Инспекция хулосаси: ишлаганлар ҳам бор, ишламаганлар ҳам

    Шу йилнинг 15-16 январь кунлари Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ишчи гуруҳи бажарилаётган ишлар самарадорлигини ўрганиш ва педагогларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида Жиззах вилоятида бўлди.

    Президентимиз топшириғига биноан умумтаълим мактабларида таълим сифати ва ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда методик қўллаб-қувватлаш учун республика бўйича 634 та мактабга 95 та олий таълим муассасаси бириктирилган эди. Ишчи гуруҳ мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Жиззах давлат педагогика институти, Жиззах политехника институти ва Ўзбекистон миллий университети Жиззах филиалига бириктирилган мактаблар фаолиятини ўрганди. Бу ҳақда инспекциянинг ахборот хизмати хабар бермоқда.

    Ўрганиш давомида Зарбдор туманидаги 26-мактабда бошланғич таълим ва кимё фанларидан, Арнасой туманидаги 6-мактабда инглиз ва рус тили фанларидан, Фориш туманидаги 5-мактабда инглиз тили фанидан ўқитувчиларга эҳтиёж мавжуд бўлгани ҳолда уларга бириктирилган олий таълим муассасалари амалий иш қилмагани маълум бўлди.

    Хусусан, Ўзбекистон миллий университети Жиззах филиалига бириктирилган Зарбдор туманидаги 26-мактабда шу кунга қадар фақат мактаб жамоаси ва ўқувчилар билан учрашув ўтказилиб, расмиятчилик учун баённомалар тўлдирилган, холос. Олий таълим муассасаси таълим сифати ва ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш бўйича услубий ёрдам кўрсатмаган.

    — Мазкур ташаббус бошланганига икки ойдан ортиқ вақт ўтди. Бироқ ҳанузгача айрим мактаблар ва олий таълим муассасалари ҳамкорликнинг мазмун-моҳиятини мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашдан иборат деб тушунмоқда. Бириктирилган олий таълим муассасаларининг мактабларда таълим сифати ва ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда методик қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлари етарли даражада эмас, — деди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев.

    Вилоятда камчиликлар қатори ижобий тажрибалар ҳам мавжудлиги қайд этилди.

    Хусусан, Жиззах политехника институтига 7 та мактаб бириктирилган бўлиб, ҳамкорлик доирасида ўқув-услубий ёрдам, ўқитувчи ва ўқувчилар билан очиқ мулоқотлар, моддий-техник таъминотни мустаҳкамлаш бўйича ишлар бажарилган. Жумладан, иқтидорли ўқувчилар учун ректор стипендияси жорий қилинган. Институтнинг профессор-ўқитувчилари ҳар ҳафтада бир маротаба мактабларда ўқитувчи ва ўқувчиларга белгиланган фанлардан (биология, инглиз тили, тарих, информатика, физика, кимё, математика) маҳорат дарслари ўтмоқда. Ўқувчиларни олий таълим муассасаларига тайёрлаш бўйича бепул репетиторлик курслари ташкил этилган.

    Йиғилишда Жиззах политехника институтининг бириктирилган мактаблар билан ишлаш бўйича тажрибасини республика миқёсида оммалаштириш зарурлигини таъкидланди.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates