Инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорликнинг янги босқичи

    Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурган халқаро ташаббуслари мамлакатимизнинг БМТ билан ҳамкорлигида янги босқични бошлаб берди.

    Давлатимиз раҳбарининг ўзбек тилида сўзлаган ушбу тарихий нутқи Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати ва БМТ билан олий даражадаги алоқаларининг мантиқий давоми бўлиш билан бирга, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича глобал шерикликни кенгайтиришга қаратилган янги қадамидир.

    Президентимиз ўз нутқида миллий ва халқаро майдонда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва уларни ҳимоя қилиш, шу жумладан, фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш билан боғлиқ энг долзарб масалаларга, хусусан, мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган сиёсатнинг устувор йўналишлари ҳамда амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш доирасидаги ишларнинг асосий вазифаларига батафсил тўхталди.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш фаолияти бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган БМТ тизимидаги энг нуфузли ҳукуматлараро органлардан бири ҳисобланади. Кенгашга 47 та давлат аъзо. Ўтган йилнинг октябрида Ўзбекистон 2021−2023 йиллар даврига ушбу тузилма аъзоси этиб илк бор сайланди.

    Давлатимиз раҳбари ўз нутқида 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилишини қайд этди.

    Шуни таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикрлар, илгари сурилган ғоялар ўзининг мустаҳкам пойдеворига эга. Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига катта туртки бўлди. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш мақсадида сўнгги 4 йил ичида мамлакатимизда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида мустаҳкам қонунчилик базасини яратишга қаратилган 5000 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, 4 та янги кодекс, 186 та қонун, 1209 та Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ва қарорлари қабул қилинди.

    Бугунги Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминлашда халқаро ва миллий майдонда ўзининг аниқ йўналишларига эга, чуқур ўйланган сиёсат ва халқаро эътироф этилган ташаббусларига эга давлат. Ўзбекистон инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишда ислоҳотларни изчил давом эттиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган давлат. Мамлакатимиз инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилишга доимо тайёр.

    Феруза МИРЎКТАМОВА,

    ТДЮУ катта ўқитувчиси

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates