“Innoweek.uz – 2021” халқаро ҳафталиги: янги инновацион ва инвестицион имкониятлар майдони

    “InnoWeek.Uz-2021” инновацион ғоялар халқаро ҳафталиги мавжуд инновацион технологиялар билан танишиш, янги бизнес муносабатларни йўлга қўйиш, потенциал сармоядорларни жалб этиш ва ишончли ҳамкорлар топиш учун ажойиб имкониятдир.

    Пойтахтимизда хорижий илмий-инновацион марказлар, инвестиция жамғармалари, технологик агентликлар, технопарклар ва бизнес инкубаторларнинг фаол иштирокида навбатдаги “InnoWeek.Uz-2021” инновацион ғоялар халқаро ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Бу анжуман мавжуд инновацион технологиялар билан танишиш, янги бизнес муносабатларни йўлга қўйиш, потенциал сармоядорларни жалб этиш ва ишончли ҳамкорлар топиш учун ажойиб имкониятдир.

    Ҳафталик доирасида ўтказилаётган қатор тарбирларда инновация кириб борган ҳар бир соҳа фаолиятига эътибор қаратилади ҳамда янги лойиҳалар турли кўргазмаларда тақдим этилади. Ҳафталикнинг илк тадбири — “Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантирамиз” мавзусидаги халқаро конференцияда асосий эътибор Оролбўйи минтақасида инновациялар ҳамда экологик тоза энергия ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш, чўлланишнинг олдини олиш ва экологик туризм ривожига қаратилди. Унда Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Япония билан SATREPS дастури доирасида илмий-тажриба ишлари ва Германия билан CLIENT III дастури доирасида янги қўшма танлов ўтказишга пойдевор қўйилганини эълон қилди.

    Маҳаллий ва хорижий технологияларни намойиш этиш, аҳоли ҳаёт даражасини яхшилаш ва технологиялар алмашинуви орқали иқтисодиёт учун фойдали янги инвестицион имкониятларни жалб қилиш мақсадида ташкил этилган ёрқин тадбирлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирмоқда. Халқаро инновацион ярмарка, пандемиядан кейинги давр учун инновациялар ва инвестициялар форуми, олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан хўжалик бошқаруви органлари, тармоқ ташкилотлари ва ҳудудлар ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган илмий ишланмаларни тижоратлаштириш форумининг иккинчи (кузги) босқичи маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар, инвесторларга янги истиқболли инновацион ишланмалар билан танишиш имконини бермоқда.

    — Инновацион экотизимни барпо этишда бу каби тадбирларнинг аҳамияти беқиёс, — дейди Инновациялар миллий офиси директори Олимжон Тўйчиев. — Негаки, айнан шундай тадбирларда янгидан-янги ихтиролар, ишланмалар кенг омма эътиборига ҳавола этилади. Бу орқали эса жамиятда инновацион қарашларни ривожлантиришга эришамиз. Тадбир бежиз Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида — инновациялар уйида ташкил этилмаяпти. Бу бир том остида ҳам ишлаб чиқарувчилар, ҳам олимлар, ҳам талабаларни жамлаб, уларнинг ҳамкорлигини янада кучайтиришга замин яратмоқда.

    Ҳафталикда юздан ортиқ маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчи, инноваторлар, университетлар ўз ишланмалари, тадқиқот маҳсуллари билан қатнашмоқда. Улар орасида навқирон авлод вакилларининг кўплиги инновацион ғояларни амалиётга кенг жорий этиш орқали мамлакат илмий-техник тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган салоҳиятли ёшлар етишиб келаётганидан далолатдир.

    — Инновацион ғоялар ҳафталигини ёшларсиз тасаввур қилиб бўлмайди, — деди Инновациялар миллий офиси директори ўринбосари Акбархон Собирхонов. — Ҳафталикда ёшлар учун жуда кўп тадбирлар режалаштирилган. Жорий йил бошидан буён бутун республика бўйлаб ўтказиб келинаётган технологик ривожланиш марафони ана шундай тадбирлардан биридир. Марафоннинг асосий мақсади айнан стартапгача етиб кела олмаган ёшларни бир жойга йиғиш, уларга ғояни қандай яратиш, ғоядан прототипгача бўлган жараён ва ўз тадбиркорлигини бошлаш борасида билим ва кўникма беришдир.

    Форумда 44 та янги лойиҳа билан бирга тижоратлаштирилаётган инновацион ишланмалар ҳамда инновацион ҳудудларда ишлаб чиқарилаётган 200 дан ортиқ маҳсулот, 2022 йилда ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган инновацион ишланмалар тақдим этилмоқда. Мазкур лойиҳалар асосан қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармацевтика ҳамда энергетика соҳаларига тегишли. Ҳафталик уларга янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, лойиҳаларини ишлаб чиқаришга янада кенг татбиқ этишда майдон вазифасини ўтамоқда.

    — Бухоро вилоятининг Ромитан туманидан келдик, — дейди “TURON КOMPLEKT” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жамшид Собиров. — Ўзбекистонда илк бор қуввати 250 литрдан 35 тоннагача бўлган сув фильтрлари лойиҳасига Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 850 миллион сўм маблағ ажратилганди. Ўз маблағимизни қўшган ҳолда тижоратлаштириб, амалиётга татбиқ қилдик. Бу сув фильтрлари аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлашдан ташқари боғдорчилик, иссиқхоналар, йирик завод ва фабрикалар, қолаверса, тоза сувга талаб бор барча қатламни қамраб олишга мўлжалланган. Ҳафталикнинг илк кунида 400 миллион сўмлик шартнома имзолаганимиз лойиҳанинг истиқболли эканидан далолат беради.

    Ҳафталик дастуридан ўрин олган “Сунъий интеллект — технологик ривожланиш асоси” мавзусидаги халқаро конференцияда бугунги кунда рақамлаштиришга катта эҳтиёж сезаётган тиббиёт соҳасидаги бир нечта сунъий интеллектга эътибор қаратилди.

    Ҳафталик доирасида 24-26 ноябрь кунлари анъанавий “International Robotics Challenge — 2021” робототехника мусобақаси бўлиб ўтади. 16 ёшдан 22 ёшгача бўлганларни қамраб олган ушбу мусобақада робототехникага қизиқувчи ёшлар ўзаро беллашади ҳамда энг яхши иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Бу йилги мусобақада 20 та мамлакатдан иштирокчилар қатнашмоқда.

    Ҳафталикнинг яна бир ёрқин тадбири “Водород технологиялари, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежамкорлик соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш” мавзусидаги конференцияда энергиясамарадорлик ва энергиятежамкорликка эришиш йўллари хусусида маърузалар тингланди. Конференцияда соҳанинг халқаро миқёсдаги тажрибали мутахассислари қатнашди. Жумладан, энергия манбаларининг тақчиллиги билан боғлиқ глобал муаммоларнинг инновацион ечимлари ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш йўллари муҳокама қилинди.

    Ҳафталик доирасида қайта тикланувчи энергетика ва “яшил” водород технологиялари ҳамда энергиясамарадорлик ва энергиятежамкорлик соҳаларининг ривожига тааллуқли янги технологиялар, маҳсулотлар, ғоялар, лойиҳалар кўргазмалари ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида водород энергетикасининг ривожланиш ҳолати бўйича йиллик ҳисобот тақдимоти ўтказилади.

    Ҳафталик офлайн ва онлайн тарзда бўлиб ўтмоқда. Унда дунёнинг 50 га яқин мамлакатидан ихтирочилар, инвесторлар ва илм-фан намоёндалари иштирок этмоқда.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates