Жиззах илк бор белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди

    Жорий йилнинг 24-27 ноябрь кунлари Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” спорт мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун 2001-2003 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида илк бор жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Мукофот жамғармаси 56 минг АҚШ доллари ҳамда Президент соврини – “Cobalt” ва “Spark” автомобили бўлди.

    24 ноябрь. Турли давлатлардан келган мусобақа иштирокчилари – полвонлар, мураббий ва ҳакамлар, белбоғли кураш бўйича конфедерация ва федерация раҳбарлари Жиззах шаҳрига жам бўлди. Хорижлик меҳмонлар Самарқандга йўл олди. Кўҳна, лекин тарихи инсон ақлини шошириб қўядиган обидалар, асори-атиқаларни кўрган меҳмонлар ҳайрат ёқасини ушлади. Кейинги туризм манзили Жиззахнинг энг сўлим жойларидан саналган Зомин тоғлари бўлди. Булутларга туташ кўм-кўк арчалар аллақачон арчазорга айланиб, яшил ўрмон кўринишига келган. Пурвиқор чўққиларга, тиниқ ва шарқироқ сойларга, яшилликка бурканган тоғларга боққан хорижлик меҳмонларнинг ҳайрати янада ортди.

    25 ноябрь. Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” спорт мажмуаси. Карнай-сурнай садолари олис-олисларгада эшитилади. Бу садолар белбоғли курашга, жаҳон чемпионатига, спорт байрамига чорлов эди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати олдидан тантанали очилиш маросими ўтказилди. Маросимда иштирок этган меҳмонларга Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси, Белбоғли кураш федерацияси ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлигининг қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

    Спортни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиевга, Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниевга Туризм ва спорт вазирлиги таъсис этган “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишонини туризм ва спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов топширди.

    Шундан сўнг жаҳон чемпионатига старт берилди. Биринчи кунги беллашувларда ўғил болалар белбоғли кураш йўналишида саккизта вазнда, қизлар олтита вазн тоифасида ғолиблик учун курашди.

    Мусобақа доирасида матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Унда Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси раиси Азизбек Ғаниев ассоциация фаолияти, мақсад ва вазифалари хусусида ахборот берди. Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, белбоғли кураш бўйича терма жамоа бош мураббийи Усмон Махаматов, Жиззах вилояти туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Инъомжон Тожибоев журналист ва блогерларнинг жаҳон чемпионати тафсилотларига оид саволларига батафсил жавоб берди.

    Россия, Буюк Британия, Польша, Марокаш, Ҳиндистон, Италия, Латвия каби ўттизга яқин давлатдан 300 га яқин полвонларнинг биринчи кундаги белбоғли кураш йўналиши бўйича ўтказган беллашувлари қизигандан қизиди. Айниқса, терма жамоамиз полвонларининг ҳар бир чиқишини мухлислар зўр иштиёқ билан олқишлаб турди.

    Полвонларимиз биринчи куни 13 та олтин медални нақд қилди. Ундан кейинги ўринлар Қозоғистон, Россия, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларнинг терма жамоаларига насиб этди. Дастлабки кунги мусобақа ғолиблари 10 миллион сўм, иккинчи ўрин эгалари 7 миллион сўм, учинчи ўринни олган полвонлар 5 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

    26 ноябрь. Эрталабдан яна барчанининг нигоҳи “Сўғдиёна” спорт мажмуаси томон қаратилди. Иккинчи кунда полвонлар белбоғли курашнинг эркин йўналишида беллашди. Муросасиз ва шиддатли тус олган баҳсларда бу сафар полвонларимизга осон бўлмади. Медаллар жамғариш бўйича Қозоғистон ва Россия полвонлари бизга асосий рақобатчи саналди.

    Эркин йўналиш бўйича баҳслар якунида Қозоғистон терма жамоаси энг кўп – бешта олтин медаль билан фахрли биринчи ўринни банд этди. Кейинги ўринларни Россия ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси қўлга киритди. Бу йўналишда ҳам ғолиб ва совриндорлар худди биринчи кунги кучли учлик олган суммани тантанали тарзда қабул қилди.

    Мусобақанинг биринчи кунги натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган Ўзбекистон терма жамоасига Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – “Cobalt” автомобили берилди. Иккинчи кунги эркин йўналишда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган Қозоғистон терма жамоасига ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – “Spark” автомобили топширилди.

    Мусобақа доирасида Осиё белбоғли кураш конфедрациясининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Осиё белбоғли кураш конфедерациясига ўзбекистонлик Мўмин Муротов раис этиб сайланди.

    Илҳом Раҳмонов тайёрлади.

    Рашид Галиев олган суратлар.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates