Жаҳон жафолардан холи бўлғай

    Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров билан суҳбатлашар эканмиз, адиб шу кунгача сўз очган барча мавзуларнинг илдизи одамийлик, ҳаё, ор-номус, ҳамият, орият, шаън каби олий қадриятларимизни қамраб олгани, аслида бугунги дунёни хавотир ва ташвишга солаётган масалаларнинг барчаси ана шу қадриятларга бепарволик туфайли юзага келаётганини таъкидлаб ўтди.

    – Устоз, куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ минбарида илк марта ўзбек тилида нутқ сўзлагани барчамизнинг кўнглимизга чуқур ҳаяжон бағишлади. Президентимизни тинглаган пайтингизда кўнглингиздан нималар кечди?

    – Баъзан осмонлар ғоятда баланд, тиниқ, рафеъ, барокатли ва осойишта бўлади. Одамлар ўртасида ишлар ҳам, сўзлар ҳам, фикрлар ҳам, интилиш, изланишлар ҳам шунга яраша бир қувват касб этади. Назаримда шу кунлар Ўзбекистонда шундай. Сўзлар, фикрлар, ниятлар масаррат хазойинларига кирди ва келажак ҳаётий муросалардан дарак бермоқда.

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг тантанали анжуманида сўзлаган онлайн нутқи тилларда! Худди Зулфия опамизнинг: “Ҳуррият келдинг! Ниҳоят келдинг Истиқлол ва истиқбол каби”, деган лўнда буюк сўзларидай оҳангда жаранглаган ва ўша шоирона суръатда дунёга таралган бу нутқда барча ташаббуслар, барча ғоялар, барча таклифлар тўла ҳолда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мувоза ва уйғун бўлди. Шунинг учун улар бари минтақавий моҳиятдан ортиб глобал яхлит қиммат касб этди. Энди Зулфия опамизнинг “Ҳуррият келдинг истиқбол бўлиб!” деган сўзларининг ижтимоий, инсоний, миллий ва умумиллий мағзи очилди. Чунки истиқлол бўлмаса, бу ташаббуслар қайда эди! Истиқбол туйғуси бўлмаса, бу ташаббуслар халқаро имдод топармиди!!! Президентимизнинг 2017 йилда БМТдаги илк ташаббусларини эслаймиз... Ўша ташаббуслар кўз ўнгимизда жаҳон айвонига чиқмадими, глобал тараққиётнинг узвига айланмадими! Улар Ўзбекистонни, унинг тинчлик, муроса ғояларини жаҳонга олиб чиқмадими! Кечаги нутқда дунё афкор оммаси олдига қўйилган ташаббус ва таклифлар уч йил илгариги ташаббус ва таклифларнинг давоми бўлди. Уларнинг тўкис-тугал БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан чамбарчас боғлангани бугун ва эртага Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидан мустаҳкам ўрин тутганини кўрсатади. Президентимиз Орол экотизими платформасида вазмин, салмоқдор, аммо таг замини залворли фикрларни баён қилиб ўтди. Ҳозир Оролбўйи минтақасида икки миллион гектар ерга яшил қоплама яратилаётгани ва бу саҳройи азимларда тез орада кўкаламзор ҳаёт барпо бўлажаги ҳақидаги дадил сўзлари, аминманки, эшитган, кўрган бутун миллиардлик жаҳон аҳлида бир ларзакор умид тараннумларини жунбушга келтирди. Осмондан чалпак ёғмагай ва қорнимизнинг виртуал очлигини қондирмагай, аммо беҳаёт чўлда кўкарган битта саксовул ниҳоли инсоният келажагига умид чироғи бўлолгай! БМТ, унинг қалбида не-не давлат ва сиёсат арбоблари ўтирган бўлмасин, ўша дамда ўшанга ишонч ҳосил қилди. Яхши ният билан чексиз саҳроларга қадалган уруғ келажак ҳаётидан дарак бергай!

    “Мамлакатимизнинг ярми аҳолиси ёшлар!” деди Президент. Унинг дунё ва Ўзбекистон ёшлари ҳуқуқлари, уларнинг иш-ўқиш, маиший шароитлари, истиқболлари ҳақидаги мавзун-мезонли фикрлари миллиардлаб ёшларнинг юракларида акс-садо топмадимикин! Ахир булар ҳаёт-мамот билан баробар фикрлар-ку! Одам бўйи ўсмай туриб бундай қамровли фикрларга етиб боролмайди. Зеро, улар бугун-эрта амалиётга айланади. Бу йил кириш имтиҳонларини топширган йигит-қизлар жуда юксак натижаларни қўлга киритдилар. Ҳатто одамнинг ишонгиси келмайди! Аммо бу натижалар ҳақиқат ва ҳалол! Президент ташаббуслари кучга кирмаяптими! Янги Ўзбекистоннинг янги авлоди янги марраларга кўтарилмаяптими! Буларнинг қуввати энергияси, ғайрати эртага янги стратегия, янги режалар учун тўла ва аниқ намоён бўлажак! Президент ўз нутқида халқаро терроризмга қарши курашнинг глобал стратегияси, Марказий Осиё мамлакатларининг бу офатга қарши биргаликдаги курашларининг режаларини пухта чамаламоқда. Биргаликда деганимизда ғалаба нашидалари бор. Президентимиз БМТда афғон халқининг жафокаш овози эшитилиб турадиган қўмита ташкил этилишини ёқлаб фикр билдирмоқда. Бу янгилик ҳар бир уруш ва қурбонлардан зада бўлган афғоннинг юраги ва тушунчасида акс-садо берса, ажабмас. Зеро, афғоннинг фиғонини ер юзи миқёсида тингламоқ палласи аллақачон етган. Афғон ўз мустақил, фаровон ҳаётини ҳеч бир тўсиқсиз қурсин! Президент халқаро ҳамкорликларнинг турли соҳалардаги уфқларини очиб кўрсатди. Дунё буларни билмасмиди? Биларди! Лекин Президент буларнинг янги қирраларини намоён қилди ва уларнинг жуда реал асослари мавжудлигига ишора қилди. Дунё минбаридан баралла янграган бундай фирлар ХХ аср ҳаёт океанларида ҳали узоқ вақт тирикликнинг жом садоси каби тинмай янграб туражак.

    – Шахс тарбияси сиз қаламга олган барча мавзулар моҳиятини белгилаб келган. Айни тарбия билан боғлиқ кўҳна мезонларимиз ҳақида сўзлаб берсангиз...

    – Шахс тарбияси, тарбия мезонлари тўғрисида сўз очдингиз...

    Инсон тарбияси азаллардан буён, Афлотун замонларидан бери одамларни қаттиқ ўйлатиб, ташвишлантириб келади. Динлар, фалсафа оқимлари, таълим-таҳсил, неча минг йилларки, бу ҳақда бош қотиради. Тарбия қандай бўлиши керак? Тарбияга ким жавобгар? Тарбия принципларини кимлар белгилайди? Унинг қонун-қоидаларни кимлар яратади ва қандай мақсадларни кўзлайди? Замон-замон бунинг ичида курашлар боради ва улар ҳеч бир замонда тўхтамайди ва ҳеч бир замонда бир нуқтада хулоса топмайди. Динлар ахлоқ, тарбияни ўйлаб дунёга келди. Худо - бу ахлоқ. Ахлоқ бўлгани учунгина Худо бор. Худо бор бўлгани учунгина ахлоқ бор. Бир диннинг номи салом бўлди. Салом эса энг тугал ахлоқдир. Қон тўкиш энг оғир гуноҳ. Салом йўқолганда дунё ва одамзод ўз қонига ботади. Одамнинг ҳақини ейиш, унинг шаънига, номусига тегиш, орини топташ ундан ҳам оғирроқ гуноҳлар, лекин одамзот билиб туриб бу гуноҳларни қилиб келди ва ҳар куни қилади. Нима, одамни тарбия қилиб бўлмайдими? Уни муқаддас қонни тўкишдан тўхтатиб бўлмайдими, талончилик ва қонхўрликларга бутунлай барҳам беришнинг иложи йўқми? Одам чорасиз, нажотсиз махлуқми? Моддий ва маънавий қашшоқликни енгиб ўтгандагина, моддий ва маънавий қашшоқликка бутун ер юзида барбод берилгандагина қон тўкиш ва қирғинлар ҳам ўз-ўзидан барбод бўлади ва Ер юзидан қувилади. БМТ дастурида қашшоқликка қарши кураш, камбағаллакни камайтириш ва охир-оқибатда уни йўқотиш, инсоният ҳаётидан даф қилиш биринчи ўринда туради. Ўзбекистон бу дастурга тўла-тўкис қўшилди ва ўз тараққиётининг режасига киритди. Қашшоқлик ва камбағалликнинг йўқолиши ақлнинг очилиши, илм-тараққиётнинг ғалабасидир. Бизнинг тарбиямиз ақл-идрокнинг очилиши, илм-маърифатнинг тинмай ўсишига боғлиқ. Маданий-маърифий, одамий одамни етиштириш аъмолларимизнинг аъмоли ва биз бунга, албатта, етиб борамиз, албатта, бунга эришамиз.

    – Биргина Адиблар хиёбони билан боғлиқ жараёнга назар ташласак, талаба ёшлар маънавиятидаги сезиларли ўзгаришлар, ёш ижодкорлар қалбидаги янги тўлқинлар, мулоҳазалар ва пўртанали саволлар адабиётнинг эртанги кунига ўзгача ишонч уйғота бошлайди... Ёшларга қандай танбеҳларингиз ва эътирофларингиз борлиги бизни қизиқтиради...

    – Адабиёт ўз замирида ўз-ўзини янгилаб боради. Унга махсус шароит керак эмас. У ҳаёт ва инсон билан чамбарчас боғланган, ҳаёт ва инсон эҳтиёжлари билан яшайди. Шу пайтгача адабиётни турли қолипларга солишга уриниб келишди, уни турли томонлардан чеклашга ҳаракат қилишди. Ҳаёт долғалари Шекспир ва Навоийларни юзага олиб чиқаверади. Шекспирга, Дантега, Саъдийга, Саккокий, Атоийга қолип керак эмас. Уларнинг илоҳий қалби ўз вазнлари, ўз ритмлари, оҳангларини муқаррар суръатда яратаверади. Адабиётни ўз ҳолига қўйиш керак. Эркин шароитда халқ ичидан янгидан талантлар етишиб чиқаверади. Уларни турли “изм”ларнинг қолипларига солишга уринмаслик керак. Эътиқодий кескинликлар адабиётга зарба беради. Бир пайтлар Гоголь шундай зарбалар еган эди. Фитрат, Қодирий ,Чўлпон, Беҳбудий ва не-не даҳолар шундай ғайриинсоний муносабатларнинг қурбонлари бўлдилар. Адабиёт хиёбонида кечаётган адабиёт дарсларида устозлар ёшларга инсоният адабиёт ҳақида фикрлаганда бу сабоқларни ҳеч қачон унутмагани маъқул эканини таъкилашларини истайман.

    –Адабиётдаги асосий майдонини адабий танқидчиликнинг ўткир нигоҳи саралаб туради. Негадир ўша майдонда бугун жимжитлик ҳукм сурмоқда.

    Адабиёт майдонида ҳозир жимжитлик ҳукм суряпти, деган гапга қўшилмайман. Балки бу сокинлик жимжитликка ўхшаб кўринар Аммо унинг бағрида нималар, кимлар етишаётган экан... Ёлғиз Аллоҳга аён. Киши билмас ёрқин талантлар дунёга келяпти. Талантнинг ўз исёнлари ва яратувлари ҳамиша бўлади. Худо талантларни шунинг учун – бандалари зерикиб қолмасликлари учун яратади. Абдулла Қаҳҳор “Илҳом ҳамма қийинчиликларни енгади”, деган. Талантнинг жингалак сочи илҳомсиз ҳилпирамайди...

    Ватанпарварлик ва миллатпарварлик сингари эътиқодий ҳодисаларни ҳам фақат маънавият билан чамбарчас боғлаган ва ундан заррача айрилмаган ҳолдагина тушуниш, шунга яраша саъй-ҳаракатда бўлиш ҳар бир халқ учун чин мўъжизалар яратади. Маънавиятдан маҳрум ватанпарварлик ва миллатпарварлик ўз-ўзинигина кўр-кўрона севишга, димоғдорликка, такаббурликка олиб боради, аслини олганда, такаббурликнинг жаҳолатдан сира фарқи йўқ. Такаббурлик ҳам, жаҳолат ҳам, ўзгалар ҳақ-ҳуқуқларини менсимаслик, беписандлик ҳам маънавиятсизликдан ҳосил бўлади.

    Суҳбатимизга хулоса сифатида бугунги куннинг глобал воқеаларидан таъсирланган ҳолда шуни айтишим мумкинки, умуминсоният иродаси инсониятни, у қаерда яшамасин, қаерда туғилмасин, қайси ирққа мансуб бўлмасин, бирлаштириб туради. Инсоният бошига хавф тушган кезларда бирлашади. Акс ҳолда инсоният фашизм вабоси ёхуд термоядро жалалари остида аллақачон йўқолиб кетган бўларди. Бу умуминсоният иродаси уруш офатларига қарши курашда, диний, миллий, ирқий терроризмнинг хавфини биргаликда бартараф этишда, табиат экотизимларини омон сақлаш учун ҳаракатларнинг фаоллашувида, технологияларни ер юзи табиатида кечадиган чексиз жараёнларга оқилона мувофиқлаштиришга уринишларда тобора кўзга ташланмоқда. Табиат бугун инсониятдан ўзини сақлаш, муҳофаза этиш йўлида фаоллашувларни тобора катъият билан талаб қилмоқда. Ё ҳаёт, ё мамот… Одамзод бундан келиб чиқадиган барча зиддиятли, қарама-қарши ҳодисаларнинг бирини танлашга мажбур.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates