Китоб – ақл чироғи, тафаккур қанотидир

    Йилнинг энг нуфузли лойиҳаларидан бири бўлган ушбу танлов, жорий йил яна ўзининг энг яхши китобхонлари ва билимдонларини кашф этди.

    Пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да бўлиб ўтган “Ёш китобхон” республика танлови, нафақат энг зукко ва билимдон китобхонларни аниқловчи танлов балки, барча юртдошларимиз учун маънавият сарчашмаси, инсонларнинг онг ва тафаккурини бойитувчи, руҳиятига озуқа берувчи, юксак савияда ўтказилган катта байрам тантанаси бўлди. Йилнинг энг нуфузли лойиҳаларидан бири бўлган ушбу танлов, жорий йил яна ўзининг энг яхши китобхонлари ва билимдонларини кашф этди.

    — Она табиатни офтоб иситса, инсон қалбини китоб илитади, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари Дилнозахон Каттаханова. — ­Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчиси ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишдан иборат. Ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” танловига 2017-2020 йиллар давомида 2 миллион 470 минг нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинди. Бугунги кунга қадар танловнинг республика босқичида 164 нафар йигит-қиз иштирок этди ва шундан 8 нафар танлов ғолиблари Президент совғаси — “Спарк” автомашинасини соврин сифатида қабул қилиб олди. Бу йил танловнинг республика босқичи доирасида илк бор нишонланаётган “Китобхонлик ҳафталиги” ҳам ўзига хос руҳда ўтказилди. Ғолибларни рағбатлантириш тартибига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Аввалги йилларда иккинчи ўринни эгаллаган ғолибга компьютер жамланмаси, учинчи ўринга 200 дона китоб совға қилинган бўлса, бу йил мос равишда 30 миллион ва 15 миллион сўм пул мукофотлари билан тақдирланди.

    Дарҳақиқат, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштириш, уларнинг бадиий саводхонлигини янада ошириш ва мутолаа муҳитини шакллантиришда мазкур танловнинг ўрни беқиёс. Шу боис, унда иштирок этувчиларнинг сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. “Ёш китобхон” танлови 10-14, 15-19, 20-30 ёшлар тоифасида тўрт босқичда ташкил этилди. Танловда иштирок этиш учун 300 минг нафарга яқин ёш онлайн ариза топширди.

    Ҳар бир ҳудуддан 3 нафар ёш тоифаси бўйича бир нафардан, жами 42 нафар ғолиб пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да ўтказилган республика финал босқичида 5 та “Бадиий асарлар билимдони”, “Тезкор савол-жавоб”, Шеърият”, “Буюк мутафаккир ва адиб”, “Эркин ­мавзу” шартлари асосида ўзаро беллашди.

    Танловнинг 10-14 ёшлилар орасида биринчи ўринга Муҳаммадфозил ­Исмоилов (Фарғона вилояти), 15-19 ёшлилар орасида Мафтуна Умарова (Тошкент шаҳри), 20-30 ёшлилар орасида эса андижонлик Фотима Маматалиева муносиб деб топилди.

    — “Ёш китобхон” Республика танлови давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан китобхонларни рағбатлантириш, ёшларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини кенгайтириш мақсадида ўтказилаётган танлов бўлиб, тўртинчи маротоба ўтказилди, — дейди филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов. — Мен тўрт йил давомида шунга амин бўлдимки, йилдан-йилга ёш китобхонларнинг савияси, дунёқараши, фикрни ифода этиш тарзи кўп жиҳатдан ижобий тарафга ўзгармоқда. Танловнинг Низоми такомиллашиб бораётганини ҳам алоҳида таъкидлашни истардим. Дейлик, бу йил иштирокчилар 2 та янги шарт бўйича ҳам беллашдилар. Уларнинг жавобларини тинглар эканман, бугунги китобхоннинг маънавий савияси ниҳоятда юксалиб бораётганлигидан мамнун бўлдим. Мазкур танлов келажакда, албатта, ўзининг ижобий натижасини беради. Бинобарин, ўтган йили ғолибликни қўлга киритган икки нафар ёш китобхон қорақалпоғистонлик Шаҳзода Каримбоева ҳамда самрақандлик Моҳинисо Шомуродова бу йил Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан ҳам тақдирланди. Бу, танлов, ёшларга маънавий қувват, рағбат, куч ва энг асосийси, қалб тозалиги ва фикр теранлигини беради.

    Ҳа, китоб қалб чироғи, тафаккур қанотидир. Зеро, китоб — инсоннинг энг яқин дўсти, маслаҳатчиси, фикрлаш қуроли, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни азиз, мўътабар ва муқаддас деб билади.

    Мафтуна УМАРОВА, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2-босқич талабаси, танлов ғолиби:

    — Қалбимдаги қувонч ва чексиз бахтиёрлик ҳиссини ҳозир тил билан ифодалашга ожизман. Фақат бир нарсани баралла айтишим мумкин: китоб ўқиш инсон учун муваффақият ва саодат эшикларини очгувчи омад калитидир. Бугун яна бир бор илм-фан Ватанининг фарзанди эканлигимдан ва бизга ғамхўрлик кўрсатувчи давлатимиз раҳбари борлигидан мамнун бўлдим. Бу танлов барча тенгдошларим қаторида ўзимга бўлган ишончни мустаҳкамлаш баробарида янада кўпроқ китоб мутолаа қилишга, изланишга ундайди. Олган мукофотим ёки ғолиблигим учун эмас, кўпроқ онамнинг юз-кўзларида акс этган шодлик учқунлари, Ўзбекистон деган ҳур ва озод диёрда туғилганим учун шукроналар келтираман. Бу юксак ишончни оқлаш учун янада кўпроқ ҳаракат қиламан...

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates