“Кимёни аҳамиятлилик жиҳатидан бемалол IT соҳасига тенглаштириш мумкин!..” 

    Суҳбат 14 июл 2020 7264

    Швейцариядаги кимёгар магистрант ҳамюртимиз билан суҳбат

    «Янги Ўзбекистон» нашри хориждаги ҳамюртларимиз билан интервьюларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Швейцариянинг Женева университети биоорганик кимё йўналиши бўйича магистратура босқичида таҳсил олаётган юртдошимиз Жалолиддин Хушвақтов бўлди.

    М.: Жалолиддин суҳбатимизни нима учун кимё соҳасини танлаганингиз мавзусида бошласак.

    Ж.Х.: Болаликдан ота-онам ўқиш қатори, ҳунар ўрганиш, тажриба тўплаш ва муомала маданиятини эгаллашимизга алоҳида эътибор қаратишган. Шу боисдан, дадамлар кичиклигимиздан ойлик бермасада, турли жойларга иш ўрганишимиз учун шогирдликка берарди. Масалан, ўқувчилик йиллари мактабдан бўш вақтларим бир муддат кафеда, сўнг новвойхонада ишлаганман.

    Кейин адашмасам, мактабда 8 синфни тугатиб, ёзги таътилда соч шампуни ишлаб чиқарадиган корхонада иш ўрганувчи бўлгандим. У ерда Мухтор ака деган кимёгар-технолог ходим бўларди. Унинг вазифаси соч бўёқлари ва гелларини лабораторияда тайёрлаш ҳисобланган. Қолаверса, улар рус, инглиз ва турк тилларини ҳам биларди. Хорижий давлатларга ҳам хизмат сафари билан кўпроқ улар боришига гувоҳ бўлганман. Ўша пайтлар кимёгар-технолог бўлсам, тил ўргансам мен ҳам Мухтор акага ўхшаб дунё кезаман деган ҳавас уйғонган.

    Умуман, ўша пайт корхона лабораториясидаги кимёвий портлаш реакциялари, кимёвий жараёнлар қизиқ туйилган. Шу туфайли бакалавр босқичини Ўзбекистон Миллий университети кимё йўналишида ўқидим. Ҳозир Ислом Каримов фонди гранти ғолиби сифатида Швейцариянинг Женева университети биоорганик кимё йўналиши бўйича магистратура босқичини давом эттиряпман.

    М.: Нима учун айнан Швейцарияда ўқишга қарор қилдингиз?

    Ж.Х.: Бакалаврни ўқиб юрган кезларимдаёқ хорижнинг нуфузли олийгоҳларидан бирида ўқиш ниятим бўлган. Лекин, бошида Швейцария варианти бўлмаганди.

    Ислом Каримов фонди гранти танловида иштирок этиш жараёнида фонд маъмурияти томонидан Швейцария таълим имкониятлари ҳақида тавсия беришган. Ўша вақтда 7 та олийгоҳга ҳужжат топширдим. Улардан биттаси Эрасмус дастури, биттаси Швейцария ва бештаси Германиядаги университетлар эди. Очиғи, Женева университетига қабул қилинишни орзу қилган бўлсам-да, кўп ҳам киришга кўзим етмаган. Чунки, ютуқларим у даражада кўп эмасди.

    Аммо Женевадан ўқишга қабул қилинганлигим тўғрисида хат келганида жуда ҳам хурсанд бўлганман.

    М.: Сизнингча, мутахассислигингизнинг жаҳондаги аҳамияти қай даражада?

    Ж.Х.: Кимё соҳасини яхши билмаган одамларнинг аксарияти фанимизнинг келажагини йўқ, деб ўйлашади. Ҳатто, ўзимга ҳам кимёга доир деярли барча нарса ўрганилган, энди янги кашфиётлар қилиш қийин мазмунида кўп бор гапиришган. Аслида ундай эмас. Кимё фанида ҳали ўрганилмаган нарсалар бисёр. Ўйлашимча, кимёни аҳамиятлилик жиҳатидан бемалол IT соҳасига тенглаштириш мумкин. Масалан буни биргина бугунги кунда дунёдаги глобал муаммолар сирасига кириб улгурган коронавирус мисолида ҳам айтса бўлади. Айнан коронавирусга қарши курашда табиий фанлар вакиллари, хусусан тиббиёт ходимлари биринчи қаторда туриб хизмат қилишмоқда. Шунингдек, вирусга қарши вакцинани яратиш ҳам табиий фанлар соҳаси вакиллари зиммасида.

    Шу нуқтаи назардан, кимё соҳасига эътиборни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ кучайтиришни даврнинг ўзи кўрсатиб турибди.

    М.: Бўш вақтларингизда нималар билан шуғулланасиз?

    Ж.Х.: Бўш вақтларимда албатта янги нарсаларни ўрганишга ҳаракат қиламан. Бу борада онлайн дарслар, хусусан Ютуб платформасидаги фойдали видеолар катта ёрдам бериб келади.

    Икки ой олдин бўш вақтларимдан самарали фойдаланиш мақсадида, Телеграм мессенжерида кимё соҳасига доир блог юрита бошладим. Бунга сабаб мутахассислигимга доир янгиликларни асосан инглиз ва рус тилларида ўқиб келиш бўлди. Ўз навбатида кимёга оид янгиликларнинг ўзбек тилида эълон қилиниши, ўзбекзабон аудиторияга етиб бориши ҳам анча вақт талаб қиларди.

    Блогим орқали эса, мен кимё соҳасига доир янгиликларни ва ўзим учун қизиқ туйилган маълумотларни ўзбек тилида улашиб боряпман.

    М.: Янги Ўзбекистонни қандай тасаввур қиласиз?

    Ж.Х.: Тасаввуримдаги Янги Ўзбекистонда илм-фан соҳаси юксак тараққий топган бўлиши ва янги кашфиётлар маркази сифатида ҳам мамлакатимиз эътироф этилишини хоҳлайман. Умид қиламанки, албатта илм-фан соҳасида катта натижаларга эришамиз.

    Нурилло Тўхтасинов

    суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates