"Жинлар базми" театр саҳнасида

    Коронавирус пандемияси туфайли ўзининг 51 мавсумини муддатидан аввал якунлашга мажбур бўлган театр жорий йилнинг 15 октябрь куни ўзининг 52 мавсумини ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Ёлғиз” қиссаси асосида саҳналаштирилган “Жинлар базми” спектакли билан очди.

    1968 йилда “Ёш гвардия” театри сифатида мустақил фаолият бошлаган Ўзбекистон давлат драма театри юксак ижодий салоҳияти билан республикада муносиб ўрин тутади. Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов раҳнамолигида ташкил этилган мазкур театрнинг бош режиссёри этиб Эргаш Масафаев тайинланган эди. Айни пайтда театр директори лавозимида Баҳром Усмонов, бош режиссёр вазифасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Олимжон Салимов фаолият олиб бормоқда.

    Спектакл аввалида театр ижодий жамоаси томонидан тайёрланган тантанали тадбирда театрнинг устоз санъаткорлари қаторида таниқли театр арбоблари Турғун Бекназаров, Мирза Азизовлар ҳам томошабинларга ўзларининг илиқ фикрларини билдирдилар. Шунингдек, мавсум очилишида маданият ходимлари, улуғ санъаткорлар ҳам иштирок этди.

    Ўзбеккино миллий агентлиги раҳбари ўринбосари, адабиётшунос Шуҳрат Ризаев

    мазкур театр гўёки эллик иккинчи эмас, юзинчи мавсумини очаётганини айтар экан, театр ижодкорларининг ўзига хос тажрибаси, маҳоратини алоҳида эътироф этди.

    Бу эътироф нечоғли асосли эканига эса “Жинлар базми” спектаклини томоша қилган ҳар бир томошабиннинг ўзи гувоҳ бўлди, десам хато бўлмайди. Асар давомида миллатпарвар жадидлар Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудийларнинг театрнинг таъсир кучи ҳақидаги фикрлари, унинг жонли ҳаёт экани, у ойна мисол ўзимизни ўзимизга намоён қилиши қанчалар тўғри эканини чуқур ҳис этдим. Адиблар хиёбонидаги Қодирий ҳайкали қаршисида унинг руҳини шод этаётган ёш авлод аввало ушбу спектаклни кўрмоғи, ёзувчининг аянчли тақдирига жонли гувоҳ бўлмоғи ғоят муҳимлигини англадим.

    Спектаклдаги тўғрилик устида боши кетса воҳ демасликка қарор қилган дўстини сотган бевафолар — Восеъ, Тожибой, Ошқин, Қодирий тили билан айтганда мисоли алвасти, жинлар ҳар қайси замонда ҳам эзгу ишлар илдизига болта уради. Агидулиндек (терговчи) шуҳратпарастлар эса игнадан туя ясаб, обрў орттириш пайида, ўзларининг “даҳо”ларига қуллуқда бўлади. Шундайларга нисбатан нафрат, Жулқунбойдек халқнинг мард ўғлонларига кучли муҳаббатни айнан театр уйғотар экан, бу даргоҳга ёшларимизни кенг жалб этишимиз керак. Саҳнани, томошабинни соғинган театр жамоасининг асосий мақсади ҳам шу аслида. Келажагимиз ворисларини адабиётга яқинлаштириш, шу орқали буюк аждодларга ҳурмат ҳиссини шакллантиришда жонли ижронинг ўрни беқиёс. Зеро, театрнинг бу галги мавсуми романчилигимиз асосчиси таваллудининг 125 йиллигига бағишланган бу ноёб саҳна асари билан очилиши ҳам бежиз эмас.

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates