Журналистика — ҳаётий маслак. Шунга муносиблар етук кадр этиб тайёрланади

    Фикр 24 май 2023 2323

    Бундан роппа-роса беш йил олдин давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, Марказий Осиёда журналистика ва ахборот соҳасида профессионал мутахассислар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларидан бири сифатида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди.

    Ўша кезларда ривожланишнинг мутлақо янги даврига қадам қўйган мамлакатимиздаги ислоҳотларни теран идрок этиб халққа етказадиган, сўз ва фикр эркинлигини амалда намоён этадиган журналист кадрларнинг янги авлодига эҳтиёж пайдо бўлганини ҳаммамиз яхши эслаймиз. зеро, оммавий ахборот воситаларининг сони ошгани ва фаолияти кенгайгани сари бундай мутахассисларга талаб ортиши тажрибада кўрилган.

    Президентимизнинг “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида олий таълим муассасамиз олдига ҳал этилиши зарур бўлган бир қанча вазифалар қўйилди. Улардан бири юқори малакали, бир неча хорижий тилларни мукаммал биладиган халқаро журналистларни тайёрлашни назарда тутади. Ҳозир университетимизга ўқишга кираётган йигит-қизларнинг салмоқли қисми иккита хорижий тилни ўрганиб, фаолият юритишга тайёргарлик кўряпти.

    Улар шаклланиб, келгусида жаҳон медиа майдонида миллий манфаатларимизни ҳимоя қиладиган мутахассислар бўлишига ишончим комил.

    Бугунги медиамакон, тезкорлик билан ривожланаётган давр ҳар томонлама профессионал журналист кадрларни етиштириб беришни тақозо қиляпти. Бу борада қисқа муддатда бўлса-да, қатор ишларни бажаришга ҳаракат қилдик. Дастлаб олийгоҳимизда бор-йўғи учта факультет, иккита кафедра мавжуд эди. Ўтган даврда бу рақамлар энига ҳам, бўйига ҳам анча ўсди, кенгайди. Бугунга келиб университетда 4 та факультет, 10 та кафедра, 25 та бўлим фаолият юритяпти.

    Университет ташкил этилган йили 8 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 10 та магистратура мутахассислиги бўйича талабгорлар ўқишга қабул қилинган эди. 2022/2023 ўқув йилида 17 та бакалавриат таълим йўналиши ва 17 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлай бошладик. Дастлабки йиллари, яъни 2018/2019 ўқув йилида университетга 223 йигит-қиз талабаликка қабул қилинган. Жорий ўқув йилида бу кўрсаткич 3355 нафарга етгани олий таълим муассасамизга талаб йилдан-йилга ортиб бораётганидан далолат беради. 2020 йилда магистратура мутахассислиги бўйича 35 йигит-қиз ўқишни тамомлаган бўлса, жорий ўқув йилида бу кўрсаткич 146 нафарни ташкил этиши кутилмоқда.

    Шу ўринда бу контингентга кимлар дарс беряпти, деган савол туғилиши табиий, албатта. Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, асосий штатда 111 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда.

    Улардан 5 нафари фан доктори, 35 нафари фан номзоди (ёки филология фанлари бўйича фалсафа доктори). Шу тариқа олийгоҳнинг умумий илмий салоҳияти 38 фоизни ташкил этмоқда.

    Президентимиз қарорида журналистика соҳаси таълимини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотларни амалга ошириш ва иқтидорли талаба-ё шларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш бўйича ҳам зиммамизга юкланган вазифалар мавжуд. Бу борада ҳам муайян натижаларга эришилди. Жумладан, журналистика соҳасида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ва илмий иш устида изланаётган ёш олимлар изчил қўллаб-қувватланяпти. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий кенгашда диссертациялар ҳимояси ўтказиляпти. Беш йилда 26 талабгорнинг филология фанлари бўйича фалсафа доктори, яна 4 нафарининг филология фанлари доктори илмий даражаси учун ҳимояси ташкил этилди. Шу тариқа олийгоҳимиз журналистика соҳасида таълим бераётган илмий даражали ва илмий унвонли профессор-ўқитувчилар сафи кўпайишига ҳисса қўшяпти. Жорий йилда университетда журналистика ихтисосл иги бўйича илмий даражага талабгор 51 нафар мутахассис таҳсил олмоқда. Докторантурадаги изланувчиларимиздан 3 нафари муддатидан аввал, 6 нафари белгиланган вақтида диссертация ёқлагани ҳам илмий соҳадаги ютуқларимиз дебочасидир.

    Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассисликлари ҳамда олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига танловларда миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга шахслар иштирок этиши тартиби жорий этилди. Бунда филология йўналишлари бўйича камида С1 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат, нофилологик йўналишлар бўйича эса В2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат талаб этилиши назарда тутилган.

    Докторантура босқичига талабгорларнинг қизиқиши юқорилиги ва аксарият номзодларнинг докторантурага мустақил тадқиқотчи сифатида ҳужжат топшираётганини инобатга олиб, 2023/2024 ўқув йили учун мустақил тадқиқотчиликка қабул жараёнига ўзгартиш киритиш таклиф этилмоқда. Унга кўра, илмий ишининг 50 фоизи тайёр бўлган мустақил тадқиқотчиликка номзодларга алоҳида эътибор берилади. Тўғри, бундай вазиятда қабул кўрсаткичи, албатта, пасаяди. Бироқ диссертация ҳимояси кўрсаткичини ошириш имкониятига эга бўламиз.

    Университет очилган кунданоқ профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг машғулотларни ижодий муҳитда ўтказиши учун шароит яратилди. Дарсларни очиқ осмон остида ўтиш учун махсус ўриндиқлар ўрнатилди. Бой китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, замонавий жиҳозлар билан таъминланган Aхборот технологиялари маркази, журналистика тарихи музейи талабалар ихтиёрига берилди. Кейинчалик Туркия ва Германия билан ҳамкорликда телерадиостудия, фотолаборатория, Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда Талабалар пресс-клуби ташкил этилди, коворкинг маркази очилди. Шунингдек, барча қулайликка эга талабалар турар жойи барпо этилди.

    Бундай муҳитни яратишдан мақсад ҳозирги сўз ва фикр эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик даврида миллий медиамиз учун иқтидорли, соҳасини пухта эгаллаган, профессионал кадрларни тайёрлашдир.

    Айни пайтда университетда журналистика таълими дифференциал ёндашув асосида олиб борилади. Бу, ўз навбатида, соҳанинг ички йўналишларига, ихтисосликларга бўлинган ҳолда ўқитишни назарда тутади. Хусусан, босма оммавий ахборот воситалари, телерадио, интернет, халқаро журналистика билан бир қаторда медиа соҳаси ривожига қаратилган мутахассисликлар бўйича ҳам кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Медиамаркетинг, медиаменежмент, медиадизайн шулар жумласидан.

    Журналистикада ихтисослашувни ва янги ихтисосликлар бўйича кадрлар тайёрлаш жараёнини кучайтириш мақсадида 2022/2023 ўқув йилидан санъат журналистикаси, сайёҳлик журналистикаси каби йўналишлар ҳам ўқув жараёнига киритилди.

    Қолаверса, журналистик фаолиятнинг асосий қисмини амалиёт ташкил этгани боис, университетда амалиёт билан назарияни уйғун олиб боришга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда махсус ўқув лабораториялари, ўқув теле ва радиостудияси, ўқув фото лабораторияси ташкил этилган. Шу ўқув лабораториялари ва студияларда талабаларнинг бевосита амалиёт жараёнида қатнашиши, амалиётчи мутахассислардан тўғридан-тўғри дарс олиши учун имконият яратилган. Оммавий ахборот воситалари қошида университетнинг маҳорат мактаблари ташкил этилди. Қолаверса, ҳар бир факультет ўз йўналишидаги таҳририятлар билан биргаликда амалиётни жойида ўташ ҳамда таҳририятдаги амалиётчиларни дарс жараёнига жалб этиш бўйича алоҳида дастурларга, стратегияларга эга. Бу борада ҳар бир факультетнинг таҳририятлар билан тузган шартномалари мавжуд. Жумладан, университетнинг босма ОАВ ва ноширлик иши факультети “Янги Ўзбекистон” газетаси билан ҳамкорликни йўлга қўйган бўлса, интернет журналистикаси факультети Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан шартнома тузган.

    Энг муҳими, журналистика соҳасига қадам қўяётган абитуриентлар қабул жараёнида айнан ижодий имтиҳондан ўтган ҳолда университетга қабул қилинади. Бу, ўз навбатида, ёшлар орасида истеъдодли, соҳага лаёқатли, креатив фикрлайдиган, ўз сўзи ва позициясига эга, журналистикани шунчаки касб эмас, балки ҳаётий маслак сифатида кўрадиган ёшларни саралаб олишга хизмат қилади.

    Шу ўринда университетнинг ташкил этилиши билан боғлиқ ҳолатлар ёдга тушади. Олийгоҳимизнинг асосий бинолари қад ростлаётган палла мамлакатимизга пандемия кириб келган пайтга тўғри келди. Ўшандаги мураккаб вазият, молиявий-иқтисодий тақчилликка қарамай, университет биноларини қуриш жараёни изчил давом этди. Қурилиш бир кун ҳам тўхтатилгани йўқ. Ҳамма жабҳада фаолият буткул тўхтаган пайтда ҳам қурувчиларимиз, мутахассисларимиз гигиена талабларига риоя қилган ҳолда ташкилий ишларни тўхтатмади. Пировардида, ўша кезда университетнинг маъмурий, ўқув бинолари ҳамда ётоқхонаси қурилишини тугатиш имкониятига эга бўлдик.

    Тўғри, жараён осон кечгани йўқ. Бироқ ҳар қандай шароитда ҳам вазиятдан чиқиш йўлини топиш жуда муҳим. Бу борада университетимизга қаратилган эътибор ва яратилган имкониятлар ҳар қадамда катта ёрдам берди. Давлатимиз раҳбарининг қарори туфайли иш жараёнида юқори ташкилотларнинг қўллаб-қувватлови ва қурилиш компанияларининг масъулиятли ёндашувини ҳис этиб турдик. Натижада жуда кичик ҳудудда жойлашган, университетнинг ҳатто бир гектар ҳам чиқмайдиган кампусида экобоғ, ижодий ҳамда талабаларнинг иқтидорини ҳар томонлама намоён этишга қаратилган муҳитни шакллантиришга эришяпмиз. Моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ўқув-услубий ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш, талабаларга зарур замонавий билим беришга хизмат қиладиган техник воситаларни етказиш каби масъулиятли вазифалар бўйича қилаётган ишларимиз бир муддат ҳам тўхтамайди.

    Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларини халқаро эътироф этилган рейтинг ташкилотларининг рўйхатига киритиш бўйича вазифалар белгиланган. Бу масала ҳам диққатимиз марказида.

    Олийгоҳимизда ташкил этилган ишчи гуруҳ фаол изланишда. Бу борада турли рейтинг агентликлари базасида университет профилини яратишга эришдик. Икки йилдан буён рейтингларда фаол иштирок этяпмиз ва маълумотларни мунтазам етказиб боряпмиз. Албатта, рейтинг ташкилотларида, ҳудудий рейтингларда ёки фан доирасидаги рейтингларда позициямизни мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз.

    Бунинг учун бир оз вақт талаб этилади. Чунки ОТМлар рейтингини аниқлашда битирувчилар салмоғи ҳам катта аҳамиятга эга. Биздан эндигина бакалавриат битирувчиларининг иккинчи авлоди чиқяпти. Бироқ сўнгги икки йилда бу соҳадаги фаолиятимиз тўхтагани йўқ. Айнан шу рейтинглардаги тартиб-таомилларни, университет рейтингини оширишга қаратилган мезонларни таҳлил этган ҳолда бу йилдан медиа ва коммуникациялар соҳасига қўшимча равишда гуманитар йўналишларни ҳам очишга қарор қилдик. Келгусида олийгоҳимиз мавқеини янада оширмоқчимиз. Бунинг учун сиёсатшунослик, халқаро муносабатлар, социология, психология каби бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш борасидаги фаолиятимизни кучайтириш талаб этилади.

    Бундан ташқари, халқаро рейтинг агентликларида эътибор қаратиладиган ва муҳим йўналишлардан бири илмий фаолиятдир. Шу маънода, профессор-ўқитувчиларимизнинг халқаро илмий-тадқиқот базаларида илмий ишлари, илмий мақолалари билан иштироки салмоғини ошириш асосий мақсадларимиздан. Бунинг учун университетда ҳам методик, ҳам рағбатлантириш нуқтаи назаридан етарли шароит яратилган. Юқори импакт факторга эга “Web of Science”, “Scopus” каби илмий базаларда чоп этилган мақолалар учун алоҳида устамалар берилади.

    Қисқаси, университетда таълим ва илмни уйғун тарзда халқаро даражада ривожлантиришга эътибор қаратамиз. Чунки рейтинглардан ўрин эгаллаш йўлида университет босиб ўтиши керак бўлган жараёнларга гувоҳ бўлдик. Яъни ОТМ ўз фаолиятига танқидий қарашни ўрганади. Таълим бозоридаги мавқеини аниқлашга ҳаракат қилади. Бошқарувда ҳам, ижрода ҳам таълим бозорининг талабларини инобатга олишга интилади. Айнан шу жараёнларни университетимиз бошдан кечирмоқда.

    Университетнинг олға илдамлаши учун барча шароит мавжуд. Жамоамиздан фақат сидқидилдан фаолият юритиш, бўлғуси кадрларни тайёрлашга таълимдаги сўнгги янгиликларни жорий қилиш, дарсларга масъулиятли ёндашиш, шунингдек, янги таклиф, ғоя ва билимлар билан талабаларга пешвоз чиқиш талаб этилади.

    Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА,

    Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори,

    профессор

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates