Жамоат транспортини ривожлантириш

    Халқаро андозалар асосида ҳам илмий, ҳам амалий ёндашувни талаб этади.

    Урбанизация жараёнининг жадаллашуви, мегаполис шаҳарларнинг кўпайиши, аҳоли сонининг ўсиши натижасида жамоат транспортига бўлган талаб ва эҳтиёж йил сайин ошиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, жамоат транспорти хизмати сифатини ошириш, маданиятини юксалтириш, уни бугунги давр ва шароитга мослаштиришни тақозо этмоқда. Президентимиз соҳа мутасаддилари олдига жамоат транспортини тубдан ислоҳ этиш, мамлакатимизнинг туман ва шаҳарларида жамоат транспортини ривожлантириш, ҳудудларнинг унга бўлган эҳтиёжини қондириш, транспорт инфратузилмасини ташкил этиш, транспорт-логистика масалаларига илмий жиҳатдан ёндашиш, хусусан, хорижий тажрибани ўрганиш, соҳага замонавий кадрларни тайёрлаш ва жалб этиш вазифаларини қўйди. Ана шундай вазифалардан келиб чиқиб, Тошкент давлат транспорт университети мутахассисларига жамоат транспортининг бугунги ҳолати, халқаро тажриба, соҳадаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечимига илмий ёндашув, таълим даргоҳида малакали мутахассислар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусидаги саволлар билан мурожаат қилдик.

    Туйғун ҚОДИРОВ, иқтисод фанлари номзоди, доцент:

    — Таҳлиллар бугунги кунда жамоат транспортидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ бир қатор муаммолар ўз илмий ечимини кутаётганини кўрсатмоқда. Жумладан, аҳолига хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари паркини янгилаш ва улардан фойдаланиш даражасини ошириш, йўловчи ташиш харажатлари ва автомобилларни ишлатиш кўрсаткичлари ўртасида оқилона мутаносиблик ўрнатиш, жамоат транспортидан фойдаланиш тарифларининг асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймаслик каби муҳим масалалар шулар жумласидандир. Республикамиз ҳудуди кенг, аҳоли сони ортиши асносида улар истиқомат қилувчи каттакичик пунктлар сони ҳам тобора кўпайиб боряпти. Олдимизда аҳоли пунктларини туман ва шаҳар марказлари билан боғловчи янги йўналишлар ташкил этиш, йўналишларда йўловчилар оқими ва эксплуатация шароитига мос ҳаракат таркибини шакллантириш каби вазифалар турибди. Шунингдек, йўловчиларга қулайлик яратиш, ташиш ва техник хизмат кўрсатиш жараёнларини қамраб олувчи тезкор ахборот тизимини шакллантириш, аҳолини белгиланган йўналишларда йўл инфратузилма объектлари билан таъминланганлик даражасини ошириш ҳамда йўловчи транспорти хизмати кўрсатувчи корхоналар ходимлари малакасини оширишни янада такомиллаштириш зарур.

    Транспорт университетида мазкур муаммолар ечимига қаратилган илмий тадқиқот ишлари базаси шакллантирилган. Профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар томонидан тизимли илмий ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда илғор мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, йирик шаҳарлар ва уларнинг агломерацияси, чекка аҳоли пунктларини туман марказлари билан боғловчи жамоат транспорти йўналишларини очишда давлат ва хусусий шериклик амалиётини кенг жорий этиш лозим. Масалан, қишлоқлар билан туман марказини боғловчи йўналишларни очишда ҳаракатдаги таркибни харид қилиш, йўналиш бўйлаб бекатлар ва бошқа инфратузилма объектларини ишга тушириш, уларни ахборот экранлари билан жиҳозлашни кичик бизнес вакилларига маълум бир имтиёзли шартларда бериш йўловчиларга ўз вақтида ва сифатли транспорт хизмати тақдим этишни таъминлайди.

    Бу борада бир гуруҳ тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан тайёрланаётган “Давлат ва хусусий бизнес шериклиги асосида туман (шаҳар) жамоат транспортини ривожлантириш дастурининг рақамлаштирилган модели” мавзусидаги йирик лойиҳа якунига етай деб қолди. Лойиҳа дастурий аҳамиятга эга бўлиб, у республикамизнинг барча қишлоқлари билан туман марказлари ўртасида жамоат транспорти фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилган. Ушбу дастурни амалга ошириш асносида тўлиқ хусусий капитални жалб этиш орқали 1000 га яқин янги йўналишларни очиш ва мавжудларини оптималлаштириш ҳисобига 20 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этиш имконияти пайдо бўлади. Қишлоқларда жамоат транспорти аҳамиятини ошириш ҳисобига ҳар бир йўналишга инвесторларни жалб қилишга эришиш мумкин. Янги очиладиган барча йўналишда ташиш жараёни ягона электрон платформада, автоматлаштирилган тарзда ташкил этилади. Йўловчилар учун мобиль иловалар, ақлли (смарт) бекатлар, маҳаллий операторларнинг ўзаро аутсорсинг, инсорсинг операцияларини тезкор амалга ошириш платформалари операторлар фаолияти, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилайди, баҳолаш жараёнида коррупция ва инсон омили таъсирини бартараф қилади. Энг муҳими, йўловчиларга керакли ҳажмда, ҳамёнбоп, кафолатланган ва сифатли транспорт хизмати кўрсатишни таъминлайди.

    Ғаффор САМАТОВ, Тошкент давлат транспорт университети кафедра мудири, иқтисод фанлари доктори, профессор:

    — Давлатимиз раҳбари томонидан Тошкент давлат транспорт университети фаолиятини соҳадаги ислоҳотлар билан уйғунлаштириш, профессор-ўқитувчи ва талабаларни бу жараёнга кенг жалб этиш бўйича кўрсатма берилгани бу борада амалга ошириладиган ишларга янада масъулият билан ёндашишни талаб этади.

    Шу ўринда соҳага малакали кадрлар тайёрлаш масаласи хусусида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Олий ўқув юртимиздаги “Транспорт логистикаси” кафедраси бугунги кунда нафақат университет, балки республика миқёсида ҳам йўловчи транспорти логистикаси, шу жумладан, жамоат транспорти фаолиятини ташкил этиш йўналишида олий маълумотли илмий-педагог кадрлар тайёрловчи база ҳисобланади.

    Университетимизда жорий йилда “Логистика” илмий-ўқув марказини ташкил этиш режалаштирилган. Марказ ўзининг илмий ва ўқув фаолиятида чет мамлакатлар ва республикамиздаги илғор логистика илмий мактаблари, етакчи логистика компанияларининг кўп йиллик тажрибаси ва ютуқларига таянади. Марказ таркибида виртуал логистика ва рақамли технологиялар (алоҳида компьютерли синф ва дастурий таъминотлар), 3D логистика, юк ва йўловчи ташиш жараёнида инновацион технологияларни қўллашни фаоллаштириш мақсадида лабораториялар ташкил этилади. Марказ воситасида университетнинг давлат ва маҳаллий ҳокимият ҳамда йирик хўжалик бошқаруви органлари билан жамоат транспорти инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ишлаб чиқилади. Йўловчи транспорти логистика кластерлари ва экотизимларини шакллантириш ва бошқариш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда экспертизадан ўтказиш, юк ва йўловчи транспорти фаолияти учун ахборот ресурсларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш, транспорт логистикасини ривожлантиришга доир қонунчилик ташаббуслари билан чиқиш, транспорт логистикасида стратегик қарорларни қабул қилиш учун ташиш таннархи, тарифлар, валюта параметрлари ўзгаришига мослашувчан транспорт муҳитини яратиш бўйича прогнозларни тайёрлаш зиммамиздаги долзарб вазифалардир.

    Ботир АБДУЛЛАЕВ, техника фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент:

    — Йирик шаҳарларда транспорт оқими юқори бўлиши ҳисобига тирбандлик вужудга келади. Бу эса автобусларнинг белгиланган қатнов жадвалидан чиқиб кетишига, ҳаракат интервалининг бузилишига, бекатларда йўловчиларнинг кутиб қолишига сабаб бўлади.

    Бундай ҳолатларда, табиийки, ривожланган мамлакатлар тажрибасига мурожаат қилинади. Муаммоларнинг ечими сифатида ҳозирги кунда ривожланган давлатларнинг йирик шаҳарлари, масалан, Куритиба (Бразилия), Истанбул (Туркия), Манхэттен (АҚШ) ва бошқа шаҳарларда “BRT” (Bus rapid transit — Тезюрар автобус) тизими кенг қўлланилмоқда.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 мартдаги қарорида Тошкент шаҳрининг Фарғона йўли кўчасида тезкор автобус қатновини ташкил этиш мақсадида тажриба тариқасида махсус йўлак (BRT)ни амалга ошириш юзасидан энг яхши таклифларни танлаб олиш, 20 та замонавий электробус ва уларни қувватлаш ускуналарини харид қилиш белгиланган. Бундай тизимнинг қатор афзаллик жиҳатлари мавжуд. Биринчидан, автобус алоҳида йўлда ҳаракатлангани сабабли тирбанд ҳолат юзага келмайди, иккинчидан, ҳайдовчи йўлкира тўплаш учун чалғимайди. Чунки йўлкира олдиндан амалга оширилади: йўловчи унга бекатдан турникет орқали чиқади.

    “BRT” тизимини қўллаш жамоат транспорти жозибадорлигини, иш самарадорлиги ва ишончлилигини оширади, транспорт тирбандлиги, шовқин, атроф-муҳитга чиқариладиган заҳарли газлар миқдори, ёнилғи сарфини камайтиради.

    Аммо шуни айтиб ўтиш керакки, “BRT” тизимини шаҳарнинг барча кўчаларида қўллаб бўлмайди. Мазкур тизимни қўллашда йўлнинг қатнов қисми кенглиги, ундаги транспорт воситалари ҳаракати жадаллиги, вужудга келиши мумкин бўлган транспорт тирбандлиги, йўловчилар оқими каби кўрсаткич ва омиллар асос қилиб олинади. “BRT” тизими йўловчилар, транспорт воситалари, пиёдалар оқими ҳаракати йўналиши, жадаллиги, тезлигига таъсир кўрсатадиган даражадаги йирик лойиҳа ҳисобланади. Шу боис, мазкур тизимни шаҳар ҳудудининг қолган барча жамоат транспорти иши билан мувофиқлаштириш лозим. Бу, албатта, анчайин мураккаб масала.

    Мураккаблиги шундаки, йўловчиларнинг ҳам, транспорт воситаларининг ҳам, пиёдаларнинг ҳам ҳаракат кўрсаткичларига (йўналиши, миқдори, тезлиги ва ҳоказо) юзага келиш мумкин бўлган турли эҳтимолли ҳолатлар ўз таъсирини кўрсатади. Яъни, соддароқ қилиб айтганда, кейинги бекатда автобусга нечта йўловчи чиқмоқчи, эртага қор ёки ёмғир ёғса, йўналишда йўловчилар оқими қанча миқдорга ошади ёки камаяди, “Пахтакор” стадионида халқаро даражадаги футбол мусобақаси ўтказилиши қайси йўналишларда йўловчилар сонини оширади, қайси йўналишларда камайтиради, деган саволларга махсус алгоритм, ҳисоблаш модели асосида жавоб топилади.

    Транспорт қатнови муаммоларини ҳал этишда замонавий технологиялар муҳим ўрин тутади. Илгари жаҳон тажрибасида мегаполис шаҳарларда ҳар 10 йилда йўловчилар оқими ўрганилар эди. Ҳозирги кунда бунга деярли ҳожат қолмади. Чунки жамоат транспорти учун ягона тўлов карталарининг жорий этилиши мазкур муаммога ечим бўлмоқда. Маълумки, Тошкент шаҳрида жамоат транспортининг бир нечта тури учун ягона тўлов картаси жорий этилмоқда. Бу, ўз навбатида, йўловчилар оқими, йўналиши, ҳажми ва бошқа кўрсаткичларни вақт кесимида (онлайн) аниқлаш имконини яратади. Бунинг натижасида жамоат транспорти ишини режалаштириш осонлашади.

    Мазкур тизим ишга тўлиқ тушганидан сўнг шаҳарни транспорт билан юкланганлик даражасини ҳудудлар кесимида бир маромда тақсимланишига эришиш, яъни йўловчилар оқимини бошқариш имконияти пайдо бўлади. “Қизил”, “сариқ”, “яшил” ҳудудлар бўйича алоҳида тарифлар жорий этиш, йўлкирани шаҳарнинг марказий қисми учун қимматроқ, марказдан четлашган сари арзонроқ қилиш мумкин.

    Кўпчилик шаҳар ва қишлоқларда йўловчи транспорти қатновини яхшилаш ҳақида сўз кетганда, албатта, велосипеддан фойдаланиш бўйича ҳам гапирилади. Чунки у ҳар томонлама фойдали ва самарали транспорт воситаси саналади.

    Дунёдаги бир қатор илғор мамлакатларда жамоат транспортини ривожлантиришда велотранспорт тизими йўлга қўйилган. Хориждаги ана шу илғор велотранспорт инфратузилмасининг ривожланиш тажрибаларини таҳлил қилиш ва уларни мамлакатимиз амалиётида қўллаш долзарб ҳисобланади.

    Мухтасар айтганда, жамоат транспортини ривожлантириш кенг қамровли масала бўлиб, у бир вақтнинг ўзида ҳам илмий, ҳам амалий жиҳатдан ёндашувни талаб этади. Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари берган кўрсатма ва чора-тадбирларни тез ва сифатли амалга ошириш яхши самара бериши, шубҳасиз.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири Рисолат МАДИЕВА тайёрлади.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates