Кечки ҳосил хонадонларга барака бўлиб кирмоқда

    633 нафар ишсиз ёшларга 158 гектар ер майдонлари ажратиб берилди.

    Сўнгги йилларда аҳоли бандлигини таъминлаш масаласида ўзгача йўл тутилди. Жойларда Давлатимиз раҳбарининг ишсизлик муаммосини ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлари асосида ерлар ажратилди. Ер билан тиллашишда катта тажриба тўплаган қишлоқ халқига ер майдонларининг бепул фойдаланишга берилиши, “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳасининг амалга оширилиши нафақат бандликни, шу билан бир қаторда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам ўзига хос ўрин тутмоқда.

    Биргина Пискент туманида сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида “Ёшлар дафтари” даги 633 нафар ишсиз ёшларга жами 158 гектар ер майдонлари ажратиб берилди. Жумладан, 53 гектар сабзавот, 42 гектар полиз, 35 гектар дуккакли экинлар ва 28 гектар картошка экиш учун ажратиб берилди.

    Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ер майдонлари нафақат ёшларга, балки иш билан банд бўлмаган, лекин деҳқончилик ҳунарига уқуви бўлган одамларга ҳам берилди. Пискент туманидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган 15 минг нафардан зиёд аҳоли ўртача 40 сотихдан унумдор ердан фойдаландилар. Уларга жами 6 минг гектардан ортиқ майдон тақсимлаб берилди. Улар орасида 55 нафар “Темир дафтар”, 758 нафар “Аёллар дафтари”, 633 нафар “Ёшлар дафтари” га рўйхатга олинган фуқаролар бўлиб, ердан ўз хўжаликларини тиклаб олишда фойдаландилар.

    — Ажратилган майдонларга экин экилишида айниқса махсус дафтарларда турган фуқароларга шудгорлаш ва уруғлик сепишда фермерлар томонидан амалий ёрдам кўрсатилди, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бош мутахассиси Олимжон Озодов. Шу билан бирга, тижорат банклари томонидан уруғлик ва минерал ўғитлар учун 3 миллион сўмдан имтиёзли кредитлар ажратилгани ҳам одамларнинг ўз хўжалигини ташкил қилишида муддао бўлди.

    Туман Деҳқон, фермер ва томорқа ер эгалари кенгаши маълумотига кўра, жорий йилда аҳоли учун ажратилган ернинг 1099 гектар сабзавот, 125 гектар картошка, 89 гектар полиз, 3195 гектар дуккакли, 1162 гектар озуқа экинлари ва 339 гектарига бошқа экинлар экилган.

    Айни вақтда куз, ҳосил йиғиш фасли. Туман далаларида аҳоли кечки экинларни йиғиб олмоқда. Қиш олди кўтарилган ҳосил хонадонларга барака бўлиб киради.

    Манзура РУСТАМОВА,

    Пискент туман ҳокимлиги матбуот котиби