Инсон ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари кучайтирилмоқда

    Фикр 2 март 2021 2791

    Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ва ишончли ҳимоя қилиш, ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига асосан, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Инсон ҳуқуқларининг мазкур конституциявий кафолати Конституция ва қонун устуворлиги принципини ҳаётга изчил татбиқ этиш билан боғлиқ.

    Маълумки, Ўзбекистонда Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўради.

    Барча демократик давлатлар ҳуқуқий тизимида Конституциянинг устуворлиги принципи эътироф этилади. Конституциянинг устунлигини таъминлаш ҳамда жамиятда қонунийлик муҳитини яратиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлашнинг ишончли гаровидир. Конституция устуворлиги принципи унинг нормаларининг тўғридан-тўғри, бевосита амал қилишини, давлат органлари, мансабдор шахслар бу нормаларни оғишмай бажаришини, Асосий Қонун қоидалари бузилишининг олдини олиш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва айбдорларни жавобгарликка тортишни тақозо этади.

    Мамлакатда Конституция ва қонун устуворлиги принципининг қарор топиши, ҳуқуқий давлат асосларининг мустаҳкамланиши, конституциявий қонунийлик таъминланиши учун Конституция барқорорлиги, унинг нормаларига оғишмай риоя қилиниши муҳим аҳамиятга эга. Бу эса кўп жиҳатдан Конституциявий суд томонидан конституциявий назорат фаолиятининг амалга оширилиши билан боғлиқ.

    Ҳозирги кунда Конституциявий суд фаолияти 2017 йил 31 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун билан тартибга солинади.

    Мазкур қонун инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида Конституциявий суд ролини оширишда муҳим омил бўлди. Конституциявий судга халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунлар ҳамда конституциявий қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини улар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангунига қадар ўрганиш каби янги ваколатлар юкланган.

    Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқиш каби янги вазифалар юкланган. Конституциявий судга кўриб чиқиш учун масала киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилган.

    Шу билан бирга, мамлакатимизда конституциявий назорат институтини кучайтириш, уни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришни тақозо қилувчи, ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Чунончи, конституциявий судлов ишларини юритишнинг ҳуқуқий механизмалари қонунда етарлича тартибга солинмаган, конституциявий шикоят институти мавжуд эмас. Бундан ташқари, конституциявий суд ишларини юритиш амалиётининг таҳлили мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳал этилиши лозим бўлган яна бир қатор долзарб муаммолар ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишни тақозо этадиган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.

    Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва тегишли ташкилотлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси тайёрланди. Мазкур Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, бугунги кунда Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.

    Хўш, мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти нимада? Унга қанчалик зарурат бор?

    Янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун 101 та моддани ўз ичига олган ўн учта бобдан иборат. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, амалдаги қонун — 5 та боб, 45 та моддадан иборат.

    Мазкур қонуннинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимида Конституциявий суднинг ролини янада оширишга хизмат қилади.

    Конституциявий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятлар бўйича муайян ишда қўлланилган қонунларнинг конституциявийлигини аниқлаш бўйича янги ваколат юклатилмоқда.

    Хорижий мамлакатлар конституциявий судлари тажрибасидан келиб чиқиб, муайян ишда қўлланилган қонун билан ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан фуқаролар ва юридик шахслар Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи доираси аниқ белгилаб қўйилмоқда. Қонун кучга киргандан сўнг, агар қонун фуқаро ёки юридик шахснинг конституциявий ҳуқуқларини бузаётган бўлса, муайян ишда қўлланилган ва ишнинг судда кўриб чиқилиши тугалланган бўлса, фуқаролар ва юридик шахслар Конституциявий судга мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Ҳуқуқ тили билан айтганда, мамлакатимизда конституциявий шикоят институти жорий этилмоқда.

    Конституциявий шикоят институтининг жорий этилиши Конституциявий судда иш ҳажмининг кескин ошишига олиб келиши табиий. Шунинг учун хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, Конституциявий суд судьялари сони 9 нафар этиб белгиланмоқда.

    Конституциявий суд судьясининг ваколат муддатлари ўзгартирилмоқда. Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати — биринчи марта сайланганида беш йилни, иккинчи марта сайланганида ўн йилни ташкил этади. Шу билан бирга, айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги норма сақлаб қолинмоқда.

