Хусусан, олий таълим тизими тўлиқ ислоҳ қилинди, янги олий таълим даргоҳлари, шу жумладан, жаҳондаги нуфузли университетларнинг филиаллари очилди, кириш имтиҳонлари жараёнларига ўзгартиш киритилди. Коррупция ва порахўрлик кескин камайди, илмий фаолият билан шуғулланувчи экспертлар, професор-ўқитувчилар, докторантлар ҳамда тадқиқотчилар учун кенг имкониятлар яратилди.
Халқаро эътирофлар олийгоҳ имижини белгилайди
2017 йилгача Жиззах вилоятида атиги иккита олий таълим муассасаси бўлган бўлса, бугун уларнинг сони бештага етди. Вилоятимизда ташкил этилган илк олийгоҳ Жиззах давлат педагогика институти ҳисобланади. 1974 йили Жиззах вилояти ташкил этилгач, шу йили Жиззах давлат педагогика институти вилоятдаги биринчи олийгоҳ сифатида ўз фаолиятини бошлаган. 2021 йил Президентимиз вилоятимиз сайловчилари билан учрашувда Жиззах давлат педагогика институтига университет мақомини беришни таклиф этди. Ушбу таклиф вилоятимиз аҳолиси томонидан мамнуният билан кутиб олинди ва 2022 йили институтга университет мақоми берилди.
Университетнинг асосий вазифаси замонавий билим ва малакага эга етук педагог мутахассисларни тарбиялашдан иборат. Дастлаб ўзбек тили ва адабиёти ҳамда математика факультетидаги 425 талаба, 29 устоз билан ўз фаолиятини бошлаган олийгоҳда бугун 33 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 20 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадр тайёрлаётган 12 та факультет бор. Уларда 19 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда, 800 дан зиёд профессор-ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда.
2024 йили Жиззах давлат педагогика университетида 38 та PhD, 4 ta DSc диссертацияси ҳимоя қилинди. Айни пайтда докторантурада 71 тадқиқотчи таҳсил олмоқда.
Олий таълим муассасалари учун халқаро рейтингларга кириш уларнинг халқаро нуфузи, жозибадорлиги, таълим сифати ҳамда хорижий талаба ва профессор-ўқитувчилар сони ошишига, олий таълим муассасаси фаолиятига халқаро стандартлар тезкорлик билан жорий этилишига туртки берадиган муҳим омил бўлиб, олийгоҳ имижини кўтаришга хизмат қилади. Шу боис, университетимиз халқаро рейтингларда муносиб ўринларни эгаллаш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда.
Натижада халқаро рейтингларда ўрнимиз мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, таълим тизимидаги илмий ишлардаги иқтибосларни белгилайдиган халқаро Gogol School рейтингида республикамиз олий ўқув юртлари орасида университетимиз энг юқори ўринларда қайд этилади. Шунингдек, тўққизта халқаро рейтингга аъзо бўлганмиз.
Натижа талабалар муваффақиятида кўзга ташланмоқда
Университет AҚШнинг Жоржия университети, Буюк Британиянинг Норвич тиллар институти ва Порцмут университети, Франциянинг INSHEA махсус таълим эҳтиёжларига ихтисосланган миллий давлат таълим ва тадқиқот муассасаси, Россиянинг Санкт-Петербург давлат университети, Қозон федерал университети каби дунёдаги етакчи хорижий олий таълим муассасаларидан 60 таси билан алоқаларни йўлга қўйган. Уларнинг тажрибаларини ўрганиб, ҳаётга татбиқ этиш мақсад қилинган.
Ўтган йили ўқув жараёнларига 40 нафар хорижий профессор-ўқитувчи жалб этилди. Шулардан 22 нафари халқаро олий таълим муассасалари рейтингида нуфузли 1000 талик рўйхатига кирган ОТМ профессор-ўқитувчиларидир. 2024 йилда университетда Қирол Сежонг корейс тили маркази очилди. Шунингдек, университет ва AҚШ элчихонаси ўртасидаги ҳамкорлик доирасида касбий ривожланиш тўгараги ташкил этилди.
Университетда иқтидорли талабалар билан ишлаш, устоз-шогирд анъаналари яхши йўлга қўйилган. Натижада талабаларимиз орасидан номдор давлат стипендиялари соҳиблари сафи йилдан йилга ошмоқда.
Ёшларга кўмаклашувчи платформа ишга тушди
2023-2024 ўқув йилида талабаларнинг ўқув фаолиятини ривожлантириш билан бирга, шахсий ва профессионал жиҳатдан етук кадрларга айланиши учун зарур психологик сифатларни шакллантириш ҳамда психологик ҳолатларини доимий равишда назорат қилиш мақсадида psixologiya.jdpu.uz онлайн платформаси ташкил этилган эди. Ушбу платформада ҳар бир талаба психологик тестлар ва сўровномаларда қатнашиш ва натижаларини кузатиб бориш имкониятига эга.
Платформада шахснинг психологик ҳолати, жумладан, характер хусусиятлари, мулоқотчанлик, етакчилик салоҳияти, безовталик даражасини аниқлаш, ички мотивацияни ўрганиш, депрессия ва стресс ҳолатларини баҳолаш каби кўплаб психологик тестлар ва сўровномалар мавжуд. У талабаларнинг психологик ҳолатини эрта босқичда аниқлаш ва уларга зарур психологик ёрдам кўрсатиш имконини яратади, шу билан бирга, психологик хизматларнинг самарали ва тизимли равишда тақдим этилишига катта ҳисса қўшади.
Бундан ташқари, талабаларимиз вақтини мазмунли ўтказадиган, ҳали республикада қиёси бўлмаган янги концепцияни амалга жорий этдик. Концепцияни 7/24 деб номладик. Талабаларимиз 7 кун, 24 соат мобайнида нима билан шуғулланишини биз педагогик жиҳатдан белгилаб бердик. Яъни уларнинг ҳам ўқув жараёнига, ҳам таълим, ҳам ҳордиқ чиқарадиган вақтини тўғри режалаштиришга ҳаракат қилдик. Ушбу концепцияни амалга оширишдаги энг муҳим нуқтани университетимизнинг ахборот ресурс маркази эгаллайди. Концепциямизнинг асосий мазмуни ҳам талабаларимиз китоблар ичида яшашига эришиш ҳисобланади.
Биз, асосан, ўқитувчилар тайёрлаймиз. Уларда бошқаларда китоб ўқишга меҳр уйғотиши учун, аввало, ўзларида шу меҳр шаклланган бўлиши керак. Бунинг учун биринчи навбатда, университет китоб фондини ҳам таълим йўналишлари бўйича, ҳам бадиий адабиётлар йўналишида бойитиш ҳаракатларини бошладик. Бу борада мамлакатимизнинг етакчи нашриётлари билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ахборот ресурс марказимиз 30 минг адабиёт ва 40 мингдан зиёд китобнинг электрон версиялари билан таъминланган. Бундан ташқари, мутолаа заллари, муҳокама ва компьютер хоналари, медиастудиялар, заковат ва киберспорт хонаси, маълумот алмашиш имконини берувчи видеотармоқ, тезкор Wi-Fi тармоғи мавжуд. Бир вақтнинг ўзида 500 га яқин китобхонга хизмат кўрсата олади.
4+2 дастури: олий таълим ва мактаб ҳамкорлиги самара бермоқда
Умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиш сифатини ошириш орқали жамиятда инсон капиталини ривожлантириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш учун пойдевор яратилади. Aна шундай асосни барпо этиш учун унинг меъморлари — бўлажак ўқитувчилар ўз фанини мукаммал билиши, юксак педагогик маҳоратга, янги методикаларни ишлаб чиқиш ва ундан самарали фойдаланиш қобилиятига эга бўлиши зарур. Айни пайтда мактаб ва олий таълим муассасаси ҳамкорлиги ўз самарасини бермоқда.
Жиззах шаҳридаги 30-умумтаълим мактаби университетимизга таянч мактаб қилиб берилган. Олийгоҳ ушбу мактабда таълим-тарбия жараёнини янада такомиллаштириш, сифатини ошириш, ўқувчи ёшларнинг ўз истеъдодини тўлиқ намоён этишига ҳар томонлама кўмаклашмоқда.
Мактабда асосий эътибор битирувчиларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришга кўмаклашиш ва касбга ўргатиш, қуйи синфларда таҳсил олаётган ўқувчиларни қизиқишларига қараб касб-ҳунар, санъат турларига йўналтириш, истеъдодларини юзага чиқаришга қаратилган. Дастлаб мактабда ўқувчиларнинг касбга мойиллигини аниқлаш мақсадида турли тестлар ўтказилди. Ижтимоий соҳа, аниқ ва табиий фанлар, санъат соҳаси, жисмоний соҳалар бўйича ўтказилган тестлар натижалари асосида мактабда турли касбларга йўналтирилган тўгараклар фаолият бошлади. Aйни пайтда 100 дан зиёд ўқувчи пазандалик, сантехника ва тикувчилик тўгаракларига қамраб олинган. 100 га яқин ўқувчи эса хорижий тиллар (инглиз, немис ва француз тиллари) тўгаракларига қатнамоқда.
Мактаб ўқувчиларининг ота-оналари бу ишларимизга хайрихоҳлик билдириб, тадбирларимизда бевосита қатнашиб, мактаблар фаолиятини ривожлантириш, муаммоларни биргаликда ҳал этишга тайёрлигини билдирмоқда. Шу билан бирга, университетга Жиззах шаҳридаги 13 та умумтаълим мактаби бириктирилган. Бу мактаблар ҳар бир факультетга бўлиб берилган.
4+2 дастури асосида энг иқтидорли талабаларимизни мактабларга амалиётларга жалб этганмиз. Биргина 30-умумтаълим мактабида бугунги кунда 100 га яқин иқтидорли талаба амалиёт ўташ билан бирга, ўқувчиларга илм-фан сирларини янада мукаммал эгаллашига кўмакчи бўлмоқда. Бундан ташқари, ушбу дастур асосида 8000 талабаларни вилоятимиздаги мактабларга бириктирганмиз. Яъни улар ҳафтада тўрт кун таълим олиб, икки кун мактабларда амалиёт ўтамоқда.
Бошқа соҳаларда бўлгани каби таълимда ҳам коррупцияга қарши курашмасдан таълим сифатни яхшилаш, юқори натижаларга эришиш қийин масала. Аҳамиятлиси, кейинги йилларда олий таълим тизимида бу борада бутунлай янги тизим шаклланди. Талабалар орасида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга масъул ректор маслаҳатчиси, коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат тизимини бошқариш бўлими, таълим сифатини назорат қилиш бўлими, аудитор, ўғил ва қиз болалар учун алоҳида психолог ва участка нозирлари ишламоқда.
Кенг миқёсда рақамлаштириш жараёни кечмоқда. Аммо асосий масала онгни ўзгартиришга қаратилиши керак. Шу сабабли талабаларимизга коррупциянинг салбий оқибатлари ҳақида кенг тушунча бериб, уларни коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш, ҳалол ва виждонли шахсларнинг ўрнак бўладиган ҳаёт йўллари мисолида эса ҳалоллик ва тўғриликни касб этиб, хотиржам, беташвиш яшашни тарғиб қиляпмиз.
Ҳозирча барча талабани ётоқхона билан таъминлай олмадик
Мамлакатимиздаги деярли барча олий ўқув юртларида бўлгани каби университетимизда ҳам талабалар учун ётоқхона муаммоси мавжуд. Юқорида айтилганидек, олийгоҳда 19 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. Aммо ўқув бинолари умумий қуввати 8128 ўринни ташкил қилади. Олдимизда янги ўқув бинолари ҳамда талабалар турар жойларини қуришдек муҳим вазифалар турибди.
Бу борада дастлабки қадамларни қўйдик. Жорий ўқув йилидан 600 ўринга мўлжалланган янги талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди. У 7 қаватдан иборат. Замонавий лойиҳа асосида қад ростлаган ётоқхонада талабаларнинг овқатланиши учун замонавий ошхона, дарсликлар, бадиий ва илмий, маърифий адабиётлар билан бойитилган маънавият хонаси, “Заковат” хонаси, ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билим ва малакаларини ошириши учун энг замонавий турдаги комьпютерлар билан жиҳозланган хона, кир ювиш ва ювиниш хоналари мавжуд.
Айни пайтда университетдаги барча талабалар турар жойларида 1216 талаба истиқомат қилади. Бундан ташқари, 3366 талаба ижарада яшайди. Тьюторлар томонидан сентябрь-октябрь ойида уларнинг уй манзиллари ўрганилиб, геолокациялари шакллантирилди. Яқин йилларда барча талабаларимизни ётоқхона билан таъминлаш чораларини кўряпмиз.
“Яшил макон”: олимлар “Профессорлар боғи”га кўчат экди
Ўтган йили университетимиз ташкил этилганининг 50 йиллигини кенг нишонладик. “Таълимни ривожлантириш стратегияси: қадриятларга асосланган тараққиёт” мавзусида ўтказилган асосий тадбиримизга халқаро олий таълим муассасалари рейтингида ТОП 500 талик рўйхатга кирган олийгоҳлардан 24 нафар нуфузли олим ташриф буюрди. Шунингдек, ушбу сана муносабати билан “Университет сари одимлар” сарлавҳаси остида китоб жамланмаси нашр этилди. Кенг кўламли таъмирлаш, бунёдкорлик ишлари бажарилди. Жумладан, “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати билан уйғунликда университетимизда “Профессорлар боғи” ташкил этилди. Ушбу майдонда 50 йил давомида университетимизда меҳнат қилиб, унинг ривожига, тараққиётига муносиб ҳисса қўшган олимлар, профессорлар томонидан кўчатлар экилди.
2024 йил баҳор фаслида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида университетнинг сиртқи бўлими жойлашган Бўстон шаҳарчаси ҳудудидан боғ ташкил қилиш учун қўшимча 4,5 гектар ер ажратилди ва 7000 туп мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди. Бу хайрли ишлар ўтган йилнинг куз мавсумида ҳам давом этди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир ойлик ёки бир йиллик тадбир эмас. Эзгу мақсадларга йўғрилган акция доирасида келгуси йилларда ҳам фаол қатнашиб, юртимизни кўкаламзорлаштиришга ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз.
Буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий авлодларга келгуси замон илмларини ўргатишни тавсия қилади, чунки улар биз яшаган даврда эмас, ўзга замонда яшайди. Алломанинг мазкур ҳикмати бугун ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Зеро, шиддат билан ривожланиб бораётган дунё биздан замон билан ҳамнафас бўлишни, фарзандларимизнинг келажак касбларини ўрганиши учун шароит яратишни тақозо этмоқда.
Буни тўғри англаган университетимиз жамоаси ўз олдига фақат ўқитувчи эмас, балки бир неча хорижий тил, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаси бўлган тажрибали мутахассисларни тайёрлаш орқали Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган.
Шавкат ШАРИПОВ,
педагогика фанлари доктори,
профессор
Ҳамкорлик материали