Жаҳонда қуролланиш пойгаси янада авж олмоқда. Йирик давлатларнинг ҳарбий харажатлари 2010 йилга нисбатан бир ярим баробарга ошиб, 2,5 триллион долларга етгани бунинг яққол исботидир. Шу билан бирга, иқтисодий инқирознинг оқибатлари ва молиявий ресурсларнинг етишмаслиги туфайли жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари кетма-кет уч йилдан бери пасайиб бормоқда. Бу эса глобал иқтисодий барқарорликка жиддий таҳдид солмоқда.
Афсуски, бугунги кунда халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатиянинг таъсир кучи тобора заифлашиб бормоқда, инсоният тақдири учун энг муҳим бўлган муаммолар — озиқ-овқат хавфсизлиги, камбағалликни камайтириш, иқлим ўзгаришлари ва экологик мувозанатни сақлаш каби масалаларга бўлган эътибор сезиларли даражада пасаймоқда. Бундай шароитда жаҳонда тинчликни мустаҳкамлаш, адолатни таъминлаш ва инсон қадрини улуғлашга бўлган умумий ишончни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарб вазифага айланмоқда.
Мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ижтимоий адолатни қарор топтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва иқтисодий ўсишга эришиш — бугунги глобаллашган дунёда ҳар бир давлатнинг стратегик мақсадига айланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса инвестицияларни жалб этишга қаратилган ҳаракатлар, айнан шу мақсадларни амалга оширишга қаратилган. Инвестициялар нафақат иқтисодий ўсишни таъминловчи омил, балки кенг маънода тинчлик ва барқарорликни кафолатловчи механизм сифатида намоён бўлмоқда.
Президентимиз Ш.Мирзиёев 2024 йил 19 декабрь куни ўтказган йиғилишда таъкидлаганидек, 2017 йилдан буён мамлакатимиз иқтисодиётига 188 миллиард доллар инвестиция киритилган бўлиб, шундан 87 миллиард доллари хорижий сармоядорлар ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳолат Ўзбекистонда адолатли, барқарор ва ҳуқуқий муҳит шаклланаётганининг амалдаги исботидир.
2024 йилда 36 миллиард долларлик инвестиция жалб қилиниб, 560 та йирик ва ўрта лойиҳа ишга туширилди. 2025 йилда эса 43 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштирилиши, 662 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилмоқда. Бу рақамлар ортида — иш ўринлари, ижтимоий барқарорлик, солиқ тушумлари ва фуқароларнинг фаровон ҳаёти мужассам.
Иқтисодий ўсиш билан бирга, давлат томонидан ижтимоий ҳимоя сиёсати ҳам изчил амалга оширилмоқда. Президентнинг 2024 йил 23 сентябрдаги фармони асосида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури жорий этилди. Ушбу дастур асосида 75 минг камбағал оилага раҳбарлар бириктирилиб, 17 минг фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 14 минг аҳоли тадбиркорлик орқали даромад топа бошлади.
Инвестиция лойиҳаларининг кенгайиши, томорқачилик ва кичик бизнесни ривожлантиришга берилган имтиёзлар мазкур дастур билан уйғунлашиб, аҳоли даромадининг ошишига хизмат қилмоқда. Бу эса ўз навбатида ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлайди.
Президентимиз таъкидлаганидек, замонавий технологиялар ва халқаро ҳамкорлик асосида геология-қидирув ишларини кенгайтириш, янги конларни ўзлаштириш, трансформация ва экспорт-импорт логистикасини такомиллаштириш режалаштирилган. Бу тармоқлар ҳам инвестиция оқимининг ошишига хизмат қилмоқда. Мазкур лойиҳаларда фақат иқтисодий ўсиш эмас, балки янги иш ўринлари, экологик барқарорлик, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва аҳоли ҳаёти сифатининг ошиши ҳам кўзда тутилган
Мамлакатимиз ташқи сиёсатида ҳам инвестициявий ислоҳотлар билан уйғунлик мавжуд. Президентимиз томонидан қўшни давлатлар билан мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилди, Марказий Осиёда трансчегаравий сувлардан ҳамкорликда фойдаланиш механизми яратилди. Бу нафақат иқтисодий манфаат, балки минтақавий тинчлик ва хавфсизликнинг пойдеворидир. БМТ миқёсида илгари сурилган ташаббуслар — бунинг ёрқин исботидир.
Юқорида келтирилган таҳлиллардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, инвестициялар — фақат иқтисодий кўрсаткичлар эмас, балки барқарорлик, ижтимоий адолат ва тинчликнинг ҳам асосий пойдеворидир. Президент Ш.Мирзиёевнинг сўзлари билан айтганда: “Барқарор тараққиёт ва келажакка ишончли қадамлар учун инвестициявий муҳитни такомиллаштириш — асосий вазифамиздир”. Яъни, мамлакатимизда инвестиция марказлари ташкил этиш, ижтимоий ҳимоя тизимида инвестиция билан боғлиқ янги лойиҳалар (ижтимоий тадбиркорлик)ни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида инвестиция маданиятини шакллантириш мақсадида таълим муассасаларида махсус курслар жорий этилиши юртимизга кириб келадиган инвестициялар ижобий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон учун инвестиция — бу иқтисодий ўсиш воситаси эмас, балки барқарор ва тинч жамият қуришнинг муҳим кафолатидир.
Расул Раҳмонов,
Тошкент шаҳридаги Вебстер университети
Ижрочи директори и.ф.н,проф.
Ҳамкорлик материали