    Конституциявий суд Раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш тартиби, уларнинг ваколат муддати аниқлаштирилмоқда. Конституциявий суд Раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд судьялари орасидан Конституциявий суд томонидан беш йил муддатга сайланади. Агар уларнинг судья сифатидаги ваколат муддати тугашига беш йилдан кам муддат қолган бўлса, улар қолган муддатга сайланади. Айни бир шахс Конституциявий суд Раиси ёки унинг ўринбосари этиб икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

    Амалдаги қонунда Конституциявий суд Раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд мажлисида унинг судьялари орасидан сайланиши белгиланган бўлиб, уларнинг қайта сайланиши мумкинлиги очиқ қолган эди.

    Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилмоқда. Амалдаги Қонунда 12 та субъект Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқига эга бўлса, янги Қонун билан 15 та субъектга шундай ҳуқуқ берилмоқда. Чунончи, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга субъектлар қаторига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил киритилмоқда.

    Конституциявий суд судьяларининг ташаббуси билан масала киритиш ҳуқуқи Қонундан чиқарилмоқда. Бу, ўз навбатида, судьяларнинг Конституциявий судда кўриб чиқилаётган масалага нисбатан холислигини таъминлашга хизмат қилади. Хорижий мамлакатлар тажрибасида ҳам судьялар томонидан Конституциявий судга масала киритиши амалиёти учрамайди.

    Қонунда конституциявий судлов ишларини юритишнинг процессуал қоидалари батафсил тартибга солинмоқда. Конституциявий судга мурожаат қилиш, мурожаатни дастлабки кўриб чиқиш, ишни кўриб чиқиш учун қабул қилиш, Конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, суд муҳокамаси, суд мажлиси баённомаси, процессуал муддатлар, суд чиқимлари ва харажатларни қоплаш тартиби, айрим турдаги ишлар бўйича иш юритишнинг хусусиятлари каби процессуал тартиб-таомиллар белгилаб қўйилмоқда.

    Шуни таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал қоидалари Конституциявий суднинг ўзи томонидан тасдиқланган регламент билан белгиланган. Ривожланган мамлакатларнинг конституциявий одил судлов соҳасидаги тажрибаси шуни кўрсатадики, аксарият мамлакатлар қонунчилигида суд ишларини юритишнинг процессуал тартиб-тамойиллари Конституциявий суд регламенти билан эмас, балки қонун билан тартибга солиниши назарда тутилган. Зеро, судлов ишларини юритишнинг процессуал қоидалари инсон ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ. Шу боис, бундай қоидалар қонун билан белгиланиши мақсадга мувофиқ.

    Умумий қоидага кўра, Конституциявий суд мурожаат олинган кундан бошлаб етти кунлик муддатдан кечиктирмай уни ўрганишга киришади ва кечи билан уч ой ичида қарор қабул қилади. Янги таҳрирдаги қонунда икки турдаги қонун бўйича, яъни, Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишлар бўйича Конституциявий суднинг қарори 15 кун ичида қабул қилиниши белгилаб қўйилди.

    Конституциявий суд қарорларининг турлари ва уларни қабул қилиш, эълон қилиш ва кучга киритиш тартиби ҳамда қарорнинг юридик кучи тўғрисида нормалар қонунда ўз аксини топган. Конституциявий суд қарори қатъий ва унинг устидан шикоят қилиш мумкин эмас. Конституциявий суд қарори билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ эмас, деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг муайян қисми ўзининг амал қилишини тугатади.

    Давлат органлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ эмас, деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида қабул қилган ўз қарорларини бир ойдан кечиктирмай қайта кўриб чиқишлари шарт.

    Қонунни тайёрлашда Арманистон, Бельгия, Венгрия, Германия, Грузия, Жанубий Корея, Испания, Россия, Тожикистон, Туркия, Украина, Қирғизистон каби мамлакатларнинг тажрибаси ва қонун ҳужжатлари ўрганилиб, таҳлил қилинган. Хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг аксариятида Конституциявий судлар томонидан фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиш функцияларига тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Зеро, конституциявий шикоят институти, яъни, қонун ёки унинг нормаси билан фуқаро ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида шикоят қилиш уларнинг ҳуқуқи конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали восита сифатида алоҳида аҳамиятга эга.

    “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши натижасида фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқининг берилиши Конституциявий суд иш ҳажмининг ошишига олиб келади ва Конституциявий суд девони тузилмасини такомиллаштириш, штатларини қайта кўриб чиқиш, унда юридик, халқаро алоқалар, фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш, замон талаби асосида ахборот-коммуникация технологиялари, матбуот хизмати каби бўлинмаларни назарда тутишни тақозо этади.

    Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини янада кенг ва тўла кафолатлаш, мамлакатимизда конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал хусусиятларининг янги йўналишларини тартибга солиш конституциявий одил суд фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлади.

    Мирзо-Улуғбек АБДУСАЛОМОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси,

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates