Тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Жамол Махсудов, Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Акром Раҳмонқулов, «Жиззах» ЭИЗ вакиллари, «GOC-UZ » ҚК хорижий инвесторлари, қурилиш ташкилоти раҳбарияти ва ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тантанали маросимда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Жамол Махсудов шундай деди:
— Давлатимиз раҳбари ҳар доим аввало аҳоли энг кўп тўқнаш келаётган соҳаларни рақамлаштириш, одамларнинг оғирини енгил қилиш зарурлигини таъкидлайди. Шу талабдан келиб чиқиб, ишчи гуруҳлар томонидан 530 та ҳудудий ва 280 та тармоқ лойиҳаси тайёрланган.
Хусусан, жорий йил якунигача 14 ва келгуси йил биринчи чорагида яна 14 туманда одамлар энг кўп мурожаат қиладиган соғлиқни сақлаш, кадастр, ижтимоий ҳимоя, қишлоқ хўжалиги, таълим йўналишларини рақамлаштириш бўйича 239 та лойиҳа амалга оширилади.
«GOC-UZ» янги ишлаб чиқариш корхонаси Ўзбекистон телекоммуникация инфратузилмаси учун зарур бўлган маҳсулотлар импорти ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарибгина қолмай, маҳаллий аҳоли, жумладан, Жиззах шаҳридаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари орасидан 100 кишининг бандлигини таъминлайди.
Оптик толали кабеллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Global Optical Communication Uzbekistan» МЧЖ Қўшма корхонасига 2019 йили «Ўзбектелеком» АК ва Жанубий Кореянинг «Global Optical Communication Co. Ltd.» ва «Uni Asset Global Co. Ltd.» компаниялари билан биргаликда асос солинган.
Қўшма корхонанинг устав капитали 11 миллион долларни ташкил этади, шу жумладан:
- Жанубий Кореянинг компаниялари (55%) – 6 050 000 доллар;
-«Ўзбектелеком» АК (45%) – 4 950 000 доллар.
2020 йилда биринчи босқичда «Global Optical Communication Uzbekistan» ҚКнинг «Жиззах» ЭИЗдаги мавжуд биносида Корея, Япония ва Хитой компанияларининг замонавий ускуналари ўрнатилган бўлиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариляпти.
Ҳозирги кунда оптик толали кабелларни Корея технологияси асосида ишлаб чиқариш ўзлаштирилган ушбу заводда кореялик мутахассислар фаолият юритяпти.
Мавжуд ишлаб чиқариш қувватларида 2020 йилда корхона 10 минг километр узунликдаги оптик толали алоқа кабелларини ишлаб чиқаради.
«Жиззах» ЭИЗда «Оптик толали алоқа кабелларини ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш» лойиҳасининг иккинчи босқичини амалга ошириш доирасида «Global Optical Communication Uzbekistan» («GOC-UZ» МЧЖ ҚК), янги биноларини қуриш учун Корея Республикасининг «EXIMbank»дан 3,6 миллион доллар миқдорида кредит маблағлари жалб қилинди. Қурилиш 2021 йилнинг биринчи чорагида якунланиши режалаштирилган.
«GOC-UZ» ҚК янги ишлаб чиқариш линияси фойдаланишга топширилгач, бу ерда корхона Ўзбекистон телекоммуникация тармоқлари учун ҳам, экспорт учун ҳам 50 минг километргача оптик толали алоқа линиялари ишлаб чиқарилади.
Биринчи босқичда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси 32% ни, иккинчи босқичда эса деярли 60% ни ташкил қилади, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.