«Жанубий Корея – Ўзбекистон» парламент дўстлик ассоциациясида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги делегация Жанубий Корея Миллий ассамблеяси «Жанубий Корея – Ўзбекистон» парламент дўстлик ассоциацияси раиси Пак Кванг Он билан учрашди.

    Суҳбатда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб бораётгани, турли даражаларда, шу жумладан парламентлараро ҳамкорлик йўналишида ҳам самарали сиёсий мулоқот ва алоқалар фаол давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди.

    Ўзбекистон-Жанубий Корея муносабатларини мустаҳкамлашда парламентлараро дўстлик гуруҳлари муҳим ўрин тутади. Давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, фуқаролик жамияти, гендер масалалари, таълим ва ҳудудларни ривожлантиришга доир қонун ижодкорлиги масалаларида тажриба алмашишда мазкур гуруҳларининг ўрни катта.

    Ўтган йил июнь ойида парламентлараро дўстлик гуруҳларининг навбатдаги учрашуви онлайн шаклда бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида дўстлик гуруҳларининг навбатдаги йиғилишини жорий йил август ойида Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олинди. Шунингдек, қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суришнинг янги институционал механизмларини жорий қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

    Мулоқот давомида Жанубий Корея вакилларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар, хусусан, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий давлат, ёшлар масалалари бўйича киритиш таклиф қилинаётган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди.

    «Жанубий Корея – Ўзбекистон» парламент дўстлик ассоциацияси раиси Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлади.

    «Асосий қонунга киритиш таклиф этилаётган ўзгартишларда «Ўзбекистон-ижтимоий давлат» тамойилини амалга ошириш бўйича конституциявий нормани белгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани Ўзбекистонда «инсон-жамият-давлат» тамойилининг амалда ўз ифодасини топиши учун ҳуқуқий асос бўлади», — деди Пак Кванг Он.

    Томонлар конструктив ва амалий руҳдаги мулоқотларни изчил давом эттиришга, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлаётган парламентлараро ҳамкорликни ҳамда дўстлик гуруҳлари ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтиришга келишиб олди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates