Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январда қабул қилинган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга доир давлат дастури тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида ишлаб чиқилган.
Миллий маслаҳатлашувлар лойиҳанинг асосий ижрочиси – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилди. Тадбирда 50 дан ортиқ иштирокчи, жумладан, вазирлик ва идоралар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, илмий-ўқув муассасалари вакиллари, шунингдек, Миллий марказ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди.
Тадбирда Миллий стратегия лойиҳасининг тузилиши, инсон ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган бундай ҳужжатларни қабул қилишнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.
Бугунги кунда жаҳоннинг 80 дан ортиқ давлати ўзининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияси ё режасини қабул қилган. Улар орасида Австралия, Буюк Британия, Дания, Швеция, Испания, Италия, Норвегия, Хитой, Япония, Грузия, Латвия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Индонезия, Мексика каби мамлакатлар бор.
Ўзбекистон ҳам бу борада муайян ижобий тажриба тўплаган давлатлар сирасига киради. Хусусан, 2020 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси муваффақиятли амалга оширилди ва мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга муносиб ҳисса қўшди.
Ўз навбатида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси 2025 йилги Давлат дастурида белгиланган бўлиб, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсати асосий йўналишларини белгилаб берувчи ҳужжат ҳисобланади.
Миллий стратегия лойиҳасида инсон ҳуқуқларни таъминлашнинг барча жиҳатларини ўзида мужассамлаштирган 6 та йўналиш кўзда тутилган. Булар:
- шахсий ва сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
- иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилиш, барқарор ривожланиш;
- аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
- инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини такомиллаштириш;
- инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим фаолияти самарадорлигини ошириш;
- инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўналишларидир.
Миллий стратегия лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази сайтига жойлаштирилган.
Миллий маслаҳатлашувлар давомида иштирокчилар лойиҳа юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.Ушбу таклифлар асосида Миллий стратегия лойиҳасини янада такомиллаштириш ҳақида келишиб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази матбуот хизмати.