баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Интеллектуал мулк муҳофазасида қатъий чоралар зарур

    Машҳур кино қаҳрамонлари ва ўқув-илмий нашрлардан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия бериш натижасида тегишли давлатлар миллиардлаб доллар даромад кўрмоқда.

    Бугунги технологик тараққиётда интеллектуал мулк ҳар бир давлат иқтисодиётининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу соҳада мустаҳкам ҳимоя тизимининг мавжудлиги илмий тадқиқотларни рағбатлантириш, иқтисодиёт, инновациялар, маданият, адабиёт ва санъатни ривожлантириш, фан-техника ютуқларини амалиётга самарали татбиқ этиш, пировардида, мамлакатнинг иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

    Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 январдаги тегишли қарорига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Унда “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги ва “Фирма номлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳам назарда тутилган. Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракция йиғилишларида кўриб чиқилди. Мазкур масалаларнинг долзарблиги, аҳамияти ҳақида сўз борар экан, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, интеллектуал мулк объектларидан фойдаланувчи барча шахсларда масъулият ҳиссини кучайтириш, интеллектуал мулкка эга бўлишдан фойда келишини ҳақиқий маънода таъминлашга ҳам хизмат қилиши таъкидланди.

    Хўш, биз кўп эшитадиган, аммо аксарият ҳолларда амал қилмайдиган интеллектуал мулк ҳуқуқи ўзи нима? Нима сабабдан интеллектуал мулк муҳофазаси ва ривожига эътибор бу қадар кучаймоқда?

    Уни оддийгина қилиб, инсон томонидан яратиладиган ижодий ақлий фаолият маҳсули, дея таърифлаш мумкин. Интеллектуал мулк иқтисодиёт ривожланишининг таркибий қисмларидан бири ҳамдир. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари иқтисодиётида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар катта даромад келтирувчи соҳага айланиб улгурган. Масалан, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти маълумотларига кўра, машҳур кино қаҳрамонлари ва ўқув-илмий нашрлардан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия бериш натижасида тегишли давлатлар миллиардлаб доллар даромад кўрмоқда. Шу боис, ривожланган мамлакатларнинг деярли барчасида интеллектуал мулк ривожига катта эътибор қаратилгани ҳолда, уларнинг инвестициявий жозибадорлиги яхшиланган, унинг ички ялпи маҳсулотдаги улуши кескин ортиб бормоқда. Мисол учун, интеллектуал мулк Европада ялпи ички маҳсулотнинг 45 фоизини, Хитойда 12, Россияда эса 7 фоизни ташкил этади. Халқаро тажрибалар таҳлилидан маълумки, бугунги тараққий этган аксарият давлатлар иқтисодиёти юқори ўсишининг асосий омилларидан бири айнан интеллектуал мулк ва унинг мустаҳкам ҳуқуқий ҳимояси таъминланганлиги туфайлидир.

    Мамлакатимизда изчил иқтисодий фаолликнинг ошиб бориши билан интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар олиб бориляпти. Жумладан, интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш, давлат хизматлари кўрсатиш тизимида самарадорликни таъминлаш, идоралараро ишончли ва тезкор ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича олиб борилаётган ишлар соҳа ривожига хизмат қилмоқда.

    2019 йилдан товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказиш учун талабномалар топширилгач, бир иш куни мобайнида ушбу талабномалар ҳақидаги маълумотларни веб-сайтга жойлаштириш амалиёти йўлга қўйилди. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ эгалари мурожаатига мувофиқ, ҳимоя жараёни 2020 йилдан бошлаб янада фаоллаштирилди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилда маҳаллий ва хорижий талабнома топширувчилардан рўйхатдан ўтказиш учун 1 088 та ихтиро, фойдали модел ва саноат намунаси ҳамда 4 123 та товар белгиси учун талабнома қабул қилинган бўлиб, улардан 493 та ихтиро, фойдали модел ва саноат намунаси, 1 459 та товар белгиси рўйхатдан ўтказилди. Бу юртимизда товар белгиларига эга бўлиш талабининг ошиш тенденцияси кузатилаётганидан далолатдир.

    Ҳуқуқбузарликлар такрор давом этмоқда

    Бироқ бугунги кунда қонунчиликда интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланганлик, номулкий ҳуқуқларга дахл қилганлик учун жавобгарликнинг қатъийлаштирилмагани, маъмурий ва жиноий қонунчиликда умумий уйғунликнинг йўқлиги, белгиланган маъмурий жазони, айнан жаримани юридик шахснинг раҳбари мансабдор шахс сифатида тўлаб, бу каби ҳуқуқбузарликларни такрор давом эттираётганлик ҳолатлари учрамоқда. Натижада интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш ва уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқ эгаларидан асосли мурожаатлар билдириляпти. Биргина 2020 йил давомида судларда интеллектуал мулк объектларига оид 241 та ишлар кўрилган бўлса, уларнинг 90 фоизи айнан товар белгиларига тааллуқли экани қайд этилди. Ўша йили Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши томонидан интеллектуал мулкка оид 34 та иш кўрилди.

    Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз навбатида мавжуд қонунчиликни жаҳон тажрибаси ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштириш, айниқса, иқтисодиётни инновациялаштириш интеллектуал мулк муҳофазасини мустаҳкамлашни тақозо этади. Юқоридаги қонун лойиҳасида эса ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Унда шунингдек, интеллектуал мулк объектларига оид қонун бузилиш ҳолатларини содир этганлик учун юридик шахсларга нисбатан қўлланиладиган молиявий санкциялар ва уларнинг қўлланилиш механизми, товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисининг фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахс номига рўйхатдан ўтказилишига нисбатан қонунчиликдаги мавжуд чекловларнинг бекор бўлиши ўз ифодасини топган.

    Муҳим жиҳатлардан яна бири, товар белгисини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни маълум муддатни (8 ой) талаб қилишини инобатга оладиган бўлсак, тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказмасдан ёки тадбиркорлик фаолиятини амалда бошламасдан олдин товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси)ни рўйхатга олиш юзасидан талабнома топшириш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу эса келгусида ўзганинг товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси)ни ноқонуний ишлатиш каби низоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

    Қонун лойиҳасига Интеллектуал мулк соҳасидаги айрим ҳуқуқ бузилиши ҳолатлари, хусусан, ихтиро, фойдали модел ва саноат намунасига бўлган ҳуқуқларни бузиш ҳамда ўзганинг товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товар келиб чиққан жой номи ёки фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун тегишли юридик шахсга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда молиявий санкция (жарима) қўлланилиши тўғрисидаги норма киритилмоқда.

    Хорижий тажрибага назар солсак, бу борада қатъий чоралар белгиланганига гувоҳ бўламиз. Масалан, Молдова, Беларусь, Италия, Корея Республикасида юридик шахслар саноат мулки бўйича миллий қонунчилик ва халқаро битимлар нормаларини бузган тақдирда 2500 — 6000 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилади. Қолаверса, фаолият юритишни тўхтатиш, товарлар ва хизматларни реклама қилишни тақиқлаш каби ҳуқуқий таъсир чоралари ҳам қўлланилади.

    Ўзганинг “номи”дан фойдаланиш қонунга хилоф!

    Ҳозирги вақтда республикамизда фирма номларига бўлган ҳуқуқларнинг бузилиши билан боғлиқ низолар сони борган сари кўпайиб бормоқда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган санкциялар миқдорининг камлиги, қонунчиликда бошқа ҳуқуқий таъсир чораларининг мавжуд эмаслиги эса ҳуқуқбузарлик кўламининг ортиб боришига сабаб бўляпти.

    Амалиётда айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бошқа юридик шахсларнинг кенг жамоатчиликка машҳур бўлган фирма номидан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз ўзининг фирма номларида фойдаланиши натижасида юридик шахсларнинг ишчанлик обрўсига салбий таъсир кўрсатишига, истеъмолчиларда ушбу субъектлар томонидан ўзгаларнинг товар белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган контрафакт маҳсулотлар сабаб фирма номининг асл эгалари ҳақида янглиш тасаввурлар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Хусусан, “Knauf Gips KG”, “Marmaks”, “The Coca-Cola Company” сингари номлар мамлакатда энг кўп қонунга хилоф равишда фойдаланиладиган фирма номлари сирасига киради.

    Интеллектуал мулк агентлиги томонидан ишлаб чиқилган контрафакт озиқ-овқат, кийим-кечак, гигиена ва парфюмерия ҳамда бошқа хўжалик маҳсулотлар каталогидаги 300 дан ортиқ маҳсулотни рухсат берилмаган тарзда тайёрлаш, қўллаш, олиб кириш, савдога таклиф этиш, сотиш, ўзгача тарзда фуқаролик муомаласига киритиш ёки уларни шу мақсадда сақлаш ёхуд улар билан адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш бўлган бир хилдаги товарларни, яъни товар белгисига оид мутлақ ҳуқуқнинг бузилаётганлигини кўришимиз мумкин.

    Юртимизда фаолият олиб бораётган бир қатор хорижий брендлар томонидан ўз маҳсулотларининг контрафакциядан ҳимоя қилиниши бўйича судга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва юқори инстанцияларга кўплаб мурожаатлар тушиши боиси ҳам шунда. Ачинарлиси, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан тузилган таҳлилий маълумотномаларда интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланганлик учун қўлланилаётган таъсир чораларининг мазкур ҳуқуқбузилиши ҳолатларини тўхтатиш учун етарли бўлмаётгани қайд этилмоқда.

    Юридик шахслар томонидан ўзганинг мулки бўлган интеллектуал мулк объектларидан ҳуқуқ эгасидан рухсат олмаган ҳолда фойдаланилиши ушбу ташкилотларнинг фаолиятига бевосита тегишлидир. Айнан мазкур фаолият катта даромад кўришга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари ҳам мутаносиб равишда бўлиши мақсадга мувофиқ.

    Шу нуқтаи назардан мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши юридик шахсларнинг корпоратив жавобгарлиги бўйича нормаларнинг киритилиши ҳамда интеллектуал мулк соҳаси ўсишига катта йўл очади. Интеллектуал мулк объектларига эга бўлиш ривожланиш йўлига қадам қўйган миллий компаниялар учун ўзига хос нуфузни ва тан олинишни англатади. Бу борадаги қонунчиликни қатъийлаштириш мамлакатга ўз товар белгиси ёки саноат намунаси билан кириш истагида бўлган чет эллик инвесторлар учун яхши маънода “қўнғироқ” бўлади.

    Ботир МАРДАЕВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик

    палатаси депутати,

    Саноат, қурилиш ва савдо

    масалалари қўмитаси аъзоси

    No date selected
    September 2021
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates