Кадастр агентлиги: 18 мингдан ортиқ кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи эътироф этилди — хатлов ишлари давом этмоқда

    Бундан бир йил муқаддам “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, айни ноябрь ойида кучга кирган эди.

    Шу кунларда Қонун кучга кирганига бир йил тўлди ва ўтган давр мобайнида хатлов ишлари олиб борилиб, фуқароларга эгалик ҳуқуқлари эътироф этилмоқда. Маълумотларга кўра, хатлов жараёнларига 4,5 минг нафар кадастр муҳандислари жалб қилинган бўлиб, улар режа-график асосида совуқни совуқ, иссиқни иссиқ демасдан жараёнларни доимий олиб бормоқда.

    Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси томонидан журналистлар учун ташкил этилган пресс-тур давомида ана шунга бевосита гувоҳ бўлдик.

    — Ҳозирда 4 335 та маҳалла чегараларига аниқлик киритилган бўлиб, 2026 йилда режага кўра 9 452 та маҳалла чегарасини белгилаш тўлиқ якунланади, — дейди Давлат кадастрлари палатаси раиси Мохир Валиев. — Бугунги кунга қадар 845 096 та объект хатловдан ўтказилиб, қонун доирасида ўрганилиши лозим бўлган 254 865 та объект ваколатли ташкилотларга кўриб чиқиш учун киритилди. Шундан 18 682 та объектга халқ депутатлари Кенгашларининг қарорлари билан ҳуқуқлар эътироф этилди.

    Хатлов жараёнлари беш босқичда амалга оширилмоқда. Биринчи босқич маҳаллалар чегарасини аниқлашдан иборат. Бугунга қадар 2 874 маҳалла чегараланиб, “UZKAD” тизимига киритилди. Иккинчи босқич кўчмас мулкларни хатловдан ўтказиш жараёни бўлиб, ҳар бир объект бўйича йиғма жилдлар тузилиб, ишлар “Xatlov” ахборот тизимида юритилмоқда. Учинчи — “UZKAD” тизимига миграция босқичида эса объектлар “Xatlov”дан “UZKAD” тизимига ўтказилади. Тўртинчи босқичда объектлар “UZKAD” тизимида фаоллаштирилади. Сўнгги — бешинчи босқичда ижобий хулоса берилган объектларга эгалик ҳуқуқи эътироф этилади.

    Журналистлар хатлов жараёни билан танишар экан, фуқаролар Кадастр муҳандисларини мамнуният билан кутиб олаётгани, уй ҳужжатларини олиб чиқиб, ҳужжатсиз қисмига эгалик ҳуқуқини олиб беришни узоқ йиллардан буён кутаётганларини айтишди.

    — 20 йилдан бери шу хонадонда истиқомат қиламан. Ўн бир сотих еримиз бор, аммо шундан бир сотихининг кадастр ҳужжати йўқ, — маҳалла фуқароси деди Зубайда Исмоилова. — Уй турмуш ўртоғимнинг номларида. Шу бир сотих ернинг ҳужжати йўқлиги ҳам бизга муаммо туғдириб келарди. Ҳужжат ишларида доим шу масала ўртага чиқарди. Ҳужжатни қилиш учун бормаган жойимиз қолмади, лекин имкони бўлмади. Шу боис, кадастрчиларни кўриб хурсанд бўлиб кетдик. Мана шу бир сотих еримизнинг ҳам кадастр ҳужжатини олсак жуда яхши бўларди.

    Айни пайтда ўзбошимча қурилган уй-жойларга ҳуқуқларни эътироф этиш ишлари рақамлаштирилган. “Xatlov” ва “E’tirof” тизимлари 23 та давлат ташкилотига интеграция қилинган. Маълумотларга кўра, 2025 йил 4 ноябрь ҳолатига кўра, ҳуқуқлари эътироф этилган 18 682 нафардан ошиқ кўчмас мулк эгаларининг 1 478 нафаригина мулкларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ариза топширган.

    Пресс-тур давомида масъуллар билан ўтказилган матбуот анжуманида шу каби маълумотлар берилди. Қувонарлиси, анжуман доирасида Тошкент вилоятида истиқомат қиладиган 4 нафар фуқаронинг кўчмас мулк объектига эгалик ҳуқуқи расман, тантанали тарзда топширилди. Уларнинг орасида қирқ ёшига қадар ўз уйида бегонадек, яъни кадастр ҳужжатисиз яшаб келаётганлари ҳам бор.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates