Журналистика дастурини ҳаётнинг ўзи тузади

    Фикр 24 март 2023 1751

    Дунёда содир бўлаётган сиёсий танглик, нарх­-навонинг кескин ошиши, газ ва нефть бозоридаги мавҳумлик, босқину қувғин, ер силкинишлари ва бошқа талатўплар матбуот олдига янги вазифалар қўймоқда.

    Бундан роса олтмиш йил аввал туман газетасида чиққан биринчи мақоламни яхши эслайман.

    Юқори синф ўқувчиларига тез-тез иншо, баён ёздирадиган талабчан адабиёт ўқитувчимиз мақоламни ўқиб, “Сендан журналист чиқиши мумкин, аммо бунинг учун жуда кўп китоб ўқишинг керак”, деганди.

    Орадан кўп ўтмай, иккинчи, сўнг учинчи мақолам босилди.

    Кимгадир ёқди, кимгадир ёқмади, аммо менда журналист бўлишга қизиқиш пайдо бўлди. Мактаб кутубхонасидаги ўқилавериб, “ҳил-ҳил” бўлиб кетган китобларни қайта-қайта мутолаа қилдим. Бу касб ҳақида сўраб-суриштирдим, қўшни қишлоқлик бир қиз ТошДУнинг (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетида ўқир экан, ундан кириш имтиҳонларига қандай тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида сўрадим. У ҳам кўп китоб ўқиш, иншо ёзиш, тўғри жумла тузиш зарурлигини айтди.

    Ўнинчи­ўн биринчи синфларда ўқиш билан бирга, газеталарга қишлоқ ҳаётига доир хат­хабарлар йўллаб турдим, мақолани қандай бошлаб, қандай тугатишни, сарлавҳа қўйишни ўргандим.

    Аста-­секин лавҳа, танқидий мақола, очерк ёзишни машқ қила бошладим.

    Туман, вилоят газеталари ходимлари мени қўллаб турди. Икки­-учта танқидий чиқиш қилганимдан кейин улардан “Ҳамма мақолаларингиз бир қишлоқдан бўлиб қоляпти, бошқа жойларга ҳам боринг, илғорлар ҳақида очерк, лавҳа ёзишга ҳаракат қилинг”, деган мазмунда хат олдим.

    Анча уриниб, пахтакор аёл ҳақидаги биринчи очеркимни қоғозга туширдим.

    Очерк: “Ярим кечада Турсуналининг уйқуси қочди. Ёнига ўгирилиб қараса, хотини жойида йўқ. Ташқарига чиқиб, у ёқ­бу ёққа кўз ташлади — йўқ. Ҳайрон бўлиб, отхонанинг эшигини очди — от жойида эмас. “Э, хайрият­э”, деб ўрнига келиб ётди...” Шу очерк мени журналистикага олиб келди. 1964 йили ўн биринчи синфни тугатганимдан сўнг Ўшда махсус педагогика курсини битирдим, ўзим ўқиган мактабда ўқитувчилик қилдим, уч йил Бойқўнғир космодромида ҳарбий хизматда бўлдим. Шу ерда ўша йиллари космос мавзусида қизиқарли мақолалар ёзадиган машҳур журналист Ярослав Голованов билан учрашдим. Хизматдан қайтгач, матбуотда чиққан мақолаларимни альбом ҳолига келтириб, журналистика факультетида ўқиш учун пойтахтга отландим.

    Талабгор кўп бўлди. Тўртта имтиҳондан 18 балл тўплаб, Москва давлат университетига бериладиган иккита йўлланманинг бирини қўлга киритдим, аммо оилавий шароит туфайли Тошкентда ўқийдиган бўлдим. Энг катта орзум вилоят газетасининг мухбири бўлиш, журналист сифатида юрт кезиш эди. Орзум ортиғи билан амалга ошди — дунё кездим, кўп йиллар нуфузли газетага муҳаррир бўлдим, таҳририятда “Маҳорат мактаби” ташкил этдим. Мана йигирма йил бўлдики, ўзим таҳсил олган университетда бўлажак касбдошларимга сабоқ бераман. Бу сабоқлар журналистиканинг назарий асослари билан бирга, менинг ҳаётий кузатувларим, ижодий тажрибамдан иборат. Шу маънода, улар талабалар билан бирга, ўзим учун ҳам ғоят зарур. Негаки, инсон бошқа бир инсонга бир нималарни уқтирар экан, шу уқтирувни ўзи ҳам тинглаши, тегишли хулоса чиқариши керак. Бошқаларни эшитмаган одамни кечирса бўлади, аммо ўзини эшитмайдиган, англамайдиган, танқидий баҳолай олмайдиган одамни тушуниш қийин.

    Журналистика одамни бир умр талаба қилиб қўяди — матбуотда эллик йил ишлайсизми, олтмиш йилми, касбингиз сир­асрорларини тўла англаб етмайсиз. Баъзан бир хато, бир ютуқ, кўз ўнгингизда кечаётган жараён ёки оддий бир инсоннинг тақдири фикр оламингизни алғов­далғов қилиб юборади. “Қирқ бешинчи бекат” китобимда таҳририятга келган, ўқиган одамнинг вужуди аланга оладиган мактублардан мисоллар келтирганман.

    Бу мушоҳадаларни қоғозга туширишимнинг боиси бор, албатта.

    Вақт шитоб билан ўтиб бормоқда.

    Инсон, жамият, табиат, дунёи дун, онг, тафаккур, талаб ва эҳтиёж, орзу­ҳавас тинимсиз ўзгаришда. “Эллик йилда эл янги бўлар”, деган мақолнинг оҳори кетди. Бугун миллий юксалиш йўлида, янги тафаккур, янгича ижтимоий қарашлар, иқтисодий муносабатлар шароитида яшамоқдамиз. Бу шароит кўкдан тушмади, бировдан андаза олганимиз ҳам йўқ, уни ўзимиз — меҳнат, ҳаётий тажриба, ақл­идрок, салоҳият билан яратмоқдамиз. Бир ҳолатда туриб қолган, кечаги кун билан яшаётган соҳанинг ўзи йўқ. Ҳаётнинг бугунги шиддати бунга йўл қўймайди. Умуммиллий интилиш ва ҳаракат бор. Бу ҳаракат бошида мамлакат Президенти турибди.

    Давлатимиз раҳбарининг яқинда Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида “Кўпчилик менга оммавий ахборот воситаларини “ёпишни” таклиф қилмоқда, лекин мен буни ҳеч қачон қилмайман”, деган гаплари ҳам журналистика ҳаёт билан бирга қадам ташлаётганини, юртимизда ОАВ учун барча йўллар очиқ эканлигини кўрсатиб турибди.

    Келинг, шу ўринда кейинги эллик йил ичида биргина Ўзбекистон Миллий университетида юз берган ўзгаришларга назар ташлайлик. Неча минг-­минг талаба илм­-фан, иқтисод ва сиёсат, адабиёт ва маданият, тил ва тафаккур оламига шу ердан йўлланма олди. Бугун босма ва электрон нашрлар, радио ва телевидение, матбуот хизматлари, ташқи сиёсат, дипломатия соҳаларида ишлаётган касбдошларимиз, адабиёт ва санъат дарғалари, шоир ва ёзувчилар, давлат ва жамоат арбоблари орасида журналистика факультетининг собиқ талабалари кўпчиликни ташкил этади. Отахон даргоҳ бағридан қанча­ қанча “фарзанд­-факультетлар” ажралиб чиқиб, мустақил ўқув юртларига айланди. Талабалар сони кейинги уч­ тўрт йил ичида бир неча баробар ошди, ўқув жараёнида амалий натижавийликка эътибор кучайди. Бир вақтлар филология ва журналистика факультетлари битта бинода ёнма­ён жойлашган бўлиб, таниқли устозларнинг хотирага нақшланадиган сабоқ­суҳбатларини биргаликда тинглаш одатимиз бор эди.

    Журналистика факультети пойтахтни хўб айланиб, бормаган жойи қолмай, чарчаб-­ҳориб, яна бош корпус ёнига — матбуотда “Журналистика факультети учун алоҳида бино қурилди”, деб эълон қилинган, телевидениеда намойиш этилган, давлатимиз раҳбарининг матбуотчиларга йўллаган қутлови матнига кирган кошонага қайтди.

    Бир қарашда жиддий муаммо йўқдай, мавжудларини босқичма­-босқич ҳал қилса бўладигандай. Аммо ўзгараётган, янгиланаётган Ўзбекистон олдидаги янги вазифалар боис, журналистика ҳам изланишда муттасил давом этиши керак. Бугун тажрибали устоз ҳам ёш талабадек, малака­-маҳоратини ошириб бориши, педагогик услубига янгиликлар киритиши, устоз­-шогирд муносабатларида ҳалол ва адолатли бўлиши, дунёвий тажрибалардан унумли фойдаланиши зарур.

    Бунинг учун ўқув жараёнини ҳар жиҳатдан пухта ўйланган аниқ мақсадга йўналтириш талаб этилади.

    Бошқа соҳаларда, масалан, аниқ фанларда ўқув йили давомида ўтиладиган мавзулар, ўқиладиган маърузалар, амалий машғулотларни аввалдан режалаштирса бўлади. Журналистикада эса бундай йўл тутиш ўзини оқламайди. Бунинг объектив сабаблари мавжуд. Дунёда содир бўлаётган сиёсий танглик, нарх­-навонинг кескин ошиши, газ ва нефть бозоридаги мавҳумлик, босқину қувғин, ер силкинишлари ва бошқа талатўплар матбуот олдига янги вазифалар қўймоқда. Аниқроғи, журналистика бирор сиёсий куч, тараф ёки бирлашманинг шахсий манфаатларини ифодалаш ўрнига, эркин ва очиқ минбар сифатида ўзининг холис, адолатли кузатувидан келиб чиқадиган мантиқий хулосаларига таяниши ва тезлик билан ҳаракат қилиши лозим.

    Бу — бугунги воқеа-­ҳодиса бугуннинг ўзида шарҳланиши, ахборот, таҳлил, хулоса сифатида истеъмолчига етиб бориши, ёлғон ва рост ахборотлар фарқланиши керак, дегани.

    Журналистика заҳматли, адоқсиз меҳнатни талаб этади. Бу заҳмат бир умр давом этади. Ўқишда, ўрганишда, ижод қаламини чархлашда тўхталиш мумкин эмас. Замонлар ўзгаргани сари матбуот олдида янги­янги вазифалар пайдо бўлади. Газетхон аталмиш ҳар янги авлод воқеа­ҳодисаларнинг рост талқинини, янги дунё, янги жамиятнинг маънавий­ахлоқий қиёфаси, мақсад­ муддаосига доир таъсирчан шарҳларни кутади. Буларсиз наинки газетхонни, ёзганларингга ўзингни ҳам ишонтира олмайсан.

    Нашрнинг ҳар бир сонида ўқувчи учун янги сўз айтиш, газетхон онг­шуурига таъсир кўрсатиш, унинг кўнглида маълум фикр­мушоҳада уйғотиш осон иш эмас. Чунки у ҳам бошқалар каби дунёни кузатиб турибди, шу безовта дунё ичида яшаб, қувончу ташвишларга, буюк ихтирою машъум хатоликларга гувоҳ бўлмоқда. Шўролар замонида газетанинг ҳар айтган сўзи, ҳар билдирган фикри, хоҳ тўғри, хоҳ ёлғон бўлсин, ҳақиқатга менгзаларди.

    Газетада чиқдими, бас, бошқача фикрга ўрин қолмасди. Бугунги матбуот одамлар тақдирини ўзи хоҳлаганча ҳал қилиш функциясидан халос бўлди.

    Энди у жамоатчиликнинг эмин­-эркин минбари. Бу минбарда баҳсли, мунозарали фикрлар, танқидий таҳлиллар, нотабиий туюладиган таклиф ва ташаббуслар ҳам бўлиши керак. Холис танқид — жазо қуроли эмас, энди у сизга, менга — ҳаммамизга маънавий ёрдам қўлини чўзади, нуқсонларимизни беминнат кўрсатиб беради. Камчилиги эса...

    Ҳеч бир нашр, ўта жасоратли бўлганда ҳам, маблағ, маош, қоғоз, транспорт ва бошқа зарур воситалар билан таъминлайдиган муассисга қарши сўз айтмайди. Сиёсий нашрлар рақиб партиялар фаолиятини бемалол танқид қилади, аммо ўзлари хусусида нордон гап қилиш ички тартиботни бузади. Бу принцип сақланиб қолар экан, матбуотнинг мустақиллигига, холис фикр ривожига жиддий путур етади. Бунинг давоси — иқтисодий жиҳатдан қарам бўлмаган, ўртада холис тура оладиган, ҳаммага бир “кўз” билан қарашга қодир нашрларни кўпайтириш.

    А.Камюнинг “Эркин матбуот яхши ҳам, ёмон ҳам бўлиши мумкин. Эрксиз матбуот эса ҳамиша ёмон бўлади”, деган фикри кўпчиликка таниш. Ж.Петан эса бундай дейди: “Ёруғ келажак ҳақида сиёсатчилар сўз юритади, ёруғ ўтмиш ҳақида тарихчилар ёзади. Бугунни ёруғ қилиш — журналистларнинг иши”.

    Станислав Лецнинг хулосаси янада эътиборли: “Газета муассисга тегишли, сўз эркинлиги эса халққа тегишлидир”.

    Шу фикрларни умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, матбуот жамият таркибига кирувчи демократик институтлардан бири экан, жамият қандай бўлса, унинг матбуоти ҳам шундай бўлади, яъни жамият олдида турган вазифалар унинг матбуоти учун ҳам муҳим, бирламчи вазифа ҳисобланади.

    Россия, Украина, Грузия ёки Яқин Шарқ давлатлари матбуоти мазмунан бир­ биридан кескин фарқ қилади, негаки, улар мансуб бўлган давлатлар олдида воқеа­ҳодисаларнинг турлича талқинларидан келиб чиқадиган вазифа туради ва бунда ҳар ким ўзини ҳақ деб ҳисоблайди.

    Матбуот тарихидан яхши маълумки, журналистлар касб этикаси ва ижодкорлик бурчидан келиб чиқиб, зиммаларига ўта оғир вазифаларни олади.

    Ношуд масъуллар, беғам раҳбарлар эътиборидан четда қолган муаммолар тугунини ечишга, яширилган, сохталаштирилган ҳақиқатларни очишга, адолат тикланишига хизмат қиладиган мақолалар ёзади. Дунё давлатларида, жумладан, Ўзбекистонда журналистларнинг журъатли чиқишлари билан янги қонун, қарор ва фармойишлар қабул қилингани, эл­юрт, яхши қўшничилик манфаатларига зид чекловлар бекор бўлгани, кўплаб муаммоларнинг ечими топилгани ва бу жараён бугун ҳам давом этаётгани кўпчиликка яхши маълум. Шундай экан, Миллий университет олдида Янги Ўзбекистоннинг янги журналист кадрларини тайёрлаш билан боғлиқ ғоят масъулиятли вазифа турганлигини сезмаслик мумкин эмас.

    Журналистика факультетига қўлида қалами бор, ижодкорликка мойил, матбуотда хабар ёки мақолалари эълон қилинган, ёш мухбирлар танловларида қатнашиб, касб ҳақида маълум тасаввурга эга ёшлар келса, уларга бадиий ифода, таҳлил ва тарғиб маҳоратини ўргатиш осон кечади. Бунинг акси бўлса, камида бир йиллик вақт журналистикага хос дастлабки тасаввурий сабоқлар билан ўтади.

    Дунёнинг нуфузли олий ўқув юртларида талабалар журналистиканинг қонун­қоидаларига эмас, асосан, мантиқий фикрлаш, баҳс юритиш маҳорати, таҳлил, шарҳ маданиятига ўргатилади. Бундан англашиладиган хулоса шуки, биз ҳар янги ўқув йилида факультетга кимлар, иқтидори қай даражадаги йигит­қизлар келишини кутиб ўтирмай, туман ва вилоятларда касбга йўналтиришга доир ташкилий ишларни ҳам олиб боришимиз, футбол академиялари каби ижодкорликка мойил ёшларни аввалдан аниқлашимиз, уларга тўғри йўлланма беришимиз зарур.

    Абитуриентларни ижодий суҳбатдан ўтказишда туман, шаҳар, вилоят газеталари, марказий нашрлар таҳририятлари, бошқа даҳлдор ташкилотлар томонидан берилган тавсифномаларга эътибор бериш фойдадан холи бўлмайди. Уларда абитуриент журналистика факультетига ўқишга кирса, амалиётни таҳририятда ўташи, кейинчалик уни иш билан таъминлаш тасдиқланса, янада яхши. Шундай қилинса, факультетга тасодифан кириб қоладиганлар сони анча камаяди.

    Кимдир “Тўрт йилда ёзишга ўргатиш мумкин эмасми?” дейиши мумкин. Ўргатса бўлади, зиғирча қизиқиши бор, газетани журналдан, ахборотни мақоладан фарқлай оладиганларни ўргата оламиз, аммо журналистикага шунчаки қизиқадиган ёшларда ижодий малака ҳосил қилиш қийин.

    Иккинчи вазифа — биз журналистиканинг қайси йўналиши учун кадр тайёрлашимизни аниқ тасаввур қилишимиз, ўқув жараёнини, фанлар кетма­кетлигини шунга мослаштиришимиз керак. Бу хусусда кўп гапирилади, режалар қилинади, аммо натижа кўнгилдагидай эмас. Тажриба сифатида бир ўқув йилида парламент журналистикасига, бошқа йилда матбуот (ахборот) хизматларига, радио­телевидение, ноширлик (таҳрир), маданият ва спорт йўналишларига буюртмага қараб урғу берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

    Негаки, эндиликда ижтимоий буюртмасиз ишлашнинг келажаги йўқ.

    Учинчи вазифа — республика миқ­ ёсида ўтказиладиган ижодий танловларда совринли ўринларни эгаллаган, радиода эшиттириш, телевидениеда кўрсатув олиб бораётган, матбуотда мақолалари тез­тез эълон қилинадиган талабаларга маълум имтиёз, масалан, баъзи фанларни мустақил ўрганиш, танлаш ҳуқуқини бериш пайти келди.

    Учинчи ва тўртинчи босқичларнинг ўқув режасида танлов фанлари устуворлик қилиши керак. Ўқишни битиргач, телевидениеда ишлаши маълум бўлган (ҳозирнинг ўзида ишлаётган) талабага газета ёки журнал иқтисодиётини, маънавий­маърифий журналистика йўналишини танлаганларга менежмент ёки газета типологиясини чуқур ўргатиш шарт эмас. Журналистика факультети талабалари учун тузиладиган ўқув дастурларида ижтимоий­бадиий ижодкорлик билан бевосита боғлиқ фанлар кўп бўлиши шарт.

    Бир аудиторияда олтмишдан ортиқ талабага дарс ўтиш оғир. Энг тажрибали ўқитувчи ҳам 90 дақиқа давомида шунча талабанинг диққатини бир жойда ушлаб туролмайди. Бир неча йил давомида уларни иккига бўлиб ўқитишга тўғри келди. Бунда... ҳозиргина маълум мавзу хусусида дарс ўтиб, аудиториядан чиққан ўқитувчи қисқа танаффусдан кейин бошқа аудиторияга кириб, айни шу дарсни, шу мавзуни қайта ўқишига тўғри келади. Бу муаммони талабаларни маълум йўналишлар асосида гуруҳларга бўлиб ўқитиш орқали ҳал этиш мумкин.

    Мақола якунида яна бир жиҳатга тўхталиб ўтмоқчиман. Фикримча, университет факультетлари фаолиятини назорат қилувчи масъуллар ишини қайта кўриб чиқиш керак. Текшириш, назорат қилиш зарур, албатта. Таассуфки, комиссиялар, асосан, қоғозга, ёзма протоколларга қизиқади. Дарс сифати, мавзунинг долзарблиги, ўқитувчининг педагогик маҳорати, ишонтириш санъати, бу хусусда талабаларнинг фикри қандайлигига камдан­кам ҳоллардагина эътибор берилади. Мавзуни берилиб тушунтираётганингизда эшик шаҳд билан очилиб, аудиторияга комиссия аъзолари кириб келса ва талабаларни санай бошласа... дарс шу билан тугайди.

    Журналистика шундайки, ҳаётнинг ўзи ҳеч бир дастурда, ишчи режада кўзда тутилмаган мавзуларни шаҳд билан ўртага қўяди: мамлакат ҳаётида муҳим воқеа юз беради, давлатимиз раҳбарининг Фармони ёки қарори эълон қилинади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари дунё миқёсида эътироф этилади. Бу воқеалар моҳиятини шу куннинг ўзида очиб бериш, эрталаб чоп этилган марказий газеталардаги йирик таҳлилий мақолаларни шарҳлаш, ютуқ­камчиликларини аниқлаш ўқитувчининг бирламчи муҳим вазифаси. Журналистика факультетида ҳар ўқув куни айни шундай бошланиши керак.

    Хулоса ўрнида шуни айтиш зарурки, журналистиканинг талаб ва қоидалари қотиб қолган догма эмас — доимий ҳаракатда, муттасил янгиланадиган ижодий жараён. Шундай экан, бу жараёнга ҳамма ижодий кўз билан ёндашиши зарур.

    Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,

    ЎзМУ доценти

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates