ИТСВда Халқаро валюта жамғармаси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

    Инвестициялар 13 апрел 2022 865

    Жорий йил 11 апрелда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ХВЖ келишув моддаларининг IV-моддасига мувофиқ, 2022 йилдаги маслаҳатлашувлар учун Ўзбекистонда бўлиб турган Рон ван Роден бошчилигидаги Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) делегацияси билан учрашув ўтказди.

    Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестициявий сиёсат, инвестициявий муҳитни яхшилаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, хорижий инвесторларни жалб қилиш, қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмлари, шунингдек, Давлат инвестиция дастурининг ижроси кўриб чиқилди.

    Инвестициявий лойиҳаларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, ХВЖ томонидан ўтказилган давлат инвестицияларини бошқаришни баҳолаш (PIMA) натижалари ҳамда халқаро молия институтлари иштирокида лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда кўмаклашиш нуқтаи назаридан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида янги ташкил этилган Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлигининг ролига тўхталиб ўтилди.

    ХВЖ миссиясига кўра, Ўзбекистонда Давлат раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларнинг сезиларли натижалари мамлакатнинг жаҳон ишбилармон доиралари ўртасида ижобий имиджини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Шу муносабат билан миссия томонидан Ўзбекистонни инвестициялар киритиш учун жозибадор ва барқарор ривожланаётган давлат сифатида яққол намоён эта олган ҳамда мамлакатдаги иқтисодий сиёсатнинг муваффақиятини кенг тарғиб этишга хизмат қилган биринчи Тошкент инвестиция форумининг ўз вақтидалигини таъкидлади.

    Шунингдек, ташқи савдо сиёсати ва Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди. Тадбиркорлар ва экспортчилар билан яқин ва доимий ҳамкорлик қилиш натижасида эришилган ютуқлар кўриб чиқилди.

    Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқаларининг, хусусан, инвестициявий, савдо, транспорт ва логистика соҳаларидаги муносабатларининг бугунги ҳолати миссия аъзоларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Йирик ҳамкор давлатлар билан тузилган шартномалар, амалга оширилаётган қўшма инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар, шунингдек, ўрта ва узоқ муддатли истиқболлардаги ҳамкорликни кенгайтириш режалари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

    Ўзбекистоннинг ташқи савдони либераллаштириш, асосий ҳамкорлар билан савдо муносабатларидаги тўсиқларни бартараф қилиш ва кўп томонлама савдо тизимларига интеграциялашувидаги ютуқлари юқори баҳоланди.

    ХВЖ миссиясининг раҳбари Ўзбекистон Европа Иттифоқининг (ЕИ) барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув учун Преференциялар бош тизими (GSP+) ва Буюк Британиянинг Преференциялар бош тизими кенгайтирилган схемаси (GSP Enhanced framework) бенефициар мамлакат мақомига эга бўлганини олқишлади.

    Рон ван Роден «Cotton Campaign» халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтаси ва тўқимачилигига эълон қилинган бойкот бекор қилинишига эришишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ролини алоҳида таъкидлаб ўтди.

    Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнининг ҳозирги ҳолати, шунингдек, музокаралар жараёнини илгари суриш бўйича навбатдаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

    Учрашув якунида томонлар мамлакатни янада ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди ҳамда инвестициявий ва савдо-иқтисодий соҳалардаги турли прогнозларни муҳокама қилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    Маълумот учун: ХВЖ миссияси 2022 йил 31 мартдан Ўзбекистонда бўлиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан учрашувлар ўтказди. Муҳокамаларда иқтисодиётимизнинг жорий ҳолати, уни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

    ХВФ Низомининг IV-моддасига мувофиқ, Жамғарма миссиялари мунтазам равишда маслаҳатлашувлар ўтказиш ҳамда техник ёрдам кўрсатиш мақсадида аъзо мамлакатларга ташриф буюради. Миссияларнинг фаолияти иқтисодиёт, молия сектори ва статистика соҳасидаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш, шунингдек, кейинги иқтисодий ислоҳотларнинг йўналишларини аниқлашга қаратилади. Ташрифлар натижасида мамлакатлардаги иқтисодий вазиятни таҳлил қилиш натижалари ва қисқа муддатли прогнозларини акс эттирувчи тегишли ҳисоботлар тайёрланади ва эълон қилинади. 2017 йилдан бошлаб, йиллик маслаҳатлашувлардан ташқари, ХВЖ иқтисодий сиёсатнинг турли соҳаларида эксперт ва техник ёрдам миссияларини ташкил этиб келяпти.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates