«Ипак йўлида» фильми Иордания халқаро кинофестивалида операторлик иши учун мукофотланди

    Маданият 10 октябр 2022 2493

    Ўзбек киноижодкорлари томонидан суратга олинган «Ипак йўлида» қисқа метражли фильми Х Иордания халқаро кинофестивалининг махсус мукофотини қўлга киритди.

    Иордания Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган фестивалнинг ёпилиш тадбирида «Ипак йўлида» фильми оператори Диёр Исматов «Энг яхши ёритиш ва суратга олиш» номинацияси ғолиби деб эълон қилинди.

    Тақдирлаш маросимида фестиваль ташкилотчилари ўзбек ижодкорлари томонидан суратга олинган ушбу фильмни алоҳида эътироф этди. Келгусида Ўзбекистон киноижодкорлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдорлик билдирилди.

    Мукофот Ўзбекистоннинг Аммон шаҳридаги Фахрий консулхонасига топширилди.

    Фильмнинг сценарий муаллифи Шоҳжаҳон Субҳонов, постановкачи режиссёр Шерзод Назаров, постановкачи оператор Диёр Исматов, рассом Эркин Ҳушматов, бадиий раҳбар Али Ҳамроев.

    Эслатиб ўтамиз, «Ипак йўлида» қисқа метражли фильми «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалининг бош соврини ҳамда «Энг яхши актёр» номинациясида, АҚШнинг «AVFF-2021« («Asian World Film Festival») халқаро кинофестивалида «Осиёнинг энг яхши қисқа метражли фильми» номинациясида, шунингдек, Қозоғистоннинг Олмата шаҳрида бўлиб ўтган «Bastau IFF» халқаро талабалар ва дебютантлар кинофестивалида «Энг яхши қисқа метражли фильм» йўналиши бўйича ғолиб бўлган, деб хабар беради «Дунё» АА.