Жониворларга озор бермайлик, циркдан воз кечайлик!

    Долзарб 7 июл 2020 9249

    Тан олиш керак, жамиятимизда жониворларга муносабат яхши эмас, “Қизил китоб”га киритирилган ноёб жонзотларнинг браконьерлар томонидан тажовузга учраётгани, уйсиз жониворларнинг оммавий заҳарланаётгани, айрим ўринларда қўчқор, хўроз уриштириш, итлар жангги ҳамон барҳам топмагани қулоғингизга чалинади.

    Ҳатто цирк томошалари ортида ҳайвонларнинг қийноқлари ётганини рад этиб бўлмайди. Сабаби амалдаги қонунчилигимиз экологик ҳуқуқбузарликларга, айниқса жониворларга озор берганларга нисбатан жуда “юмшоқ” муомалада.

    2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 49-бандига кўра экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳамда ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш белгилангани табиатни асраш муаммосига бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимизнинг кўнглидаги иш бўлди. Қонунчиликка киритиладиган янги ўзгартиришлар бу каби ҳолатларни бартараф этиши кутилмоқда.

    “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати жониворларга шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши жорий йилги давлат дастурининг асосий 10та ўзгаришларидан бири сифатида баҳолаган.

    Айни кунда экологик жиноятлар кузатилиб туради. Жайрон, буғу, оққуйруқ, илвирс каби ноёб ҳайвонлар браконьерларнинг қурбонига айланмоқда, Бухоро, Навоий вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасида мазкур жониворлар тарқалган ареаллар браконьерликдан азият чекмоқда.

    Бош прократура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг берган маълумотига кўра, ўтган 2019 йилда экологик йўналишда 26та жиноят содир этилган, 59 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Шундан 17та жиноий иш Жиноят кодексининг 202-моддасига кўра очилган бўлиб, ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш ҳисобланади.

    Бунга Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёси турларига нисбатан етказилган зарар кабилар киритилади. Аммо шу кунгача камёб, ноёб бўлмаган жониворларга озор берилса, жиноий жавобгарлик белгиланмас эди, бу маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиб, ҳуқуқбузар жарима тўлаш билан қутилиб кетарди.

    - Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, - дейди ИИВ ХПББ бўлим бошлиғи, подполковник Раҳимжон Наимов. - 2019 йил давомида мамлакатимизда 111та жониворларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолати қайд этилган. Ҳуқуқбузарлар 13 миллион 355 минг миқдоридаги жаримага тортилган.

    Цирк – жониворларни қийноққа солишнинг бир кўриниши

    - Дунёнинг кўпчилик мамлакатларида ҳайвонларнинг асосий табиий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик мавжуд ва у инсоннинг ҳайвонот дунёсига бўлган муносабатини тартибга солади, - дейди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Елена Шарафутдинова. - Айрим мамлакатлар, масалан, Германияда ҳайвонларга нисбатан ғайриинсоний муомала қилганлик учун озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган. Италияда кўчага ҳайдаб юборилган ҳайвон учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Ҳиндистон эса дельфинлар ҳуқуқини эътироф этган, косметика ва унинг таркибий қисмлари ҳайвонларда тест қилинишини тақиқлаган дунёдаги илк мамлакатдир. Голландияда уйсиз жониворлар деярли учрамайди.

    Ҳар бир жониворнинг, ҳатто кўчада бошпанасиз юрган кучугу мушукларнинг ҳаётимизда муайян роли бор. Масалан, мушуклар шаҳар кемирувчилар (каламуш, сичқонлар)ни камайтириб, ўлат, лептоспироз, қутуриш, стрептобациллез эпидемиясининг олдини олишга ҳисса қўшади. Одамларнинг ҳайвонларга инсоний муносабатда бўлиши замонавий цивилизациялашган дунёда жуда муҳим. Етакчи давлатларнинг тажрибасини ўрганиш “ҳайвонларга инсоний муносабатда бўлиш” тушунчасига максимал жавоб бера оладиган меъёрий-ҳуқуқий асос заруриятини кўрсатмоқда.

    Қонунчиликка киритилаётган янги ўзгариш мана шу бўшлиқни тўлдиради. Зеро, қаровсиз қолган ҳайвонларни шафқатсиз муомаладан асраш, уларнинг азоб тортиши ва нобуд бўлишининг олдини олиш бурчимиз.

    Шунингдек, циркдан воз кечиш масаласини ҳам ўйлаб кўриш керак. Дунёнинг 45 та мамлакати ўзида ҳайвонлар билан цирк кўрсатишни тақиқлаган. Бунинг бир нечта сабаблар бор. Аввало, циркда ҳайвонлар учун нормал шароит яратиб бериш имкони мавжуд эмас. Жониворларнинг ихтиёрларига зид равишда бажаришга мажбур қилинадиган барча ҳаракатлар (трюклар) улар учун ғайритабиийдир. Дрессировка қилиш (ўргатиш) илгак, қамчи, таёқ, электрошок берувчи ускуналарни қўллашни кўзда тутади, чунки ҳайвонлар ўз ихтиёрига кўра бундай ҳаракатларни бажармайди.

    Уларни бўйсундиришнинг ягона усули – бу жазо ёки очлик олдидаги қўрқувдир. Ўқ овози ва шовқиндан қўрқмасликлари учун ҳайвонларни кар қилиб қўйишади. “Артист” яраланган бўлса ҳам, меҳнат қилишни давом эттиради. Гастроллар вақтида ҳайвонлар бир неча суткалаб қоронғу, тор ва дим вагонларда туришга мажбур бўлади, айтгандек, улардан аксариятининг репетициядан “бўш” бўладиган бутун умри ўша ерда ўтади. Кўчма цирк-шапитолар – азобларнинг чўққиси.

    Ҳайвонлар камроқ “ёзилишлари” учун дим, ҳаво алмаштирилмайдиган трейлерларда ташилади. Шапитода ҳайвонларнинг ветеринария назорати умуман йўқ. Характерли мисол: урғочи ҳайвонларнинг туғруғи баъзан томоша пайтида бошланади. Кўпинча ҳайвонларнинг тирноқлари, тишлари олиб ташланади, уларга психотроп воситалар ичирилади.

    Циркларда ҳайвонлар сурункали стресс ҳолатида бўлишади, бу эса уларнинг стереотипик феъл-атворида намоён бўлади. Улар тоқатсизланади, ўзларини тишлаб ташлайди, катакка уради. Кўплаб мамлакатларда мана шу омиллар инобатга олиниб, цирк томошалари бекор қилинмоқда.

    Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш тушунчасига юридик жиҳатдан янада аниқлик киритилса, бу учун жавобгарлик чораларини кучайтирилса, янги ҳуқуқбузарликлар турлари белгиланса, қаровсиз, бошпанасиз жониворлар, шунингдек, циркдаги ҳайвонлар билан боғлиқ муаммолар ҳал этилиши мумкин.

    Жониворларга инсоний муносабатда бўлмаслик ёш авлод тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Болалигида мушук ўлдирган болакай, улғайганида қотиллик содир этганига мисоллар кўп. Шунинг учун таълим тизимида жонзотларга инсоний муносабатда бўлишга доир фан киритилиши ҳам фойдадан холи эмас.

    Улар яшашга ҳақли

    Халқаро меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам жониворларнинг яшаш ҳуқуқи, инсон ғамхўрлиги ва эркинлик ҳуқуқи кабилар табиий ҳуқуқлари сифатида белгиланган. Табиат томонидан берилган бу ҳуқуқларни инкор этиш биохилма-хилликни йўқотиш, экотизимга зарар етказиш, умуман жамиятнинг маънавий қиёфасидаги бузилишларга олиб келади.

    - Республикамизда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш билан боғлиқ 10 дан ортиқ қонун ва 100 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилган, - дейди Тошкент давлат юридик университет ўқитувчиси Олим Нарзуллаев. - Фуқаролардан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш юзасидан келиб тушаётган аризалар сони йил сайин кўпаяётани мана шу масалани ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамлашни тақозо этаётган эди. “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунда “ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик” тушунчаси берилмаган. Фикримизча, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик – бу безорилик ёки ғараз ниятларда, қийноқ усуллардан фойдаланилган ҳолда ҳайвонот дунёси объектларига зарар етказиш ёки нобуд қилишдир. Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганларга жиноий эмас, маъмурий жавобгарлик қўлланилади, жавобгарларга қарши енгил чоралар кўрилади.

    Ваҳоланки, хорижий ҳуқуқ амалиётида содир этилган ҳаракатнинг оғирлигига қараб маъмурий ва жиноий жавобгарлик – жарима ва қамоқ жазоси белгиланади. Масалан, Буюк Британия, Италия, Ҳиндистон, Японияда жарима миқдорлари катта, қамоқ муддатлари ҳам кичик эмас.

    Қонунчилик такомиллаштирилса, мамлакатимизда ҳам жониворларга шафқатсиз муносабатда бўлганлик ҳолатларида жиноий иш қўзғатилади, ҳайвонот дунёси ҳимояси кучайтирилиб, уларга таҳдид камаяди. Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидаларига риоя қилишнинг назоратини кучайтирилади, қаровсиз ҳайвонларни вақтинча сақлаш учун бошпаналар яратилади, ҳайвонларнинг хавфли ва юқумли касалликларини аниқлаш, бартараф этиш бўйича ветеринария тадбирларини амалга ошириш жараёнлари ҳам такомиллаштирилади. Қолаверса, аҳолида ҳайвонларга нисбатан инсонпарварлик муносабати ва табиат олдидаги масъулият ҳисси кучаяди.

    Зеро, бугун экологик муаммолар исканжасида қолаётган инсоният олдида ягона йўл бор, у ҳам бўлса, табиат билан уйғунлигини ҳис қилиш, уни асрашдир.

    Санобар ЖУМАНОВА

    "Янги Ўзбекистон" мухбири

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates