Иқтисодий муаммолар ҳал этилиши – Афғонистонда барқарор тинчлик ўрнатиш учун муҳим асос

    Президентимиз Афғонистондаги мураккаб вазиятнинг сақланиб қолаётганига урғу бериб, афғон халқига тегишли ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида ташкил этилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) навбатдаги 15-саммитида иштирок этиб, ташкилот доирасида кўптомонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари суриш билан бир қаторда, бугунги кунда нафақат минтақа, балки халқаро хавфсизликни таъминлашда ўта долзарб бўлган Афғонистондаги вазиятга алоҳида тўхталиб ўтди.

    Президентимизнинг ИҲТ давлат аъзолари эътиборини Афғонистондаги вазиятга қаратгани, бу – энг аввало, Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан дўстона, яхши қўшничилик муносабатларига содиқ эканининг яна бир амалдаги мисоли.

    Иккинчидан, бугун ИҲТга аъзо 10 давлатдан, агар Афғонистонни ўзини ҳисобга олмай айтсак, демак 9 та аъзодан 5 таси бевосита Афғонистон билан чегарадош давлатлар ҳисобланади. Қолганлари эса Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ишларида фаол иштирок этадиган давлатлардир. Яъни бу Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти афғон инқирозини бартараф этишда муҳим мулоқот майдони эканини кўрсатади.

    Афғонистонда ҳокимият тепасига Толибон ҳаракати вакиллари келиши ташқи алоқаларнинг узилиши, Афғонистон бюджетининг 70 фоизини шакллантирадиган ташқи молиявий ёрдамнинг тўхташига олиб келди.

    Бундан ташқари, Афғонистоннинг хорижий банкларидаги умумий миқдори 9 млрд. доллар бўлган давлат активлари ҳам музлатиб қўйилган.

    Мамлакатда сўнгги 4 йил ичида кузатилаётган иккинчи қурғоқчилик иқтисодий вазиятнинг янада оғирлашишига сабаб бўлди. Бу қурғоқчилик Афғонистоннинг 34 вилоятидан 22 тасини қамраб олди. Натижада қишлоқ хўжалиги ҳосилининг 40 фоизи нобуд бўлди. Агар афғон халқининг 74 фоизи қишлоқларда яшашини инобатга олсак, бу қандай катта талофат эканини тасаввур қилиш қийин эмас.

    БМТ маълумотларига кўра, мамлакатдаги иқтисодий-ижтимоий вазият яхшиланмаса Афғонистон аҳолисининг 95 фоизи, яъни 38 миллион киши қашшоқлик ҳолатига тушиб қолиши мумкин. 23 миллион киши ҳозирги кунда тўйиб овқатланмаслик муаммосига дуч келган. Ачинарлиси буларнинг 3,2 миллионтаси 5 ёшгача бўлган болаларни ташкил қилади, уларнинг 1 миллиони очарчиликдан вафот этиш хавфи остида турибди.

    БМТ маълумотига кўра, ҳозирги кунда Афғонистон аҳолисини қисман озиқ-овқат билан таъминлаш учун бир ойлик харажат 220 миллион доллар маблағни талаб этади. Табиийки бундай мушкул вазифани Афғонистон мустақил равишда ўзи ҳал эта олмайди.

    Шу муносбат билан БМТ Озиқ–овқат дастури бошлиғи Дэвид Бизли Афғонистондаги бундай аянчли ҳолатга баҳо берар экан, у Афғонистонда дунёдаги энг талофатли гуманитар инқироз бўлиши мумкин, дейди.

    Бу масаланинг бир томони. Иқтисодий-ижтимоий ҳолатнинг ёмонлашиши бевосита хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради. Биринчидан, иш ўринлари бўлмагани сабаб афғон аҳолиси кун ўтказиш мақсадида турли террористик гуруҳларга қўшилиб кетиши мумкин.

    Бугун Афғонистонда БМТ хавфсизлик кенгаши рўйхатига киритилган 28 террористик ташкилотлардан 22 таси фаолият олиб боради.

    Иккинчидан, ишсиз, озиқ-овқатсиз қолган аҳоли ноқонуний қурол-яроғ ва гиёҳванд моддалар олди-сотдиси билан банд бўлиши мумкин. Халқаро иттифоқчи давлатлар ҳарбий кучларининг чиқиб кетганидан сўнг Афғонистонда умумий қиймати 83 миллиард доллар бўлган қурол-яроғ қолиб кетди.

    Учинчидан, гуманитар инқироз қочоқлар оқимининг ошишига олиб келади. Бугунги кунда Эрон ва Покистонда 3 миллионга яқин қочоқлар мавжуд. Агар Афғонистоннинг Марказий Осиё, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ минтақалари кесишмасида жойлашганини инобатга олсак, Афғонистонда бўлиши кутилаётган гуманитар инқироз юқоридаги минтақаларда хавфсизлик, иқтисодий ва ижтимоий вазиятни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин.

    Юқоридаги фикрлардан келиб чиқадиган бўлсак, ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси нафақат Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти аъзоларининг, балки Афғонистонда тинчлик ўрнатиш тарафдори бўлган бошқа етакчи давлатларнинг ҳам манфаатларига жавоб беради.

    Президентимиз афғон халқига иқтисодий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги ташаббусининг амалда татбиқ этилиши Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик ўрнатиш учун муҳим асос яратади. Иқтисодий ва ижтимоий ҳолат яхшиланмас экан, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш узоқ истиқболдаги масала бўлиб қолаверади.

    Бахтиёр Мустафоев,

    Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates