжати йўқлиги, иштирокчиларни жазолаш ва тўхтатишни қийинлаштиради.

    Солиқ тўлаш мажбурияти йўқлиги

    Расмий бизнес субъектлари каби автотураргоҳлар фаолиятидан тушган даромадлардан солиқ тўлаш мажбурияти бор. Аммо ноқонуний автотураргоҳларда бу жараён амалга ошмайди. Давлат солиқлари тўланмайди. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, солиқсиз соҳалар орқали давлатга ҳар йили миллиардлаб сўм миқдорида зарар етказилади.

    Давлат ва жамият учун оқибатлари

    Солиқ ва бошқа даромадлардан тушган маблағ давлат инфратузилмасини яхшилаш, жамоат хизматларини молиялаштириш учун сарфланади. Шунингдек, ноқонуний фаолият коррупция, давлат органларига нисбатан ишончсизлик ва ижтимоий норозиликларни кучайтиради.

    Бу биз тушунган ва ақлимиз етганча чиқарган хулосалар. Масаланинг чуқур таҳлилини эса ўтказган журналистик суриштирувимиз натижасидан билиб олишингиз мумкин.

    Биринчи воқеа. Яқинда йўл-йўлакай банк хизматлари билан боғлиқ ишим бўлгани учун Тошкент шаҳрининг Шаҳрисабз кўчасида жойлашган банкка киришга мажбур бўлдим.

    Ишга жуда шошаётганим туфайли йўл четидаги автотураргоҳга машинани қўйиб, ичкарига кириб чиқдим. Энди машинани юрғизган эдим, ёнимда сариқ жилетли одам пайдо бўлди ҳамда имо-ишора билан пул беришим кераклигини тушунтирди. Дарвоқе, мақола давомида кўп бор тилга олганимиз сабабли шартли равишда уларни “стояншик”, деб атаймиз.

    “Банкирлар шу ердан ҳам пул ишлаш йўлини қилибди, омадини берсин”, деб ўйладим ва пластик картамни унга узатдим. Модомики банк хизматларининг бир тури бўлса, картамдан ечиб ола қолсин, дея. “Стояншик” эса қўли билан кескин ҳаракат қилиб, нақд пул беришим кераклигини тушунтирди. Тушундим ва унга 5000 сўм бериб, йўлимда давом этдим.

    Шу бўлди-ю, бу воқеани унутдим.

    Иккинчи воқеа. Ҳамкасблар билан Тошкент шаҳридаги ошхоналардан бирида тушлик қилдик. Хўрандалар гавжум, таомлари ҳам мазали. Шунинг учун бўлса керак, автоуловда келганлар ҳам саноқсиз эди. Тушликдан сўнг чиқиб машинага ўтирган эдик, “стояншик” пайдо бўлди. Машинани тўғри йўлга солиб олишимизга қарашган бўлиб, хизмат ҳақини сўради. Ваҳоланки, унинг ёрдамисиз ҳам тўғри чиқиб кетаётган эдик.

    Қанчалик қаршилик қилмай, ҳамкасбимиз унга пул узатди ва “майли, савоб бўлади”, деди. Йўл-йўлакай шу воқеа ҳақида гаплашиб келдик. Кимдир уларнинг бу иши ноқонуний деса, бошқаси, албатта, пул бериш кераклиги, улар ҳам меҳнат қилиб пул топаётганини исботлашга киришди.

    Ҳамкасбимиз — иқтисодчи Шарофиддин Хидиров “Бундай автотураргоҳлар солиқ тўламайди. Шунинг учун давлат бюджети катта миқдорда даромаддан маҳрум бўлади. Улар расмий ҳужжатларсиз ишлайди. Рухсатнома ва лицензияга эга эмас. Бу ҳолат бизнеснинг ноқонунийлигини кўрсатади”, деди.

    Яна бир ҳамкасбимиз, устоз журналист Бекқул Эгамқулов эса ногиронлиги бор шахслар орқали пул йиғиш оддий одамларда шубҳа уйғотмайдиган ва ортиқча эътирозларга сабаб бўлмайдиган жиҳат экани, бу ёқимсиз ҳолат уларнинг меҳнати эксплуатация қилинишига сабаб бўлиши, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий адолатга тўғри келмаслигини таъкидлади.

    Мунозарамиз унча узоқ давом этмади. Эътиборга арзимасдек кўринган бу мавзуни унутиб, муҳокамага нуқта қўйдик.

    Учинчи воқеа. Дам олиш куни Амир Темур хиёбонини айланишга оилавий бордик. Кечки пайт, ҳаво ёқимли, одам жуда кўп. Машинани Тошкент шаҳри Матбуотчилар кўчаси 32-уй атрофига қўймоқчи бўлгандик, йўл четида турган яна бир “стояншик” югуриб келди ва машинани жойлашга қарашгандек бўлди. Уловимизни жойлаштириб, хиёбонга кириб кетдик. Орадан ўтган вақт давомида қанча автомобиль келиб-кетди, билмадим, лекин чиққанимизда йўл бўйи тўла эди. Бир илож қилиб улардан ўтиб олдик. Энди тезликни оширмоқчи бўлгандим, қаердандир “стояншик” чиқиб келди. Мен унга пул бермаслигимни тушунтирдим.

    Олдинига қўлини тепага қилиб бир нималар деди, кейин машинанинг олдига ўтиб олиб, юришимизга йўл қўймади. Унинг бу ҳаракати болаларга ёмон таъсир қилмасин, деб 10 минг сўм беришга мажбур бўлдим ва уйга келдим. Эртаси куни бўлиб ўтган воқеани жиддий таҳлил қилиб кўрдим. Бу биринчи марта эмаслиги, шаҳарнинг барча ҳудудида шунақа тизим мавжудлигини ўйлаб, мавзуни суриштиришга бел боғладим.

    Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида ноқонуний автотураргоҳлар сони сезиларли ошган. Тошкент шаҳар ИИББ ва шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, 2023 йилнинг ўзида 300 дан ортиқ ноқонуний автотураргоҳ аниқланган ва фаолияти тўхтатилган. Лекин бу рақам расмий ҳисобга тушган ҳолатлар. Амалда бундай жойлар янада кўп.

    Журналистик кузатувимизга кўра, ноқонуний автотураргоҳларда кар ва соқов — ногиронлиги бўлган фуқаролар ишлатилади. Бу эса икки томонлама ҳимоя механизми вазифасини бажаради:

    — ногиронлиги бўлган шахслар (соқов)нинг гаплашиш имкони йўқлиги сабабли улар текширувчи органлар билан мулоқотда бўла олмайди;

    — уларга нисбатан жазо чораси қўллаш мураккаб, чунки жамиятда ижтимоий ҳимояга эҳтиёжи бор тоифа ҳисобланади.

    Бу усул орқали айрим шахс ва гуруҳлар шаҳар йўл четини ўзлаштириб, пул йиғиб келмоқда. Жамоатчилик орасидаги сўровларимизга кўра, бу “бизнес” тасодифий одамлар эмас, балки муайян гуруҳлар томонидан тизимлашган ҳолда ташкил қилинган.

    Журналистик суриштирувни бошлаш анча мураккаб бўлди. Сабаби, ўзимиз борган автотураргоҳдаги барча “стояншик”лар биз билан мулоқот қилишни хоҳламади. Турли йўлларни синаб кўрдик, барибир улар бирор маълумотни очиқламади.

    Шундан сўнг таржимон олишга қарор қилдик. Олмазор туманидаги 102-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатга мурожаат қилдик. У ердан сурдопедагог жалб қилдик ва мақсадимизни батафсил тушунтириб берганимизда, у ҳам ёрдам беришни рад этди.

    “Менинг отам ҳам, онам ҳам кар ва соқов бўлган. Уларнинг қанчалик қийналиб бизни боққани кўз олдимда турибди. Сиз кўтараётган мавзу қаҳрамонлари ҳам бошқа иш йўқлигидан — мажбурликдан бу ишни қилмоқда. Уларни танқид қилиб, мақола чиқариш учун сизларга таржимонлик қила олмайман”, деди исми сир қолишини сўраган сурдотаржимон.

    Биз эса мақола бирёқлама бўлмаслиги, масаланинг ҳуқуқий жиҳатларига ҳам тўхталишимиз, тегишли ташкилотлардан фикрлар олишимиз, таъбир жоиз бўлса, фақат улар айбдор эмаслигини исботлашимиз мумкинлигини тушунтирдик.

    Шундан кейин таржимонимиз бирга ишлашга рози бўлди. Фақат...

    Ишни нимадан бошладик?

    Дастлабки манзилимиз пойтахтимизнинг Бунёдкор кўчасида жойлашган миллий таомлар ошхонасининг олд қисмидаги автотураргоҳ бўлди. Таржимон орқали суҳбатимиз анча жонли кечди.

    — Қарши шаҳридан келганман, — деди ўзини Аброр деб таништирган кар-соқов суҳбатдошимиз. — Тўрт киши бир хонали уйда ижарада яшаймиз. Ойига 3,5 миллион сўм ижара пули тўлаймиз. Бу ишни яқинда топганман. Бир кунда ўртача 200-300 минг сўм топаман. Шундан 100 минг сўмини иш топган одамга берамиз. Қолганини ўзимга ишлатаман: озиқ-овқат, кийим-кечак ва уйга пул юборишга.

    Сурдотаржимон орқали иш топиб берган одам кимлигига қизиқаман. Аброр бирдан сергак тортганча иши кўплигини айтиб, ёнимиздан кетди.

    Биз эса унинг ишини бироз кузатиб туриб, кейинги манзилга йўл олдик. Шаҳрисабз кўчасидаги автотураргоҳга бордик. У ерда икки киши ишлаётган экан. Бири машиналар киришини назорат қилиб турган бўлса, иккинчиси чиқиб кетаётганлардан пул олиб турибди.

    Улар билан суҳбатимиз қисқа бўлди. Ҳеч бир саволимизга жавоб беришни исташмади. Лекин бу жойни уларга кимдир топиб бергани ва эвазига ҳар кунлик даромадининг 50 фоизини олишини гап орасида айтиб ўтди. Ишидан, топаётган даромадидан нолимади.

    Бу ердан батафсилроқ маълумотларни олишга кўзимиз етмай, кейинги объектни қидириб йўлга тушдик. Йўлимиз Қоратош кўчасидаги миллий таомлар ошхонаси атрофи бўлди. Бу ердаги автотураргоҳда бир киши ишлаётган экан. У очиқ чеҳра билан саломлашди. Суҳбатга мойиллигини сезиб, бир четда ўтирдик.

    — Исмим Муталбек, ёшим 41 да, — дея имо-ишора билан тушунтирди суҳбатдошимиз.

    Айтишича, у ҳам вилоятдан келиб ишлар, ижара уйда тураркан, топган даромадининг бир қисмини иш берувчига тўлар, қолганини ўзига оларкан. Яна ҳам аниқроқ айтганда, бир кунда ўртача 150-200 минг сўм топса, шундан 100 мингини иш топган одамга бериб, қолганини ўзига олар экан.

    Пулни мана шу ошхона эгалари оладими, деган саволимизга мужмал қилиб жавоб берди.

    — Кимлигини танимайман, шу ерда ишлайсан, деб қўйишган. Ўша одам келиб пулни олиб кетади. Эрталаб 9:00 дан кечқурун 23:00 гача ишлайман. Овқатланишим ошхона ҳисобидан. Улар тушлик ва кечки овқатни бепул беради, — деди Муталбек.

    У иш берувчилар кимлар, исми ким, қандай машинада юради, қачон келиб пулни олиб кетади, деган саволларимизга жавоб бермади. Шундан кейин ўша ердаги ошхона масъулларига юзландик.

    Улар қисқа қилиб, бу автотураргоҳдаги ишчи уларга қарамаслигини, топган пулини ҳам нима қилишини билмаслигини маълум қилди.

    Муталбекнинг айтишича, иш берувчилари сўнгги ойда топган пулингни ўзингга ишлатавер, яқиндан ҳамма жойда пулли автотураргоҳлар ташкил этилади ва сизларга иш қолмайди, дебди.

    — Шу орқали даромад топиб турган эдик. Бизни бошқа соҳада ишга олишмайди, — деди у. — Кафелни яхши тераман, қурилишда ишлашим мумкин, аммо хавфсизлик қоидаларига кўра ишлай олмайсан, деб мени ишга олишмайди-да.

    Суриштирувимиз боши берк кўчага кириб қолди. Шу каби яна бир нечта автотураргоҳга бордик. Ҳаммасида бир хил гап — худди ўргатиб қўйилганидек жавоб беришди. Сурдотаржимонимиз жуда кўп уринди, танишлари билан телефон орқали боғланиб кўрди, лекин “иш берувчилар” кимлиги аниқланмади.

    Калаванинг учи

    Чувалашди. Ҳақиқатан ҳам суриштирувимизда калаванинг учи чувалашиб кетди. Биз сўраб-суриштирган барча бу масалада елка қисиб қўя қолгани қизиқишимизни янада оширди.

    Интернетда, ижтимоий тармоқларда шу масалада чоп этилган мақола, пост, изоҳларгача ўргана бошладик. Айрим ҳолатларда ижобий, айрим жойларда ўта салбий фикрларга кўзимиз тушди. 2019 йил сентябрида чоп этилган бир мақола эътиборимизни тортди ва мазкур мақоланинг ёзилишида катта ёрдами теккан журналист Маъмур Аҳлиддинов шахсига ойдинлик киритдик. Мақолани ёзган журналист бошқа бўлса ҳам Маъмур Аҳлиддинов жуда катта ёрдам берган экан. Сабаби, бу журналистнинг ўзи ҳам кар-соқов бўлиб, масалани анча ичидан билиши маълум бўлди.

    Биз уни Олмазор туманидаги 102-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатда бўлаётган тадбирда учратишга муваффақ бўлдик. Ҳамкасбимиз билан суҳбатимиз анча мароқли кечди. У мақсадимизни англагач, анча хотиржам жавоб берди. Унга кўра, мазкур тоифадаги айрим инсонлар умумий овқатланиш шохобчалари, кўнгилочар масканлар эгалари билан гаплашиб, шу ерга келаётган мижозларнинг автомобилини тўғри жойлаштириш, тирбандлик ва пала-партишлик келиб чиқмаслиги учун назорат қилиб туриш юзасидан келишиб олар экан.

    Лекин келган мижозлардан мажбурий пул талаб қилиш, аниқ белгиланган суммани олиши кўзда тутилмаган бўлиб, ҳайдовчилар лозим топсагина атаганини бериши мумкинлигини тушунтирди. Ҳамкасбимизнинг айтишича, унинг бу гаплари ҳам аниқ фактларга асосланган эмас, лекин тизимнинг ишлашидан келиб чиқиб шунақа хулоса қилиш мумкин.

    Кейин кулиб қўшиб қўйди: “Сизлар ўйлагандек катта гуруҳлар, катта пул йўқ бу ерда. Лекин қонунларда белгилангандек фаолият юритиши мақсадга мувофиқ бўлар эди”.

    Албатта, барча тизимда қонун устувор бўлгани яхши. Биз кўтарган масала ноқонуний тизим асосида ишлаб келаётгани сабабли ҳам кўпчиликда норозилик уйғотгани бор гап. Тизимни тартибга солиш, шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ислоҳотлар мазкур йўналишда ҳам қарорлар қабул қилишга туртки бўлди.

    Жорий йил 12 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда “Тошкент инвест” компанияси раисининг рақамли трансформация ва ахборот технологиялари бўйича биринчи ўринбосари Александр Гурко Тошкент шаҳрида 200 мингдан ортиқ пулли автотураргоҳ ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

    Қайд этилишича, биринчи босқичда йўл бўйидаги автотураргоҳлар учун 13−14 минг ўринга мўлжалланган 86 та участкани фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Хусусан, биринчи пулли автотураргоҳлар синов тариқасида март ойида, эҳтимол, Миробод ва Яккасарой туманларининг айрим кўчаларида ишга туширилган. Жорий йил июлидан бошлаб пулли автотураргоҳлар оммавий равишда очилиши кутилмоқда.

    Гурко Тошкент шаҳри ягона паркинг ахборот тизимини ишлаб чиқиш бўйича тендерда ғолиб чиққан “Streetpark Systems” компанияси ҳозир мобиль илова яратиш устида ишлаётганини таъкидлади. У орқали ҳайдовчилар пойтахтдаги автотураргоҳлар учун пул тўлаши мумкин.

    Натижада тартибга солинган автотураргоҳ тирбандликни 18 фоиз камайтириши, ўртача ҳаракат тезлигини 14 фоиз ошириши (37 км/соатдан 42 км/соатгача) ва коммунал хизматлар учун қулай шароит яратиши прогноз қилинмоқда. Худди шундай ҳисоб-китоб Тўйтепа кўчасининг 65 ўринли қисми учун ҳам ўтказилган: тирбандликлар 20 фоиз камаяди, ўртача ҳаракат тезлиги эса 15 фоиз — соатига 35 километрдан 40 километргача ошади.

    Автотураргоҳ учун тўловлар махсус планшет ва автомобиллар билан жойларда текширувчи видеокузатув камералари ёрдамида назорат қилинади. Пул тўламаганлик учун маъмурий жавобгарлик фақат 2026 йилдан бошлаб жорий этилиши мумкин.

    Бундан ташқари, Тошкентда кўп қаватли автотураргоҳлар ташкил этиш учун жойлар ўрганилишини, улар одам гавжум ҳудудлар, жумладан, бозорлар яқинида қурилиши таъкидланди. Шунингдек, автотранспорт йўлларига яқин жойда автотураргоҳлар ташкил этиш имконияти ўрганилмоқда. Бу ишларни 3 ойда якунлаб, натижаси бўйича тақдимот қилиш режалаштирилган.

    Ноқонуний автотураргоҳлар шу йўл билан тизимлаштирилаётгани ўринли, албатта. Сабаби, биз юқорида тилга олган “стояншик”лар фаолиятидан норозилар ниҳоятда кўпайди. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тўхташ жойларида ноқонуний тарзда пул талаб қилиш ҳолатлари ҳақида хабар беришга чақирди.

    Қўмита ахборотига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 июлдаги қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, транспортларни сақлаш (тўхташ) учун тўлов ундириш махсус рухсатнома (лицензия) асосида амалга оширилади ҳамда у белгиланган тарифларга мувофиқ бўлиши шарт.

    Фуқаролар электр зарядлаш станцияси ёки автотураргоҳда транспорт воситасини тўхтатиш учун ноқонуний тарзда тўлов талаб қилиш ҳолатларига дуч келса, 1159 қисқа рақамига мурожаат қилиши мумкин.

    Солиқ қўмитасидан масала юзасидан маълумот сўраганимизда, масъуллар автотураргоҳлар фаолиятининг қонунга мувофиқлиги солиқ органи томонидан мунтазам назорат қилиб борилиши, агар юридик шахс автотураргоҳ хизмати билан биргаликда бошқа фаолият билан ҳам шуғулланса, ҳар бир фаолият тури бўйича алоҳида ҳисоб юритилиши лозимлигини таъкидлади.

    Ушбу суриштирувимиз пойтахтимиз Тошкент шаҳри мисолида бўлди. Лекин мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида-чи, катта-катта шаҳар-туман марказларида бу борада муаммо йўқми?

    Демак, кичкина деб қараладиган масаланинг анча катта томонлари ҳам йўқ эмасга ўхшайди.

    Ҳа, қонунчилигимизда барчаси аниқ-равшан кўрсатиб ўтилган. Биз ўрганган жиҳатлар эса ноқонуний ҳолат бўлиб, ташкил этилаётган янги тизим орқали барчаси тўлиқ бартараф этилиши кўзда тутилган.

    Ўрганишларимиз натижасида юзага чиққан ва сурдотаржимонимизни қийнаган бир муаммо — ногиронлиги бор “стояншик”ларнинг кейинги тақдири, уларни иш билан таъминлаш масаласини эса мутасадди ташкилотлар ихтиёрига қолдирамиз.

    Зеро, мамлакатимизда “Инсон қадри учун” ғояси асосида барча жабҳа ва фуқароларни қамраб олиш назарда тутилган.

    Абу Бакир ЎРОЗОВ,

    журналист.

    “Hurriyat” газетасининг 2025 йил 11 июнь №23 сонидан олинди