Иқтисодий зоналарда 100 мингдан зиёд иш ўрни яратилади

    Ажратилган 1,6 триллион сўм маблағ янги ишлаб чиқилган лойиҳаларни жойлаштиришда тадбиркорларга қулайлик яратади.

    Бугунги кунда мамлакатимизда 23 та эркин иқтисодий ва 348 та кичик саноат зонаси фаолият юритмоқда. Эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 2,6 миллиард долларлик 453 та лойиҳа амалга оширилиб, 36 мингга яқин иш ўрни яратилган. Кичик саноат зоналарида эса 5 триллион сўмлик 1 497 та лойиҳа ишга туширилиб, 36 мингдан зиёд кишининг бандлиги таъминланган.

    Саноат зоналари тадбиркорларимиз фаолияти учун жуда қулай маскан бўлиб, аҳолини иш билан таъминлашда, кўплаб йирик лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этяпти. Шунга қарамай, бу зоналарда ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўп.

    Давлатимиз раҳбарининг “Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шу имкониятларни кенгайтириш йўлидаги тарихий ҳужжат бўлди, десак муболаға эмас. Бу ҳужжат иқтисодий зоналарда инфратузилма масаласида тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларнинг ечими бўлди.

    Қарор билан иқтисодий зоналардаги инфратузилмани яхшилашга ажратилган 1,6 триллион сўм маблағ янги ишлаб чиқилган лойиҳаларни жойлаштиришда тадбиркорларга қулайлик яратади. Бу нафақат маҳаллий ишбилармонлар, балки хорижий инвесторлар ва ҳамкорларимиз учун ҳам катта имконият. Буни барча кутган эди.

    Давлатимиз раҳбари эндиги энг муҳим масала эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналаридаги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш эканини таъкидлади. Жорий йилда эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган 332 та лойиҳа, кичик саноат зоналарида умумий қиймати 9,5 триллион сўм бўлган 1 минг 845 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Бу лойиҳалар, асосан, иқтисодиётимизнинг учун ўсиш нуқтаси ҳисобланган электротехника, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, нефть-газ, фармацевтика, туризм, иссиқхона хўжаликлари, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш саноати йўналишларида амалга оширилади. Бунинг натижасида 20 минг 298 та янги иш ўрни яратилади. Бу эса шу йилнинг якуни билан 400 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, импорт ўрнини босувчи 350 миллион долларлик товарлар ишлаб чиқариш ҳамда давлат бюджетига қўшимча 2 триллион сўмдан кўп маблағ йўналтиришга имкон беради.

    Айни пайтда бу ҳудудларда 2,7 миллиард долларлик қўшимча 442 та лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг ишга тушиши натижасида яна 35 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Кичик саноат зоналарида ҳам 11 триллион сўмлик 2 мингда ортиқ янги лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг натижасида 77 минг, жами 100 мингдан зиёд иш ўрни яратиш белгилаб олинган. Инфратузилма масаласининг ҳал бўлиши бу лойиҳаларни тезроқ ишга туширишда қўл келади.

    Президентимиз йиғилишда бу вазифаларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Иқтисодий зоналарда сифат жиҳатидан хорижникидан қолишмайдиган, импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш бўйича алоҳида вазифалар юкланди.

    Ажратилаётган маблағларни жойларда тезроқ ўзлаштириш ва сифатли инфратузилмани ташкил этиш, хусусан, йўл, электр энергияси, газ таъминоти масалаларини сифатли ҳал қилиш ҳамда тежамкорлик билан ишлатиш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Мазкур масалалар бўйича ҳукумат комиссияси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, “йўл харитаси” шакллантирилади. Маблағларни тўғри йўналтириш ва лойиҳаларни тезроқ ишга тушириш доимий назоратга олинади.

    Азиз ВОИТОВ,

    инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates