баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз
  • 12210.60 сўм
  • 136.28 сўм
  • 10315.62 сўм

Жанубий Корея университети докторанти проректор ва инвестор бўлиб, Ўзбекистонга қайтди

Таълим 22 июл 2020 861

Жанубий Кореядаги “Chonnam” университетининг докторантура босқичида илмий изланишлар қилаётган Феруз Ҳамидовга кунларнинг бирида ўз юрти — Бухородан телефон қўнғироғи бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бухоро филиалидан уни чет элда ўқиётган ватандошлар, малакали мутахассислар ҳамда вилоятдаги тиббиёт йўналишининг раҳбар вакиллари билан бўладиган онлайн мулоқотга таклиф қилишади. У рози бўлиб, ўша учрашувда қатнашади ҳамда Ватанига қайтиб ишлаши учун берилган манфаатли таклифни қабул қилади...

Ватандошимизга қанча маош ваъда қилингани муҳим эмас. Асосийси, унга чет элникидан кам бўлмаган шарт-шароит ҳамда моддий таъминот яратиб берилса, етади. Феруз Ҳамидов асли когонлик. Когондаги ўрта мактабни тугатгач, Бухоро тиббиёт институтида бакалавр, Тошкент тиббиёт академиясида магистрлик даражасини олади. 2014 йили ҳали магистратурада ўқиб юрган кезлари жанубий кореялик бир гуруҳ мутахассислар талабаларни ўқитиш учун келишади. Инглиз тилини яхши билганлиги Ферузга унда қатнашиш ва хорижликлар билан алоқа ўрнатиш учун имконият эшикларини очади. Уч ойлик курсдан сўнг, жанубий кореялик мутахассислар уни ўз юртида докторантура босқичида ўқишга таклиф этишади. Орадан вақт ўтиб, Феруз битирув малакавий ишини инглиз тилида ёқлагач, “Истеъдод” жамғармаси эълон қилган грантни қўлга киритиб, Жанубий Кореяга йўл олади. У ерда тиббиётнинг саратон касалликларини ташхислаш ва даволаш йўналишида илмий изланишлар олиб борди. Шу йилнинг март ойида бўлиши режалаштирилган PhD ҳимояси пандемия сабаб номаълум муддатга қолдирилди. Бу орада эса унда ўз Ватанига қайтадиган бўлди.

Бу ғоя қандай пайдо бўлган эди?

- Олдинги “Истеъдод”, ҳозирги “Эл юрт умиди” жамғармаси бўйича чет элда ўқиб қайтган ёки ўқиётган ватандошларимизни топиб, уларнинг 40 га яқини билан шахсан мулоқот қилдим, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бухоро филиали раҳбари Зафар Жумаев. — Кейин алоҳида телеграм гуруҳини ташкил этдик. Бу гуруҳга дунёнинг турли бурчагидаги ватандошларимиз кўплаб қўшила бошлади. Кейин улар билан Zооm платформаси орқали боғланиб, Ўзбекистонда яратиб берилиши мумкин бўлган шароитлар ҳақида таништириш таклифини илгари сурдик. Ҳокимлик ва бошқа идора раҳбарлари бизни қўллаб-қувватлади. Чет элда ўқиб ёки ишлаб юрганлар тўғрисида тўплаган маълумотларимиздан шуниси маълум бўлдики, улар орасида тиббиёт вакиллари кўп экан. Шунинг учун илк мулоқотимиз шу соҳага бағишланди. Ана шу онлайн учрашувимизда Феруз Ҳамидовни вилоят тиббиёт соҳаси мутасаддиларига таништирдик. Феруз нафақат вилоятда, балки бутун республикада жуда муҳим бўлган йўналиш — саратон касаллигини эрта ташхислаш ва даволаш ҳамда томир орқали операция қилиш йўналишида мутахассис бўлиб етишган. Унинг билим ва тажрибаси биз учун муҳим. Шу конференцияда қатнашаётган Бухоро тиббиёт институти ректори унга проректорлик вазифасида ишлашни таклиф этди. Ҳокимлик ва банк мутасаддилари эса, унга вилоятга инвестиция олиб кириб, хусусий клиника очишида амалий кўмак беришни ваъда қилди.

Олимнинг режалари қандай?

Проректорлик вазифасида иш бошлаганига ҳали кўп бўлмаган эса-да, ундан келажакдаги режа ва мақсадлари ҳақида сўрадик.

- Институтда ўқитишнинг шаффоф тизимини йўлга қўйиш ниятим бор, — дейди Феруз Ҳамидов. — Бунда Жанубий Кореядаги ўзим таҳсил олган университет тажрибасидан фойдаланмоқчиман. Уларда дарс жараёни, уйга вазифалар, реферат ёки мустақил иш каби топшириқларнинг ҳаммаси ягона университет порталига жойлаб борилади. Ҳар бир талабага қўйиладиган баҳо қандай ва нимага асосланганини кўриб туришади. Бундан ташқари, чет эллик мутахассисларни олиб келиб, талабалар ва шифокорлар малакасини оширишни кенг йўлга қўйиш ҳам асосий мақсадларимдан бири. Ҳозир замон ривожланган. Айниқса, тиббиёт соҳаси вакиллари ҳар куни ўз устида ишлашлари ва малака ошириб боришлари зарур, деб ўйлайман.

         “Тиббий суғуртани йўлга қўйиш вақти келди!”

         Қаҳрамонимиз институтдаги фаолиятидан ташқари, вилоятга катта миқдорда инвестиция олиб кирди. Шу кунларда унинг саратон касаллигини томир орқали операция қилиш йўлга қўйиладиган хусусий клиникаси иш бошлайди. Жанубий кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда очиладиган ушбу шифохонада дастлабки босқичда 30 киши иш билан таъминланади. Кечки сменада ҳам фаолият йўлга қўйилса, яна 30 киши ишга жалб этилади.

- Вилоят аҳолисининг 80 фоизи турли касалликларга даво топиш учун пойтахтга, имкони борлар чет элга боради, — дейди у. — Биласиз, саратон касаллиги билан курашиш бемор ва унинг яқинларига жуда қимматга тушади. Клиникамизда саратонни даволаш амалиётини йўлга қўйишдан мақсад, вилоят аҳолисининг вақти ва сарф-ҳаражатини тежаш, уларга қўлдан келганча ёрдам беришдир. Бундан ташқари, юртимизда тиббиёт суғуртасини йўлга қўйиш вақти келди. Тўғри, Сирдарё вилоятида бу тизим тест режимида бошланган. Биз ҳам клиникамизда бу тизимни биринчилардан бўлиб амалиётга киритамиз. Бу борадаги ташкилий ишларга мутасаддилар ёрдам беришмоқда.

Хулоса ўрнида...

Бундан бир йил олдин холамнинг бир кўзи ўзидан-ўзи кўрмай бошлади. Вилоят марказидаги шифохона докторлари бу масалада ожизлигини айтиб, уни пойтахтга жўнатишди. Холам бояқишнинг кўзи кундан-кунга хиралашар эди. Бу ердаги мутахассислар уни обдон кўрикдан ўтказишгач, операциядан бошқа йўли йўқ эканлигини, бу орқа мия билан боғлиқ ҳолат бўлиб, унда пайдо бўлган шиш кўриш қобилиятига зарар етказаётгани ва зудлик билан унга стенд қўйиш кераклигини айтишди. Бир ой деганда операция учун зарур бўлган дори ва жиҳозлар келди. Ундан кейин операция муваффақиятли ўтди. Ҳозир холамнинг аҳволи яхши, кўриш қобилияти ҳам аста-секин тикланмоқда.

Бундай мураккаб операция амалиётининг юртимизда ўтказилиши аслида катта ютуқ. Буни тан олиш керак. Лекин камина бошқа жиҳатини айтмоқчиман. Бу оперция амалиётининг қимматлигидир. Тўғри, бундай тиббиёт муолажалари чет элдан бундан ҳам қиммат. Аммо бизда бундай операция фақат битта жойда амалга оширилиши, яъни монополия туфайли нарх истаганча қўйилмоқда.

Феруз Ҳамидовнинг айтишича, унинг хусусий клиникасида бажариладиган амалиётлар пойтахт нархидан ўн баробар арзон бўлар экан. Демак, ҳоламга ўхшаган беморларнинг нафақат соғлиги, балки чўнтаги ҳам зарар кўрмайдиган бўлади.

Соҳиба МУЛЛАЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

 

 

No date selected
September 2020
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
Use cursor keys to navigate calendar dates