Камбағалликка қарши курашиш – глобал вазифа

    БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси, унда билдирилаётган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва ташаббуслар бутун дунё халқлари ҳамда давлатлари учун тарихий аҳамиятга эга бўлади.

    Сессия бошланишида БМТ Бош котиби, жаноб Антониу Гутерриш геостратегик муносабатлардаги таранглик, иқлимнинг кескин ўзгариши, халқаро майдондаги ишончсизлик муҳити, рақамли технологияларнинг мавҳум жиҳатлари билан боғлиқ муаммоларга яна бир муаммо – коронавирус пандемияси қўшилиши оқибатида дунёдаги вазият борган сари оғирлашиб кетаётганини, хусусан, тенгсизлик ва камбағаллик хавфи кўпайганини алоҳида таъкидлади.

    Пандемия келтириб чиқарган ўта мураккаб ҳолат нафақат инсоният соғлиғига, давлатлар, соҳа ва тармоқлар ўртасидаги улкан алоқаларга, ҳатто одамлар орасидаги муносабатларга, айтиш мумкинки, инсоният руҳиятига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Дунё тарихида аввал ҳеч қачон кузатилмаган бундай шароитда янги ғоя, янги ташаббусларнинг аҳамияти беқиёс.

    Шундай синовли даврда ўтаётган БМТ сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жаҳондаги энг юксак минбардан туриб халқаро миқёсда долзарб бўлиб турган муаммоларга ечим бўладиган аниқ таклиф-ташаббусларни илгари сургани ҳар бир юртдошимизни ғурурлантиради, албатта.

    Хусусан, давлатимиз раҳбари БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этди. Бу ташаббус қанчалик аҳамиятли эканини, ўйлайманки, жаҳон жамоатчилиги ўз турмуши, пандемия давридаги қийинчиликлар мисолида ҳис этиб кўрди. Ўзбекистон раҳбарининг бу таклифи халқаро жамоатчилик томонидан фаол қўллаб-қувватланди, деб ишонаман.

    Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда пандемия давридаги муаммоларни тизим асосида енгиш бўйича асосий ташкилотчилик ва масъулиятни зиммасига олган ҳолда, бу борада намуна кўрсатмоқда, дейишга асослар етарли.

    Энди ортга қараб ўйлаб кўрайлик, халқимиз, янги ислоҳотларни ишонч билан бошлаётган давлатимиз бу йил оғир синовларга дуч келди. Ресурс ва имкониятлар чекланган, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни қисқа фурсатда ҳал қилишга тўғри келаётган чигал вазиятда Президентимизнинг давлат идоралари ва жамоатчиликни ягона мақсад йўлида бирлаштириш, энг аввало эҳтиёжмандларга ёрдам кўрсатишга ундаш бўйича бетакрор етакчилик қобилияти намоён бўлди. У киши ҳақиқий етакчи сифатида бутун масъулиятни зиммасига олиб, ноёб иродаси билан юртимизда ижтимоий барқарорликни асраб қолишга, уни янада мустаҳкамлашга эришиб келмоқда. Бирдамлик ва ўзаро ғамхўрлик ҳисси устувор жамиятдагина ҳар қандай муаммоларга ечим топилади.

    Пандемия узоққа чўзилиши, карантин чекловлари билан боғлиқ вазият қандай тус олиши аниқ бўлмаган қийин даврда аҳолининг кам даромадли, эҳтиёжманд қатлами энг кўп азият чекмоқда. Мамлакатимизда коронавирусга қарши кураш, пандемия оқибатларини юмшатиш мақсадида қабул қилинган ҳар бир қарор ва фармонларда ана шу қатламга, БМТ Бош котиби алоҳида таъкидлаган масалага биринчи даражали эътибор қаратилмоқда.

    Масалан, Президентимизнинг жорий 30 июлда қабул қилинган фармонига мувофиқ, бюджетдан қўшимча 2 триллион сўм ажратилиб, ушбу маблағлар 1 миллион 700 минг ёрдамга муҳтож аҳоли, 3 миллион 700 минг пенсионер ва йил якунига қадар қўшимча 500 минг ижтимоий нафақа олувчиларга йўналтирилиши белгиланди. Давлатимиз раҳбарининг яна бир қарори билан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” жорий этилмоқда. Ижтимоий нафақа олувчилар сони икки баробар кўпайиб, жорий йил охирига қадар 1 миллион 200 минг, 2021 йилда эса 1 миллион 500 минггача етказилиши белгиланган. Ижтимоий ёрдам бир хил мезон ва бир хил ҳужжат асосида берилиши кўзда тутилган. Келаси йил 1 январдан бошлаб, кам таъминланган оила мақомини олиш учун ҳозиргидек 12 та идорадан 30 дан зиёд маълумотлар талаб этилмайди, 30 турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматларни осон тақдим этиш чоралари кўрилади.

    Мамлакатимиз тарихида биринчи марта камбағалликни қисқартириш бўйича алоҳида вазирлик тузилиб, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, турли шаклда субсидиялар бериш, янги иш ўринлари яратилишини қўллаб-қувватлаш, жамиятда юзага келиши мумкин бўлган тенгсизликнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилмоқда, бунинг учун давлатнинг улкан ресурси йўналтирилган, парламент, ижро ҳокимияти, вазирликлар, маҳаллий вакиллик идоралари муҳтож оилаларга даромад манбаини яратиш учун ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмоқда. Бу борадаги ишлар давлатимиз раҳбари илгари сурган яна бир ташаббус – қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши кураш БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессияда асосий мавзулардан бири сифатида белгиланиши ҳақидаги таклиф билан ҳамоҳангдир.

    Пандемия қуршовида қолган дунёда энг муҳим масалалардан бўлган инсоннинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича Ўзбекистонда Президентимиз бошчилигида мисли кўрилмаган ислоҳотлар бошланган. Халқ демократик партияси ўз ғояларига мувофиқ равишда мамлакатимизда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, камбағалликка қарши кураш йўлидаги ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватлайди, айни вақтда бу борада белгиланган вазифалар самарали амалга ошиши, таъсирчан парламент ва депутатлик назорати ўрнатилиши учун қатъий курашади.

    Улуғбек Иноятов,

    Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг

    Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates