Капитал бозори: иқтисодий ўсишни рағбатлантиради ва рақобатбардошликни оширади

    Ялпи ички маҳсулотда эркин муомаладаги қимматли қоғозлар умумий ҳажмини камида 5 фоизига етказиш кўзда тутилган.

    Қимматли қоғозлар бозорининг ривожланиши иқтисодиётни узоқ муддатли молиявий ресурсларга эҳтиёжини таъминлаб, унинг юқори ва барқарор ўсишига қаратилган макроиқтисодий сиёсатнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Бу соҳа молиявий ресурсларнинг жамғарувчилар ва инвесторлардан қўшимча маблағларга эҳтиёжи бўлган хусусий сектор вакиллари, банклар, давлат корхоналари ва ҳукуматга бозор механизмлари асосида трансмиссия қилинишига хизмат қилади.

    Бунинг натижасида мазкур ресурслар мамлакат тараққиётида катта салоҳиятга эга бўлган соҳа, тармоқлар ўртасида оқилона ва самарали тақсимланиб, фойдаланилмаётган жамғармалар фойдали инвестицияларга айланади ҳамда иқтисодиётда капитал шаклланади. Бу, ўз навбатида, юқори иқтисодий ўсишни рағбатлантиради ва рақобатбардошликни оширади.

    Капитал бозори ривожланиши учун барқарор макроиқтисодий муҳит, изчил тараққий этаётган молиявий тизим ва мустаҳкам ҳуқуқий асос зарур. Ана шу жиҳатлар Президентимизнинг 2021 йил 13 апрелдаги “Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ўзининг ифодасини топган ва унинг яқин келажакдаги асосий йўналишлари белгилаб берилган. Ҳужжатга кўра, соҳанинг рақобатбардошлигини ошириш асосида унинг капиталлашуви 2023 йил якунига қадар 45 триллион сўмга етказилади, банк томонидан кредитлашга муқобил бўлган самарали молиялаштириш механизми яратилади.

    Ана шу вақт мобайнида республика ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида лойиҳаларнинг қимматли қоғозларини чиқариш орқали молиялаштирилган қисми 5 фоизга етказилади. Бу жараёнда халқаро молия бозорлари билан фаол интеграциялашув, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш ва хорижда муваффақиятли синовдан ўтган илғор ёндашувларни қўллаш ёрдамида барча тоифадаги инвесторлар учун қулай муҳитни вужудга келтиришга алоҳида аҳамият қаратилади, қонунчилик базаси такомиллаштирилади. Замонавий талабларга жавоб берадиган кадрлар билан таъминлаш, истиқболли ёшларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун жозибадор шарт-шароитлар яратилади.

    — Фармон билан 2021—2023 йилларда капитал бозорини ривожлантириш дастури тасдиқланди, — дейди Молия вазирлиги департаменти директори Сарвар Аҳмедов. — Ялпи ички маҳсулотда эркин муомаладаги қимматли қоғозлар умумий ҳажмини камида 5 фоизига етказиш унинг асосий мақсади ҳисобланади. 2023 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий эмитентлар ўз акцияларини дастлаб республика фонд биржасида жойлаштиргандан сўнг андеррайтер тавсиясига кўра, хорижий фонд бозорларига ҳам қўйишлари мумкин. Эндиликда корхоналардаги давлат улуши акцияларини бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) усулида тақсимлаш қимматли қоғозларга бўлган талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда, андеррайтер томонидан аниқланадиган ягона нарх асосида амалга оширилади.

    Шу куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Капитал бозорини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга биноан, бу борада ҳозирга қадар фаолият юритиб келаётган агентлик тугатилиб, унинг барча вазифа ва ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилди. Бундан кўзланган асосий мақсад соҳани ривожлантиришга янгича руҳ бериш, мавжуд институционал салоҳиятдан фойдаланган ҳолда, ислоҳотларни жадаллаштириш ҳамда уларни молия соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар билан уйғунлигини таъминлашдан иборат.

    Халқаро тажрибага кўра, мамлакатдаги молия бозорларининг ривожланиш даражаси мавжуд институционал салоҳиятга қараб ҳукумат ёки мустақил идоралар томонидан тартибга солинади. Ривожланаётган давлатлар орасида Малайзия, Въетнам ва Колумбияда Молия вазирлиги ёки унинг таркибида бўлган давлат идораси, Россия, Грузия ва Венгрияда Марказий банк капитал бозори регулятори бўлса, бу дастакни нисбатан ривожланган Сингапур, Аргентина ва Бразилияда ҳукуматдан мустақил бўлган муассасаси юритади.

    — Дастлабки босқичларда капитал бозорини ривожлантириш учун асосий драйвер бўлиб давлат қимматли қоғозларининг (ДҚҚ) чиқарилиши хизмат қилади, — дейди Сарвар Аҳмедов. — Хусусан, ДҚҚ макроиқтисодий ва фискал рискни бошқариш учун восита бўлиб хизмат қилиши баробарида ташкилот ва корхоналарнинг маҳаллий капитал бозордаги қарзли қимматли қоғозлари учун бенчмарк даромадлилик чизиғини яратади. Инглизча бенчмарк сўзи ўзбек тилига ўгирилганда, эталон, йўналиш марраси, деган маъноларни билдлиради

    Маълумки, ДҚҚ – капитал бозори қатнашчилари учун кредит хатари мавжуд бўлмаган қарз инструментининг турли муддатлардаги нархини аниқлайди ва ҳақиқий маънода, капитал бозори учун бенчмарк вазифасини ўтайди.

    Молия вазирлиги томонидан ДҚҚ бозорини ривожлантириш бўйича Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда АҚШ Ғазначилиги билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2018 йил декабрь ойидан бошлаб миллий валютада давлат қимматли қоғозларини чиқариш амалиёти қайтадан тикланди. Натижада 2019 йилда чиқарилган ДҚҚ ҳажми 1,5 триллион сўмни ташкил қилган бўлса, 2020 йилда мазкур кўрсаткич 3 баробардан зиёдга ортиб, 5 триллион сўмга етди.

    Эркин бозор муносабатларига ўтиш ва иқтисодиётни либераллаштириш шароитида ички молиявий ресурсларнинг чекланганлиги туфайли “инвестицион чанқоқлик”ни ташқи манбалар ҳисобидан молиялаштиришни тақозо этмоқда. Бу эҳтиёж инобатга олинган ҳолда, Молия вазирлиги томонидан 2019 йилда 1 миллиард ва 2020 йилда 750 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги хорижий ҳамда миллий валютадаги илк суверен халқаро облигациялар, шу билан бирга, вазирликнинг бевосита кўмагида “Саноат қурилишбанк”, “Ўзмиллийбанк” ва “Ипотекабанк” ларнинг илк корпоратив халқаро облигациялари халқаро молия бозорларида муваффақиятли жойлаштирилди.

    Мазкур тажрибалар зарур инфратузилма шакллантирилган тақдирда хорижий инвесторларни маҳаллий капитал бозорига жалб қилишга замин яратади. Бу бозорни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг Молия вазирлиги зиммасига юклатилиши соҳани давлат корхоналари ҳамда банк тизими, пенсия, суғурта, солиқ тизимидаги ислоҳотлар билан ҳамоҳанг олиб борилишини таъминлайди.

    Давлат улуши мавжуд корхоналарнинг акцияларини бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) оммавий таклиф усуллари ёрдамида сотиш орқали уларни хусусийлаштириш режалаштирилган бўлиб, ишлаб чиқилган дастурнинг муваффақияти маҳаллий капитал бозорининг ривожланиши билан узвий боғлиқдир.

    Молия вазирлиги капитал бозори инфратузилмасини тараққий эттириш, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни унга кенгроқ жалб қилиш бўйича олиб борилаётган ишларни халқаро молия ташкилотлари, чет эллик инвесторлар, брокерлар, экспертлар ва бошқалар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳам масъул ҳисобланади.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates