Жамоатчилик назорати

    бюджет маблағларидан самарали фойдаланишга хизмат қилмоқда.

    Бугунги кунда аҳолини бюджет маблағларини тақсимлаш жараёнига жалб этиш орқали фуқаролик жамияти ҳаётида улар иштирокини фаоллаштиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу эса жамоатчилик назоратини жорий этиш асносида бюджет маблағларидан самарали фойдаланишга хизмат қилмоқда.

    Биз Оролбўйининг шаҳар ва туманларида, энг чекка қишлоқ ва овулларида бу борадаги ташаббуслар билан яқиндан танишишга ҳаракат қилдик. Ҳақиқатан, аҳоли ўз ҳудудидаги муаммоларни кўтариб чиқиб, уни ҳал этишда фаоллик кўрсатаётгани гувоҳи бўлдик.

    2022 йилнинг илк фаслида Қораўзак тумани учун Фуқаролар ташаббуси жамғармасига унинг 2021 йилда тежалган маблағлари ҳисобидан 823,4 миллион сўм, 2022 йилги туман маҳаллий бюджетининг тасдиқланган умумий харажатлари 2,5 фоизи ҳисобидан 1 миллиард 819,7 миллион сўм ва йил бошига шаклланган эркин қолдиқ ҳисобидан 219,8 миллион сўм, жами 2 миллиард 862,9 миллион сўм йўналтирилган.

    — Туман бўйича “Очиқ бюджет” ахборот порталига фуқаролар томонидан жами 461 та таклиф келиб тушган. Улар тузилган ишчи комиссия томонидан ўрганилиб, 265 та таклиф белгиланган мезонларга мос келмагани туфайли рад этилди ва 196 та таклиф овоз бериш босқичига ўтказилди. Бу босқичда фуқаролар томонидан таклифларга жами 14 413 та овоз берилди. Бу туман аҳолисининг 27,4 фоизини ташкил этди, — дейди Қораўзак тумани молия бўлимининг маҳаллий бюджетни шакллантириш, бюджетни жамлаш ва бошқа ташкилотларни молиялаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари Женисбой Кемалов. — Овоз бериш жараёни натижаларига кўра, “Ата макан” МФЙ ҳудудидаги 2-давлат мактабгача таълим муассасаси биносини таъмирлаш таклифи учун 945 миллион сўм ажратилди. Шунингдек, ушбу маҳаллага ичимлик сув олиб келиш бўйича қурилиш ишларига 525 миллион сўм йўналтирилди. Бундан ташқари, 26-умумтаълим мактабига яшил қопламали минифутбол майдони қуриш, болалар касб-ҳунар мусиқа мактабини таъмирлаш таклифи ғолиб деб топилди ва зарур маблағ ажратилди.

    Аҳоли неча йиллардан буён ўзларини қийнаб келаётган у ёки бу ижтимоий муаммони ҳал этиш бўйича таклифларини илгари сурмоқда. Жумладан, ҳудуд инфратузилмаларни яхшилаш, ичимлик сув билан таъминлаш, кўчаларга тунги ёритқич ўрнатиш ва таъмирлаш, мактабларни реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, болалар майдончалари қуриш, экологик вазиятни яхшилаш сингари муаммолар кўтарилиб, ўз навбатида, уларга ечим ҳам топилмоқда.

    Ўзбекистонда ташаббусли бюджетлаштириш воситалари 2019 йилдан бошлаб татбиқ этилмоқда. Бюджет маблағларини тақсимлашда фуқароларнинг иштирок этиш механизми туман (шаҳар) бюджетларидаги қўшимча даромаднинг бир қисмини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтиришни кўзда тутади. 2021 йилда фуқароларнинг ташаббуслари учун ажратиладиган ушбу маблағ манбалари сезиларли даражада кенгайтирилди ва қўшимча даромадларнинг 10 фоизидан 30 фоизига етказилди. 2022 йилдан бошлаб барча туманлар ва шаҳарларда ушбу мақсадлар учун тасдиқланган маҳаллий бюджетлар харажатининг 5 фоизи йўналтирилмоқда. Молиялаштириш ҳажми кенгайиши ҳисобга олинган ҳолда фуқаролик ташаббуслари лойиҳалари бўйича таклифларни илгари суриш, танлаш, умумий овоз бериш механизми ва босқичлари ҳам қайта кўриб чиқилмоқда.

    Қорақалпоғистонда “Ташаббусли бюджет” жараёнининг иккинчи мавсумига 22 июлдан старт берилди. Ташаббусларни қўллаб-қувватлашга давлат бюджетидан 900 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган.

    — Мўйноқ туманидаги мактабгача таълим муассасалари қамрови 92 фоизга етди, — дейди мазкур туман мактабгача таълим бўлими раҳбари Флора Айманова. — Албатта, бу жуда яхши кўрсаткич. Ушбу муассасалардаги муаммоларни кўтариб чиқиш натижасида ташаббусли бюджет орқали 2021 йилда 7 ва 8-мактабгача таълим муассасаларининг ҳар бирига 50 миллион сўм берилди. Бу пулга кўмир билан иситиладиган қозонхоналар ўрнатилди. Шунингдек, тумандаги мавжуд 17 та боғча учун 102 миллион сўмга 2 донадан чиқинди контейнери, 17-МТМга 100 миллион сўмлик қаттиқ ва юмшоқ инвентарлар олиб берилди. Ташаббусли бюджет ижтимоий масалаларни ҳал этишда муҳим механизмдир. Шу боис, 2022 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёнига фаол қатнашишга ҳаракат қилдик. Натижада туманимиздаги 11, 13, 14, 17-мактабгача таълим муассасаларига жами 923 749 900 сўм ажратилиб, бугунги кунда уларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

    2022 йилнинг 1 январидан “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали “Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида жамоатчилик фикридан келиб чиққан ҳолда маҳаллий ички йўлларни таъмирлаш учун маблағ ажратиш ҳам кўзда тутилди.

    Тўрткўл туманида Фуқаролар ташаббуси жамғармасидан жамоатчилик фикри асосида ғолиб топилган лойиҳалар ичида Дўстлик маҳалласидаги Саломатлик кўчасининг 700 метрига асфальт, Гулзор ва Қалдирғочлар кўчаларига қум-шағал ётқизиш ишлари олиб борилмоқда.

    — Маҳалламизда 363 та хўжаликда 2543 киши истиқомат қилади, — дейди “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сапаргул Ражапова — Бугунги кунда маҳалламиздаги Муқимий кўчасининг 700 метр қисми, Ғаллакор кўчасининг 550 метр, Эркин кўчасининг 600 метр ва Зиёкор кўчасининг 550 метр қисмига асфальт ётқизилмоқда. Шунингдек, оқова сув учун насос қурилиб, эски электр устунлари ва симлари янгисига алмаштирилди.

    2022 йилда Кегайли туманида жамоатчилик фикри асосида “Очиқ бюджет” порталида энг кўп овоз тўплаган 9 та таклиф ғолиб деб топилди.

    — “Очиқ бюджет” — openbudjet.uz ахборот порталида 2022 йил 1 февралдан 22 февралгача муддатда туманимиз фуқаролари томонидан жами қиймати 71 миллиард 651,8 миллион сўм бўлган 427 та таклиф келиб тушган бўлса, 50 миллиард 838,4 миллион сўмлик 321 та таклифга жами 33677 овоз берилган, — дейди Кегайли тумани молия бўлими мутахассиси Пердебай Искендеров. — Бу туман аҳолисининг 45,6 фоизини ташкил этмоқда. Овоз бериш натижаси бўйича энг кўп овоз тўплаган 9 та таклиф ғолиб деб топилди ва 3 миллиард 195 миллион сўм ажратилди. Жумладан, Кегайли тумани “Қумшунгул” ОФЙ ҳудудидаги Бексийиқ овулида 30 та оилага табиий газ учун 190 миллион сўм ажратилиб, ижро таъминланди. Шунингдек, “Жалпақ жап” ОФЙ ҳудудидаги Бойботир кўчасининг 2 километр қисмига шағал ётқизилди. “Оқтўба” ОФЙдаги Тамғали овулининг 1,5 километр ички йўлига шағал тўшалиб, 5-умумтаълим мактаби ва 6-мактабгача таълим муассасаси ёнидан болалар футбол майдончаси қуриб берилмоқда. Шу билан бирга, тумандаги Чимбой-Нукус трассасининг “Жузим-бағ” ОФЙ ҳудудидан ўтадиган 3 километрли қисмига тунги ёритқичлар ўрнатиш учун 375 миллион сўм ажратилди.

    Фуқаролардан келиб тушувчи мурожаатлар орқали аҳолини ташаббусли бюджетлаштириш жараёнига жалб этишнинг махсус механизми ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этиш воситаси бўлиб хизмат қиляпти. Фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, йўллар қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа ташаббусли лойиҳаларга овоз бериш орқали маҳаллий бюджетнинг бир қисмини тақсимлашда иштирок этиши мумкин.

    Бюджет маблағларидан фойдаланишнинг жамоатчилик томонидан назорат қилиниши ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёни шаффофлиги ва самарадорлиги ошишига хизмат қилади.

    Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates