Жиззахда гибрид турдаги муқобил энергия манбаи синовдан ўтказилмоқда

    Энергетика 19 май 2020 671

    Қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни қўллаш самарадорликни бир неча баробар ошириши тажрибада ўз тасдиғини топмоқда. Давергеодезкадастр қўмитаси ҳам айни пайтда “Гибрид турдаги муқобил энергия манбаи” модули асосида яратилган ана шундай замонавий инновацион технологияни Жиззах вилояти Фориш туманида синовдан ўтказмоқда.

    Лалми ва яйловли ҳудудларда ерости сувларидан фойдаланган ҳолда томчилатиб суғоришни жорий қилишга мўлжалланган мазкур технология янги интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, мавжуд ерлардан самарали фойдаланишни таъминлайди.

    — Ўзбекистонда яйлов ерлар жами 21 миллион 15 минг 786 гектарни ташкил этади, — дейди Давергеодезкадастр қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Неъматжон Отамуродов. — Бироқ бу ерларда тўлиқ сув чиқаришнинг имкони йўқлиги боис, аксарият қисмидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда фойдаланилмайди. Лалми ва яйлов ерлардан фақат ерости сувларини чиқариш орқали экин парваришлаш мумкин. Аммо бунда яна бир муаммо юзага келади. Яъни ер- ости сувларини насос орқали чиқариш учун электр энергияси керак бўлади. Аксига олиб, электр тармоғи барча лалми ва яйлов ер майдонларига етиб бормаган, уни тортиб бориш харажатлари деҳқон ва фермерлар учун қимматлик қилади. Биз таклиф этаётган технология эса ана шу муаммоларга ечим бўлади.

    Қурилма ерости сувларидан фойдаланган ҳолда экинларни узлуксиз томчилатиб суғоришни таъминлайди. Гибрид турдаги муқобил энергия манбаи қуёш панели ва шамол генераторидан иборат бўлиб, 1 суткада 16-18 соат электр токи ишлаб чиқариш имкониятига эга. Қуёш ва шамол бўлмаган вақтда эса бу вазифа қурилмага ўрнатилган махсус аккумуляторда тўпланган энергия ёрдамида бажарилади.

    Қуёш батареясининг қулайлиги шундан иборатки, у электр таъминоти етиб бормаган ҳудудлардаги 35 гектар ер майдонини суғора олади. Агар ундан кенг кўламда фойдаланилса, 70 гектаргача ерни суғориш мумкин.

    Доимий тарзда сув муаммоси кузатиладиган Фориш туманида авваллари 1 та қудуқ суви билан 5 гектар майдон 5-10 кунда суғорилган бўлса, ҳозир ушбу қурилма ёрдамида 1 кунда 35 гектар майдон суғорилмоқда.

    Мутахассислар яқин йилларда мазкур самарали технологияни республикадаги барча лалми ва яйлов ерларда қўллашни, қурилмани ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни мақсад қилган.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates