Инвестиция илм йўлида бўлса, албатта, тараққиётга эришилади

    Таълим 2 июн 2023 1132

    Бугунги илмий салоҳиятнинг аҳамияти жуда катта ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмоқда. Айнан илмий салоҳият мамлакат инновацион тизимининг шаклланишида ва иқтисодиёт ривожланишига туртки берувчи катта омилдир.

    Олий таълимнинг салоҳият даражасини алоҳида таъкидлаш жоиз. Илмий мезонлар асосида фикр юритувчи ва корхона, ташкилотнинг барқарор иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшувчи мутахассис олий таълим муассасаси битирувчиси ҳисобланади.

    Олий таълим муассасасининг илмий салоҳиятини белгиловчи бирламчи бўғин бу — кафедра ва факультетлар бўлиб, у ерда иқтисодиёт муаммоларини ҳал этишга қаратилган фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб борилади.

    Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали таркибида бугунги кунда учта факультет ва 12 та кафедра фаолият олиб боради. Ҳудуддаги кончилик саноати корхоналари учун мутахассис тайёрлашга ихтисослашган Кончилик иши факультетида қазилма конлари, корхоналари, кон лаҳимлари ва уларни барпо қилиш усуллари, технологиялари, руда конларини ер ости ва очиқ усулида қазиб олиш асослари, шахта майдонини очиш, кон массасини қазишга тайёрлаш усуллари, қазиш технологияси ва тизимлари ҳақида назарий ва амалий билимлар берилади. Энергетика ва машинасозлик факультетида машинасозлик технологияси асослари, металлургия соҳасида машина ва механизмларнинг намунавий деталларини тайёрлашнинг илғор технологиялари, металлургия корхоналарида электр техникаси ва механикаси асослари бўйича фанлар ўтилади. Металлургия ва кимёвий технологиялар факультети таълим йўналишлари асосида таянч ҳисобланган ўқув режаси асосида таълим берилади. Шу билан бирга ҳар бир кафедра илмий тадқиқот маркази вазифасини ҳам бажармоқда.

    Шу кунгача бакалавриатда 7 та таълим йўналиши ва магистратурада 3 та мутахассисликларга талабалар қабул қилинаётган бўлса, 2023-2024 ўқув йилидан бакалавриатда 9 та таълим йўналиши ва магистратурада 6 та мутахассисликларга талабалар қабул қилиниши режалаштирилди.

    Филиал илмий тадқиқотчилари фаннинг турли йўналишларида олиб бораётган илмий изланишлари орқали технологик ишланмалар яратиб, илмий тадқиқотлари натижасида кон-металлургия ва фаннинг турли соҳаларидаги долзарб муаммоларни ўрганмоқдалар. Натижада 2022-2023 ўқув йилида филиалимиз бўйича 14 та фалсафа доктори (PhD), 1 та фан доктори (DSc) диссертациялари ҳимоя қилинди, 3 та доцентлик ва битта катта илмий ходим унвони олинди. Филиалда ҳозирги кунда жами 159 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият олиб бораётган бўлса, шундан, 69 нафари (8 нафари фан доктори (DSc), 61 нафари фан номзоди (PhD) илмий даражага эга, илмий салоҳият 46% ни ташкил этди.

    Жорий ўқув йилида филиал профессор-ўқитувчилари томонидан давлат илмий-техника дастурлари доирасида умумий қиймати 150 млн. сўмлик “Қовун пашшаси (Myiopardalis pardalina Big.)га қарши феромонли тутқичлар ишлаб чиқариш технологиясини яратиш” мавзусида 1 та инновaцион лойиҳа (лойиҳа раҳбари: к.ф.н. Т.Джумақулов) ҳамда умумий қиймати 592 млн. сўмлик “Маҳаллий хомашёлар асосида агрессив муҳитда ишлатиладиган керамик кислотага бардошли маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологиясини яратиш” мавзусида 1 та стартап лойиҳа (лойиҳа раҳбари: У.Умуров) бўйича илмий тадқиқот ишлари бажарилди. Ҳозирда ишлаб чиқарилаётган кислотабардош ғиштларни “Олмалиқ КМК” АЖ корхоналарига сотиш устида ишлар олиб борилмоқда.

    Шунингдек, умумий қиймати 1 млрд. 266 млн. сўмлик жами 9 та
    хўжалик шартномалари бажарилиб келинмоқда.

    Филиал профессор-ўқитувчилари томонидан илмий-тадқиқот ва илмий-услубий ишлар натижалари бўйича 288 та Республика ва хорижий илмий журналларда (шундан, 43 таси “Scopus” маълумотлар базасидаги журналларда) мақолалар, хориж ҳамда Республика ва ОТМ миқёсида ўтказилган анжуманларида 312 тадан ортиқ тезислар, 3 та дарслик, 9 та ўқув қўлланмалар, 13 та монографиялар чоп этилган. Шунингдек, 22 та ЭҲМ дастури учун гувоҳномалар ва 5 та ихтиро ва фойдали модель учун патентлар олинган.

    Бугунги кунда филиалда 4 нафар таянч докторантлар ҳамда 2 нафар стажёр-тадқиқотчилар таҳсил олмоқда. Барча таянч докторантлар ва стажёр-тадқиқотчилар “Олмалиқ КМК” АЖ корхоналарида илмий тадқиқот ишларини олиб боришмоқда

    ТДТУ Олмалиқ филиалининг хорижий давлатлар – Россия Федерацияси, Беларус Республикаси, Тожикистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси университет ҳамда илмий марказлари билан ҳамкорлиги филиал олимлари олиб бораётган илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширмоқда. Хорижий етакчи олий таълим муассасаларининг илмий даражали кадрлар тайёрлаш тизими ўрганилиб, энг мақбул тажрибалар филиал иш фаолиятига татбиқ этилмоқда. Россия Федерациясининг Урал давлат университети илмий делегациясининг филиалимизга ташрифи доирасида манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилиб, металлургия корхоналарининг тоғ-кон саноати муаммоларини уч томонлама ўрганиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилди.

    Таълим, илм-фан ва саноат интеграцияси таълимий, илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятларининг муштарак мақсад сари йўналтирилиши саналади. “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси”да юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнига кадрлар буюртмачиларини фаол жалб этиш белгиланган. Ишлаб чиқариш корхоналарида кафедра аудиториялари ташкил этилиб, талабалар учун таълим жараёни бевосита ишлаб чиқариш ҳудудида ташкил этилган. Профессор-ўқитувчи томонидан ўтилаётган дарс машғулотига корхона етакчи мутахассиси ҳам жалб этилади.

    Олий таълим тизимида олиб борилаётган бугунги кун ислоҳотларининг натижаси ҳар бир инсоннинг ўзи, шахсий ривожланиши учун киритаётган инвестициясига – қўйилмасига боғлиқ. Бу қўйилма маънавий – илм, ўқиш ўрганиш бўлса, албатта, ўз ортидан иқтисодий тараққиётни ҳам олиб келади.

    Орифжон Абдиев,

    ТДТУ Олмалиқ филиали Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари,

    доцент, техника фанлари бўйича фалсафа доктори.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates