Истеъмолчилар ҳуқуқлари устуворлиги кафолатланиши зарур

    «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

    Таъкидлаш жоиз, лойиҳа бугунги кунда жуда долзарб бўлиб турган масала – истеъмолчилар ҳуқуқларининг устуворлигига қаратилган. Хусусан, амалдаги «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, истеъмолчиларга мажбурий тарзда берилиши лозим бўлган ахборотлар, яъни, товар ёки унинг ишлаб чиқарувчиси ҳақидаги маълумотлар улар ҳоҳлаган тилларда берилиши белгилаб берилган. Яъни, қайси тилда бўлиши кўрсатилмаган.

    Шунинг учун қонун лойиҳасида истеъмолчига товар (иш, хизмат) ва ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумотлар, қолаверса, электрон тижорат орқали товарлар сотиш вақтида тақдим этиладиган маълумот ва нархномалар давлат тилида бўлиши лозимлиги талаби киритилмоқда. Маълумотлар давлат тили билан бирга, бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин.

    Мазкур ўзгартиришлар анча долзарб масала эканини ҳар биримиз истеъмолчи сифатида яхши тушунамиз, албатта. Бундай меъёрнинг жорий этилиши истеъмолчиларга қулайлик яратиши билан бирга, «Давлат тили ҳақида»ги қонун нормаларининг таъсир ва қамров доираси янада кенгайишига ҳам хизмат қилади.

    Хорижий давлатлар амалиётига кўра, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумотлар давлат тилида тақдим этилади. Аксарият хориж давлатларларида корхона ўзи ҳақидаги маълумотни ёки ишлаб чиқараётган маҳсулотидаги ёзувларни давлат тилида акс эттирмаса, 4 минг еврогача жарималар қўлланиши қонун хужжатлари билан белгилаб қўйилган. Масалан, Франция қонунларига мувофиқ, бошқа тилда пешлавҳаси ёки ёрлиғи ёзилган мулк (маҳсулот) мусодара қилиниши ва 3750 еврогача миқдорда жаримага тортилиши белгиланган.

    Демак, миллий қонунчиликка киритилаётган қўшимча аллақачон илғор давлатлар амалиётида қўлланиб келинади. Мазкур ўзгартиришлар орқали, истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ва ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисида давлат тилида маълумот олиш имконияти кенгайтирилади.

    Кейинги масала., ҳозирги пайтда товар учун нақд пул ёки пластик карточка орқали ҳақ тўлаш шаклига қараб уларни сунъий равишда оширган ёки пасайтирганлик учун амалдаги қонун хужжатларида жавобгарлик белгилаб қўйилган. Бироқ қонун ҳужжатларида тўлов шаклига кўра товар нархини турли миқдорда белгилаш мумкин эмаслиги ҳақидаги меъёр аниқ қайд этилмаган. Қонун лойиҳасида бу жиҳат ҳам эътиборга олинган.

    Жумладан, сотувчига (ижрочига) товарлар (ишлар, хизматлар) учун ҳақ тўлаш шаклига қараб бир турдаги товарлар (ишлар, хизматлар) учун ҳар хил нарх (тариф) белгилаш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилмоқда.

    Бозор мезонларига мувофиқ, товарлар (ишлар, хизматлар)ни нақд пулсиз сотишда чегирмалар ва рағбатлантиришнинг бошқа шакллари белгиланиши мумкинлиги ҳам акс этмоқда. Бу ўзгартиришлар товар учун тўловни амалга оширишда истеъмолчининг ҳуқуқини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Яна бир муҳим масала- истеъмолчига сотувчи билан шартномавий муносабатларда устувор ҳуқуқ берилади. Конституциямизда давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиши, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан баравар муҳофаза этилишини кафолатлаши белгиланган.

    Маълумки, товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли истеъмолчига зарар етиши мумкин. Бундай ҳолатларда истеъмолчиларнинг манфаатига урғу берилиб, қонун лойиҳасида истеъмолчига сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартномавий муносабатларда устуворлик ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда.

    Айни кунларда мазкур қонун лойиҳаси мутахассислар иштирокида парламентда чуқур муҳокама этилмоқда.

    Анвархон ТЕМИРОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates