Имзо, ҳуқуқий маслаҳатлар, шартномалар: нотариуснинг бир иш куни

    Суҳбат 24 декабр 2020 5184

    Муҳаббат Худойбердиева 1986 йилда  Тошкент Давлат университетининг юридки факультетини  битирган, дастлабки фаолиятини Сирдарё вилоят адлия бошқармасида етакчи маслаҳатчи лавозимидан бошлаган.

    Кейин Боёвут туман судида суд ижрочиси, 1991 йилдан Гулистон шаҳар давлат нотариал идораси нотариуси лавозимида иш юритган. Мана 29 йилдирки, нотариус вазифасида ишлаб келяпти.

    – 2000 йилларнинг бошида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус мақомида иш юритдим. Аммо, нотариуслар фаолиятида кузатилган кўплаб қўпол хатолардан кейин, ҳаммамиз давлат нотариал идораларига қайтдик. Давлат нотариал идорасида 2020 йилга қадар фаолият юритдим. 2020 йил 15 майдан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус бўлдим. Аллоҳга шукр, шу пайтгача эл хизматидаман, - дейди Муҳаббат Худойбердиева.

    Айтиш жоизки, Сирдарё вилоятида 7 нафар аёл нотариус ишлайди. Улардан 3 нафари 50 ёшдан ошган, икки нафари 40 ёшлар атрофида.

    Иш куни қандай бошланади?

    Муҳаббат опа ҳар куни Янгиер шаҳридан қатнайди. Бунинг яхши томони шундаки, нотариусни Янгиер шаҳрида ҳам, Гулистон шаҳрида ҳам барча танийди.

    Нотариуснинг жамоаси 3 нафар – ўзи, ёрдамчиси ва котибаси. Қизлар ҳар доимгидек, нотариусдан аввалроқ келиб, иш жойида, фуқароларни мулозамат билан кутиб олиш, уларни бир пиёла чой билан меҳмон қилиб, ўзлари ҳужжатларни тайёрлаш билан банд.

    Эрталабдан нотариус қабулига келганларнинг орасида бир нафари – Қозоғистон университетига талабаликка қабул қилинган Камрон Русланов жуда шошилмоқда. Котиба қиз унинг электрон навбатга кеча ёзилгани, бугун қабулга биринчи бўлиб киришини маълум қилди. Камрон коронавирус пандемияси туфайли ўқиш онлайн бошланганлиги, дипломини Қозоғистонда нострификация қилиш учун ишончнома юбориши кераклигини айтди. Ишончнома юборилиши керак бўлган Қозоғистон фуқаросининг паспорт нусхасига ишончнома расмийлаштириш жараёни 10 дақиқага ҳам бормади. Талаба йигит хурсанд бўлиб, раҳматлар айтиб чиқиб кетди.

    Навбат энди бошқаларга.

    Офисда иш қизғин

    Муҳаббат опанинг ёнига икки киши - Зулфия ва Зулайҳо, уй-жой олди-сотди шартномаси расмийлаштириш учун ташриф буюришган.

    Муҳаббат опа улар билан ҳуқуқий консультация ўтказиш чоғида уй учун тўловга олиб келинган маблағ тўлалигича олиб келинганлиги ҳақида сўрайди. Маблағ тўлиқ эмаслигини билиб, келгусида иккала томон ўртасида низо чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Электрон база орқали ёрдамчиси Гулина уй эгасининг коммунал хизматлардан қарзи-бор йўқлигини текширди.

    Шу ўринда, айтиш жоизки, “Нотариат тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш киритиш, такомиллаштириш устида иш бормоқда, келгусида мулк эгасининг коммунал хизматлардан қарзи бор-йўқлигини сотувчи ва харидор ўзаро ҳал қилишлари таклиф этилмоқда.

    Шу билан бирга, нотариус олувчига бир йўла уй учун маблағни ҳам тўлиқ қилиб келиши лозимлигини уқтирди.

    – Бу борада низолар кўп учраяпти, фуқаролар нотариус ҳузурида маблағнинг ҳаммасини олдим, дейишади, кейинчалик эса ололмай қолган тўлов учун Фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиб юришади. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун тўловларнинг тўлиқ амалга оширилганлиги ҳақида сўралади ва ҳуқуқий тушунтириш берилади, - дейди нотариус.

    Нима учун ҳуқуқий маслаҳат берилади?

    Нотариус ёнига ҳар хил одамлар келишади. Баъзилар оилавий келишади. Ўртача бир кунда 20 та -30 та нотариал ҳаракат амалга оширилади. Айнан шунча ҳужжатни текшириш ва имзолаш керак бўлади. Бир хиллар танишиб олиш учун келишади, баъзилар ҳуқуқий маслаҳат учун келишади. Баъзилар менга шубҳа билан, “ишонсам бўлармикан?” тикилиб-тикилиб қарайдилар. Суҳбатлашганимиздан сўнг, енгил тортиб, хурсанд бўлиб чиқиб кетади. Илгаридек навбатлар йўқ бўлса-да, бўш вақт ҳам йўқ. Баъзилар автотранспорт олди-сотдисига келиб, асосий ишончнома расмийлаштиришмоқчи бўлганида, асосий ишончнома билан мулкнинг эгаси ўзгариб қолмаслиги, бу вақтинча ва бир тарафлама ҳужжат экани, машина сотувчиси хоҳлаган вақтида ишончномани бекор қилиши мумкинлигини айтиб, албатта огоҳлантириб оламан. Чунки, кўпчилик юртдошларимиз нотариуснинг олдига келганида асл мақсадларини яширишади, шунчаки ишончнома билан ҳайдаб туришга беряпман, деб ёлғон гапиришади. Ишончнома олганлар баъзан йиллаб ўз номига расмийлаштирмайди, оқибат, тушунмовчиликлар келиб чиқади. Асосий ишончнома билан 2 маротаба сотилиб кетган машиналар бўлган. Ҳозирда “Нотариус” ААТ орқали текшириб кўриш мумкин ва турли салбий оқибатларнинг олди олинмоқда.

    Тушликни шу ернинг ўзида, жажжи жамоамиз билан қиламиз.

    -Биз нотариал ҳаракатларни кўпинча видеога туширамиз, - дейди Муҳаббат опа. – Айниқса, бу йирик миқдордаги олди-сотдилар ёки кекса кишиларнинг васиятномалари бўлса, албатта, тасвирга олинади. Уларни хонага таклиф қиламан, улар билан суҳбатим камерага ёзиб олинади, бунда авваломбор, сана ва соатини айтаман. Ҳужжатларини камерага кўрсатаман, кейин улар ўз истакларини айтишади, кейин ҳужжат тасдиқланади. Шу билан нотариал ҳаракат тугайди. Видеоёзув нотариус архивида 5 йилгача сақланади, ҳуқуқ тартибот органлари талаб қилгандагина берилади.

    Агрессив кайфиятдаги мижозлар тез-тез учраб туради. Улар нотариус олдига келишганида, эҳтиёткорлик билан, ишончсизлик билан муомалада бўлишади. Шунақа пайтда мен ўзимда шубҳа туғдирган ҳужжатни ҳеч қачон имзоламайман, икки тараф шу ҳужжатнинг юридик оқибатларини тушуниб етмагунча тушунтираман. Шартнома қонуний бўлса, тушунтирсам, ҳар иккала тараф дарров ўзларини босиб олишади. Сотувчи ҳам, олувчи ҳам бир-бирларига ишонмаса, бундай ҳужжатни расмийлаштирмаган маъқул. Чунки “Нотариат тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, нотариуснинг мулкий жавобгарлиги бор, агар жисмоний ёки юридик шахсга зарар етказилса, уни тўлиқ қоплаб беради.

    Мана шундай вақтда Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси томонидан тасдиқланган Низомга асосан белгиланган Нотариуснинг касб этикаси қоидаларига тўлиқ амал қилинади. Аслида, ҳар бир нотариус ўз обрў-эътибори учун қайғуриши керак. Маъмурий тартиб-тамойилларга риоя этмаслик нотариус учун қимматга тушиш мумкин.

    Шунинг учун ҳам мен ёки менинг ёрдамчиларимда шубҳа пайдо бўлса, яхшиси, ҳужжатни 10 маротаба текширамиз, ҳамма ҳаракатларни видеотасвирга оламиз, бу бизнинг қонуний ишлаганимизни далолатловчи асос бўлади.

    Менинг мақсадим – томонларнинг аниқ мақсадини билиш, эҳтиёткорликни ёлғондан ажратиш. Ана шундагина “сих ҳам, кабоб ҳам куймайди”.

    Нотариал идора фаолияти ҳақида

    Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Муҳаббат Худойбердиеванинг нотариал идораси Гулистон шаҳрининг Маҳалла қисмида жойлашган. Муҳаббат опа собиқ фабрика ётоқхонасининг биринчи қаватидан ўзига чиройли ва шинам идора қилиб олган. Жажжи жамоаси билан шу ерда меҳнат қилади.

    – Идорамизнинг олдида Гулистон Жоме масжиди жойлашган, кўплаб одам ўтади. Шунинг учун идора атрофининг ободончилигига эътибор берамиз. Идорада ўзим билан бирга 3нафар ходим ишлаймиз. Ҳар биримизнинг белгилаб берилган вазифамиз бор. Битта ходим мерос билан шуғулланади, иккинчиси юридик шахслар ўртасида муносабатлар, учинчиси ишончномаларни расмийлаштиришга тайёрлайди. Ҳамма нотариал ҳаракатлар “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимида яққол кўриниб туради, яъни ким кирди, нима қилди.

    Нотариал ҳаракатлар учун нархлар

    Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан 2020 йил 29 май куни тасдиқланган, нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундириладиган тўловлар миқдори акс эттирилган жадвал шундоққина фуқаролар кутиб ўтирадиган хона деворига осиғлиқ. Улар ўзлари амалга оширмоқчи бўлган ҳаракатнинг тўлов миқдорини бемалол билиб олишлари мумкин. Бундан ташқари, ҳаракат учун тўлов амалга оширилган заҳоти телефон рақамига хабар келади. Бунда ҳам мижоз ўзидан ортиқча маблағ ундирилган-ундирилмаганини билиб олиши мумкин.

    Энг муҳими

    – Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар профессионал медиаторлар вазифасини ҳам бажариб келишмоқда. Қабулимга келган ва мерос талашаётган қариндош-уруғ, мулкни бўла олмаётган эр-хотинларга албатта, ўзаро битимга келишлари судлашиб юрганликдан яхшироқ эканини тушунтираман. Қонун бўйича кимга нима тегишли экани ҳақида ҳуқуқий тушунтириш бераман. Кўпчилик тўғри тушуниб, низоси шу ерда барҳам топиб кетади. Мен ҳам ўзим қилган эзгу ишимдан мамнун кайфиятда уйга қайтаман, - дейди Муҳаббат Худойбердиева суҳбатимиз сўнгида.

    Зебо Ҳайдарова суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates