Инчон ва Сирдарё вилояти елкадош бўлмоқчи

    Корея Республикасининг Инчон шаҳри ва Сирдарё вилояти ўртасида соғлиқни сақлаш, тиббиёт туризми соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилди.

    30 июлда Инчон шаҳридаги Корея-Ўзбекистон Бизнес марказида мамлакатимиз элчихонаси ва Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги ҳамкорлигида Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Инчон шаҳри маъмуриятининг соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хавфсизлик бюроси ўртасида видеоконференц алоқа орқали ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

    Видеоконференц алоқада вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят туризмни ривожлантириш ва соғлиқни сақлаш бошқармалари вакиллари иштирок этдилар.

    Мулоқотдан кўзланган асосий мақсад икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, вилоятда соғлиқни сақлаш, тиббиёт ва туризм соҳасини ривожлантиришдан иборатдир.

    Мулоқот давомида вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Носиров вилоятда соғлиқни сақлаш ва туризм соҳалари жадал ривожланаётганлиги ҳамда соғлиқни сақлаш, тиббиёт ва туризмнинг бошқа турларида катта имкониятларга эга эканлиги ҳамда вилоятимиз Инчон шаҳрига ўхшаб Республикамиз пойтахти Тошкент шаҳрига яқин ҳудуд эканлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Инчон шаҳри Администрацияси раҳбарияти билан доимий ҳамкорликда иш олиб бориш ҳамда соҳаларни ривожлантириш юзасидан бир қанча таклифларни билдириб ўтдилар.

    Маълумот учун, бугунги кунда Инчон шаҳрида 3 250 та тиббиёт муассасалари фаолият юритиб келади. Инчон маъмуриятининг соғлиқни сақлаш ва фаровонлик бюроси бош директори Ким Хаи Кёнг Ўзбекистон билан минтақалараро ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини алоҳида таъкидлади.

    Шу билан бирга Инчон сайёҳлик ташкилоти вице-президенти ЛиГун У ўз сўзида вилоятнинг туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган барча имкониятларни сафарбар этишини билдирди. Шунингдек, карантин ҳолати юмшатилгандан сўнг, делегация Сирдарё вилоятига ташриф буюриб, вилоят соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётган шифокор ва тиббиёт мутахассисларини келгусида Корея Республикасига малака оширишга жўнатиш бўйича ўз таклифларини билдирди, деб хабар беради Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.